Биринчи ўзбек врач аёли Германияда ўқиган эди

0

1922 йилнинг кузида Туркистон Республикаси «Кўмак» жамияти томонидан Германияга таҳсил олиш учун юборилган 16 нафар талаба орасида Хайриниса Мажидхонова ҳам бор эди. Ўша даврнинг илғор фикрли ёшлари қаторида Европага билим олиш учун йўл олган бу қиз ким эди ва у ҳақда нималарни биламиз?

Хайриниса Мажидхонова 1905 йил 25 декабрда Тошкент шаҳрида зиёли оилада дунёга келди. Отаси маърифатпарвар инсон бўлган Мажидхон Жалилов Россиянинг Москва, Санкт-Петербург каби қатор шаҳарларига сафар қилган, жадидчилик ғоялари билан яхши таниш эди. Шу боис у оила аъзоларининг, хусусан, қизларининг европача таълим олишига шароит яратди. Мирободдаги янги мактабда таҳсил олган Хайриниса замонавий билимларни пухта эгаллади, рус ва немис тилларини ўрганди.

Тараққиёт ва истиқбол қайғуси

— Эътиборли томони, ўсмир қиз ўша пайтдаги жадид матбуотини кузатиб борарди, — дейди тарихчи Баҳром Ирзаев. — Айни шу нарса унинг дунёқараши шаклланишига таъсир кўрсатди. Хайринисани кенг фикрлашга ўргатишда биринчи ўзбек хотин-қизлар билим юртида ўқиётган опаси Ойпошшахон ҳам катта ёрдам берди.

1922 йили Хайриниса Мажидхонованинг «Туркистон» газетасида чоп этилган мақоласи шундай дейишимизга асос беради. Мақолада эндигина 17 ёшни қаршилаган қизнинг Ватан истиқболи ҳақидаги орзу-истаклари ўрин олди. Орадан қарийб юз йил ўтганига қарамай, мақолада илгари сурилган фикрлар тараққиёт учун долзарб аҳамиятга эга эга экани эътиборимизни тортади.

«Туркистоннинг дунё савдо майдонида тутқон вазияти XVII асрдан бери тубан даражада қолиб келди. Бу аср умуман мусулмон мамлакатларининг таназзул даври бўлиб, таназзулнинг ҳам кўп сабаби карвон йўлларининг аҳамияти кетиб, ғарблилар тарафидан денгиз йўлларининг юксалтирилиши эди. XIX асрда ҳам Туркистон Ғарбий Овруподан узоқ бўлғонлиғи учун, тараққиёт томонидан бошқа мусулмон мамлакатларидан ҳам тубан даражада турди… Фақат Руссиядан темир йўл келиб, савдо майдони кенгайди… Бундан очиқ англашиладирки, бизнинг мозийимизни порлоқ қилғон — элимиздан ўтган карвон йўли бўлса, истиқболимизни порлоқ қилғучи, элимизни жаҳон савдо майдониға тутошдирғувчи улуғ темир йўлдир. Улар бизнинг савдомизни кенгайтур, бизга бойлиқ ва ободлиқ берур ва ўзимизга катта саноат турғазишга имкон очар», — деб ёзганди муаллиф.

Ёш Хайриниса мақолада ўз ватани келажаги ҳақида куюнчаклик билан фикр билдиради: «Туркистон иқлимининг қизғинлиғи ва ерининг мунбит (ҳосилдор)лиги уни доим қийматлик ҳосилот берувчи зироат мамлакати равишида қолдирғусидир. Иккинчи томондан Туркистон тоғларининг маъданга бойлиғи бунда тоғ саноатининг юксалишига сабаб бўлғусидир. Бу икки асос — ҳаётни таъмин қилиш йўлларининг юксалиши натижасида (пахта заводлари, ипак фабриклари, маъдан заводлари, шекилли) катта саноатнинг бошқа хиллари ҳам юксалгусидирлар. Туркистоннинг табиий бойлиқларини ишлата олғали, катта саноатни турғизгали ва натижада янги темир йўллар ўтказгали кучи етсун ҳозирги хўжаликдан ортиб қолиб тўпланғон бойлиқнинг бўлиши керак. Ҳозирги зироатнинг маҳсулотини ортдириш учун бирдан-бир чора бўлса зироатда ҳар хил янги ишлаб чиқориш усуллари, янги қуроллар ва машиналарни қўлланишидир». Ўша даврларда бу тарзда илғор фикрлайдиган хотин-қизларни камдан-кам учратиш мумкин эди. Шу маънода немислар юртига ўқишга юборилувчи ёшлардан бири сифатида Хайриниса Мажидхонованинг танлангани ҳам бежиз эмасди.

Хорижда таҳсил

Талабалар сафида ўзбек қизларидан тошкентлик Хайриниса Мажидхонова, Саида Шераҳмадбоева ва хоразмлик Марям Султонмуродованинг хорижга йўл олиши улкан жасорат эди. Негаки, у пайтлар қизларнинг оддий мактабга қатнашининг ўзи жиддий қаршиликка сабаб бўларди.

Хайриниса Мажидхонова 1923-24 йилларда Берлинда «Хорижликлар учун немис тилини ўрганиш» мактабида ўқиб, ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатнома олди. 1924-26 йилларда Дармштадтдаги (Darmstadt) ўқитувчилар семинариясида немис тили ва адабиёти йўналишида ўқиди. 1926-28 йилларда амалиётни Берлин шаҳридаги ўқув муассасаларида ўтаб, ўрта махсус маълумот олгани тўғрисидаги дипломни қўлга киритди. Билимга чанқоқ қиз Берлинда педагогик амалиёт билан бир пайтда машҳур доктор Феккельманнинг тиббиёт ходимларини тайёрловчи хусусий мактабида ҳам таҳсил олди.

Қатағон қиличи

Хайриниса Мажидхонова 1928 йили Ўзбекистонга қайтиб келгач, шифокор бўлиб ишлай бошлади. 1935 йили Тошкент тиббиёт институтини битиргандан сўнг эса ўқитувчилар дам олиш уйида врач-терапевт ҳамда Файзулла Хўжаев номидаги Ўзбек пойабзал трести амбулаториясида шифокор-врач бўлиб ишлади.

Афсуски, олдига буюк мақсадларни қўйган Хайриниса Мажидхонова ёвуз сиёсатнинг қурбонига айланди. Навқирон 32 ёшида шўро қатағонига учради. Бу пайтда у ҳали оила қуриб улгурмаганди.

1937 йилнинг 13 сентябрида «1922-28 йилларда Германияда ўқиган ва 1928 йил СССР ҳудудига жосус сифатида қайтган» деган сохта айблов билан Хайриниса Мажидхонова ҳам қамоққа олинди. Шу куни берилган ордер асосида у яшаётган отасига тегишли Катта Миробод кўчаси 43-уй, 1-хонадонда тинтув ўтказилди. Китоблари, таржималари, хатлари, суратлари, ҳатто шахсий буюмлари олиб кетилди.

Сабаб нима эди? Тергов жараёнида маълум бўлдики, айблов ортида 1927 йилнинг ёзги таътили вақтида дугонаси Марям Султонмуродова билан бирга Парижга қилган саёҳати ва у ерда Мустафо Чўқай ҳамда Бухородан Германияга таҳсил олиш учун юборилган Аҳмад Наимлар билан бўлган тасодифий учрашув турарди.

Хайриниса туҳматлардан иборат айбловларнинг барчасини рад этди, қийноқларга чидади. Бироқ бу унинг ЎзССР Жиноят Кодексининг 57-I (Ватанга хиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 62- (аксилсовет тарғибот), 67- (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбдор деб топилишига тўсқинлик қила олмади.

1938 йилнинг 9 октябрида ўтказилган машъум «Учлик» суди қўйилган айбларнинг ҳеч бири исботланмаганига қарамай, унга ўлим жазосини белгилади. Ҳукм ўша куннинг ўзидаёқ ижро этилди.

Узоқ кечиккан оқлов

Сталин ўлимидан сўнг ноҳақ қатағонга учраганлар оқлана бошлагач, опа-сингиллари Хайринисанинг сўнгги тақдири билан қизиқдилар. Бироқ масъул идоранинг «Хайриниса Мажидхонова 1942 йил жазони ижро этиш даврида вафот этган» деган маълумотидан сўнг оила аъзолари қайта бу масалани кўтаришмади. Боиси, улар совет жазо органларидан қаттиқ юрак олдириб қўйишган, 1937-38 йилларда қизининг аксил­инқилобий фаолиятини яширганликда айблаб 75 ёшли Мажид оқсоқолни не кўйларга солишгани эсларида эди.

Тақдирни қарангки, Хайриниса Мажидхонованинг номи оқланиши истиқлол йилларига келибгина амалга ошди, яъни 1999 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан унга нисбатан оқлов эълон қилинди.

Азиз ёди унутилмайди

Ҳа, қаттол шўро тузумининг қонли сиёсати Хайриниса Мажидхонова сингари миллатимизнинг кўплаб илғор фикрли вакилларини маҳв этди. Боиси, Ватан озодлиги ва тараққиёти уларнинг энг юксак орзу ва мақсади эди. Халқни зулм ва истибдод остида сақлашни кўзлаган шўро ҳокимияти учун эса миллатпарвар, фикри очиқ инсонлар энг хавфли душман ҳисобланган ва ўзининг қатағон қиличини доимо уларга қаратган. Ватанимиз мустақилликка эришгачгина, бундай ноҳақликка чек қўйилди. Озод юртда яшаш насиб этган ва мамлакат тараққиёти учун хизмат қилаётган бугунги авлод вакиллари шу улуғ мақсад йўлида қурбон бўлган халқимизнинг асл фарзандларини ҳеч қачон ёддан чиқармайди.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

«Mahalla»

loading...