Уй, ошхона ва хонадаги турли ҳидларни бартараф қилиш усуллари

0

Хонада ёқимли ҳид бўлиши учун кичик нурли электр чироқни  бир-икки томчи атир ёки хушбўй ҳидли одекалон билан артинг.

Зич ёпқичли жом ёки банка идишга нилуфар гули, атиргул ёки бошқа турдаги майин ҳидли гуллар баргини солиб, барглар уст қисмини туз заррачалари билан қопланг,  шу тариқа идишни тўлдиринг. Гул барглари ва туз қопламаси билан тўлган идишга 3-4 ош қошиқ спирт ёки ароқ солинг ва оз муддатга димлаб қўйинг. Бир неча дақиқадан сўнг идиш қопқоғини очсангиз, хонани хушбўй ҳид қоплайди.

Тортма, кичик жавон, кийим жавони, сервант ва китоб жавонларини бир ойда бир маротаба шамоллатиш зарур. Шамоллатиш жараёни тунда амалга оширилса мақсадга мувофиқ, чунки бу уй анжомларидан тунда фойдаланилмайди ва барча оила аъзолари учун ҳам қулай ҳисобланади.

Жомадоннинг қўланса хидини йўқотиш учун жомадон ички қисмини сирка шимдирилган латта билан артиш зарур, нам тортган жомадонни иложи борича офтобда қуритилса, қўланса ҳид йўқолади.

Идиш-товоқ жавони ҳидланиб қолса, кўмир парчалари ёки пиёз тўғрамлари билан ҳиддан фориғ бўлиш мумкин.

Нон жавоннинг доимий ҳидини йўқотиш учун нон қути ички қисмини сирка шимдирилган латта билан артиб туриш ва доимий шамоллатиб туриш даркор.

Агар ошхонада нохуш ҳид пайдо бўлса, товага озгина сирка қуйиб, оловда то у парланмагунча ушлаб турилса ёки қуруқ лимон, апельсин пўстлоғи ёқилса, нохуш ҳид йўқолади.

Ошхона чаноғи ҳидини кетказишда, чаноқни ҳафтада бир маротаба қайнатилиб кальцийланган сода сувида чайиш талаб қилинади (2 ош қошиқ содага 1 л қайнаган сув).

Агар жавонда моғор пайдо бўлса, уни йўқотиш учун камфора пуфакчаларини жавонга қўйиш керак. Пуфакчалар намликни ўзига тортиши билан бирга, жавонни ҳам моғордан ва ёқимсиз ҳиддан тозалайди.

Термосда димланиб биқсиган ҳид бўлмаслиги учун, икки ош қошиқ гуруч термос ичига солинади ва иссиқ сув билан тўлдирилади, қопқоқ ёпилиб бир неча марта чайқатилгандан сўнг, термос иссиқ сувда қайта чайилади. Иккинчи услуб: 1 ош қошиқ сиркага 1 пиёла сув аралаштириб термос чайилса ҳам бадбўй ҳид бартараф бўлади.

Хонадан тамаки ҳидини кетказиш учун, уй деразалари очилишидан ташқари, 2-3 та сочиқни совуқ сувда чайиб, уни хонанинг бир неча жойларига қўйиб чиқилса, тамаки ҳиди бартараф бўлади. Нам сочиқ тамаки хидини тез ўзига тортади.

Қўлдан пиёз ҳидини кетказиш учун қўлга қайнатилган қуруқ туз суртиш ва совунда ювиш керак. Сирка билан ҳам артса, пиёз ҳиди қўлдан бартараф бўлади.

Пичоқ ёки санчқидан пиёз ҳидини кетказиш учун уларни ўсимлик мойи ёки қуруқ туз билан артиш мумкин ёки ўша пичоқ билан сабзи тўғраса ҳам ҳид йўқолади.

Агар қўл саримсоқ пиёз билан ҳидланса, қаҳва қолдиғи билан артилса, саримсоқ ҳиди бартараф бўлади.

Баъзида уй таъмири вақтида қўл керосин ёки мой бўёғи билан ҳидланиб қолади. Қўл ювишдан аввал сувга хантал  қўшилса ҳид йўқолади.

Қайнаб тошиб кетган сут ҳиди газ мосламасини кир қилишдан ташқари бутун хонага тез тарқалади, бунинг олдини олиш учун, сут тошган жойни сирка аралашган ҳўл қоғоз билан ёпиш керак. Қоғоздаги сирка нохуш ҳидни бутунлай ўзига тортиб олади.

Агар кам ишлатадиган чинни чойнагингизда димиққан ҳид пайдо бўлса, чойнакни қуруқ ҳолида артиб, озгина шакар солиб қўйиш керак.

Шиша идиш ичидаги барча ҳидларни йўқотиш учун унга 1 ош қошиқ хантал сепиб иссиқ сув билан яхшилаб чайқатиш керак, ундан сўнг совуқ сув билан яхшилаб чайилса ҳид бартараф бўлади.

Сельд балиғи  ҳидини қўлдан ёки идишдан кетказиш учун сиркали сув билан қўлни артиш, идишни ювиш керак. Бунда ярим ош қошиқ сиркага 1 литр сув кифоя қилади.

Сельд балиғини кесган пичоқ  барча турдаги ёғ билан мойланса балиқ ҳиди йўқолади.

Балиқ таомларига ишлатилган идишларни аввал ивитиб қуритилган қоғоз билан артиб, ундан сўнг совуқ сув билан енгил чайиб, жараён охирида иссиқ сув билан ювилса ҳид йўқолади.

Товадан пиёз ҳидини кетказишда иссиқ товага ҳўл чой баргларини сепиш ёрдам беради.

Аччиқ чой (тим қора чой) товадан балиқ ҳидини тез кетказади.

Балиқларнинг ботқоқ ҳидини кетказиш учун тозаланган ва ювилган балиқни 2-3 дона лавр барглари ёки бир неча қора мурч доналари қоришилган сирка аралашмаси билан бир неча соат ушлаб туриш даркор.

Ошхонада балиқ ҳиди бўлмаслиги учун иссиқ плитага бир бош қанд ёки 1 қошиқ шакар кукунини сепиш керак.

Пишлоқ ёки пиёз сақланган пластмасса идишни ош содаси билан артсангиз, ҳид йўқолади.

Қайнаётган карамнинг кучли ҳидини кетказиш учун карам қайнатилаётган идишга  оқ нон бўлаги ёки бир калла қанд солиш керак. Идишни сиркаланган тоза латта билан артиб, уст қисми қопқоғи ёпиб қўйилса ҳам карам ҳиди йўқолади.

Тузланган бодринг вақт ўтиши билан сассиқ ҳид чиқаради. Агар бодринг турган идишга шакарқамиш бўлаги ташлаб қўйилса, ҳид 2-3 кунда йўқолади.

Интернет маълумотлари асосида

Беҳзод Абдураҳмонов тайёрлади.

Манба: maslahatim.uz

loading...