Бугун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳар доимгидан ҳам муҳим

1

Бугунги кунда бутун дунё, инсоният оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Афсуски, .юртимизга четдан кириб келган коронавирус касаллигига чалинганлар сони ошиб бормоқда. Шу боис Президентимиз ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш юзасидан Ҳукуматга аниқ вазифалар юклади. Халқимизни бу офатдан асраш ва касалликни даволашга барча куч ва воситалар сафарбар қилинди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш учун барча чоралар кўрилди.

Куни кеча Президентимиз раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари халқимизга яна бир бор мурожаат қилиб, мамлакатимизда ушбу инқироз иқтисодиётга кескин салбий таъсирининг олдини олиш, одамларимиз даромадлари камайиб кетмаслиги, корхоналаримиз барқарор ишлаши учун давлат барча чораларни кўраётганини алоҳида таъкидлади.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги шароитда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳар доимгидан жуда муҳим. Йиғилишда давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, ҳар бир туман ва шаҳар сектор раҳбарларига ўз ҳудудидаги корхоналарни оталиққа олиб, улар билан мунтазам равишда бирма-бир ишлаши бўйича топшириқлар берди. Туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимида штаб ташкил этилиб, ҳар бир тадбиркорнинг муаммоси ҳал этиб борилиши таъкидланди.

Яна бир аҳамиятли томони, Президентимиз жорий йил 3 апрель куни мана шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бўлган яна бир муҳим ҳужжатга имзо чекди. “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди.

Фармонда муҳим масалаларнинг ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эгадир. Чунки ушбу ҳужжатга мувофиқ, эндиликда туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Шунингдек, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади. Энг муҳими, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади.

Шунингдек, ушбу фармон билан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилмоқда. Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди. Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Асосийси, энди жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам бекор қилинади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжатга кўра, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилмоқда. Шу билан бирга молиявий қийинчиликларга юз тутган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомиллари ташаббуси билан чиқиш ва уларни банкрот деб эълон қилишга мораторий жорий қилиняпти. Эндиликда ҳар бир тадбиркор, фермер ва корхона раҳбарлари берилган бу имтиёзлардан самарали фойдаланиб, ностандарт ечимларни излаб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва иш жойларини сақлаб қолиш, корхоналар фаолиятини давом эттириш зарур.

Яна бир муҳим масала, карантин даврида фермер ва деҳқонларимиз, тадбиркорларимиз олдида ўта муҳим вазифалар турибди. Шу сабабли мамлакатимизда коронавирус эпидемиясига қарши кураш тобора жиддий тус олаётган бир пайтда жойларда фермер ва томорқачиларимиз зиммаларидаги масъулиятни унутмаган ҳолда, баҳорги экин экиш ишларини бошлаб юборган. Бугун вилоятларда экиш мавсумида ер майдонларини тайёрлаш ва экин экиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари ҳар бир фермер хўжалигида кунлик ўрганишлар олиб бориб, экиш сифати, моддий ресурсларнинг етказиб берилиши бўйича алоҳида назорат ўрнатган. Мана ҳадемай ўзимизнинг деҳқонларимиз томонидан етиштирилаётган янги картошкалар ички бозорларимизни тўлдиради. Хусусан, шу йил апрель ойида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари томорқаларидан 50-60 минг тонна картошка қазиб олинади.

Хулоса шуки, фармонда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш нафақат давлат идораси, балки ҳар бир депутат зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шундай экан, энди ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда, янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлиб, президент фармонининг ижросини ўз вақтида таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлишимиз зарур.

Актам ХАИТОВ,
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
 
Спикери ўринбосари,
 
OʻzLiDeP фракцияси раҳбари

loading...

1 ТА ФИКР

Comments are closed.