Йиғламасдан кўриб бўлмайдиган машҳур ҳинд фильмлари

0

Таъсирли фильмлар ишлаш бўйича ҳамма ҳам Болливуд билан тенглаша олмайди. Ҳар битта ҳинд фильми инсон қалбидан чуқур жой олувчи ҳис-туйғуларга тўла. Қуйида томоша қилаётганингизда ҳисларингизни жунбушга келтирадиган машҳур ҳинд фильмлари рўйхатини тақдим этамиз.

«Гоҳи шодлик, гоҳи ғам»

Фильм 2001 йилда суратга олинган. Бадавлат тадбиркор ўз рафиқаси билан Рахул исмли болани асраб олади. Тўққиз йилдан кейин Худо уларнинг ўзларига ҳам фарзанд беради. Унга Роҳан деб исм қўйишади.

Тўнғич ўғил камбағал қизга кўнгил қўяди ва ота-онасидан яширинча унга уйланади. У ушбу қилмиши билан дўстининг қизини келин қилмоқчи бўлган отанинг режасини чиппакка чиқаради. Рахулдан ранжиган отаси уни меросдан маҳрум қилиб, уйдан ҳайдайди. У рафиқаси билан Лондонга кетади. Роҳан отаси ва акаси ўртасидаги зиддиятни бартараф этиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилади…

«Сураткаш»

2019 йилда суратга олинган фильмда ижтимоий табақаланиш муаммоси кўрсатилган. Фильмнинг бош қаҳрамони Рафи исмли сураткаш, у ўз касбини жуда яхши кўради. У диққатга сазовор масканлар фонида суратга тушишни истаган одамларга қарашни ёқтиради.

Кунлардан бир кун бувиси унинг тўйини кўргиси келаётганини айтиб қолади. Йигит эса ҳали уйланмоқчи эмас. Шунда у бувисининг кўнглини хотиржам қилиш мақсадида яқинда танишган қизини қаллиғи сифатида таништиради. Орадан вақт ўтиб, ёшлар ҳақиқатан ҳам бир-бирини севиб қолади. Қизнинг бадавлат оиласи эса уларнинг бирга бўлишига қарши чиқади.

 «Менинг исмим Хон»

2010 йилда суратга олинган фильмда динлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар инсонлар ҳаётини қанчалик қийинлаштириши акс эттирилган.

Ризвон Хон оила қуриб, ишлаш мақсадида Ҳиндистондан Америкага кетади. У бир муддат акаси ва келинойиси билан бирга яшайди. Ризвон Аспергер синдромидан азият чекади, атрофдаги одамлар буни хавотир билан қабул қилади. Бироқ ушбу касаллик Ризвонга муҳаббатини топишига тўсқинлик қила олмайди. У Мандира исмли қизга уйланади.

2001 йилдаги терактдан сўнг Америкада мусулмонларга бўлган муносабат кескин ўзгаради. Бу мураккаб даврда Мандиранинг фарзанди вафот этади. Шунда у Ризвондан АҚШ президенти билан учрашиб, унга фамилияси Хон эканлиги, бироқ террорчи эмаслигини айтишини сўрайди.

«Ўткинчи дунё»

2003 йилда ишланган фильм ҳаёт ташвишлари қалбида муҳаббатга ўрин қолдирмаган ғамгин қизнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Нейна отасининг ўлимидан кейин оиласининг барча аъзоларига ғамхўрлик қила бошлайди.

Бир куни унинг ҳаётига Аман исмли қувноқ ва ақлли йигит кириб келади. У Нейнани севиб қолади, қиз эса уни ўзига яқинлаштиришга қўрқади. Шунда Аман қизнинг қалбини забт этиш учун унинг дўсти Роҳитдан ёрдам сўрайди…

daryo.uz

loading...