Қонун олдида барча баробар

0

Коронавирус пандемияси сабабли мамлакатимизда карантин жорий этилганлиги кундалик ўрганган турмуш тарзимизни янги тартиб-қоидаларга мувофиқлаштиришимизни тақозо этмоқда. Албатта янгича тартиб-қоидаларнинг барчаси аввало халқимизнинг осойишталиги, ўзимизнинг саломатлигимизни таъминлашга қаратилган. Бундай даврда фуқароларда қонун итоаткорлиги ўсиши, умумий офатга қарши бирлашиб, курашиш ҳиссининг кучайиши табиий ҳолат.

Бугун фуқароларимиздаги карантин талабларига амал қилинаётганлиги, кўчаларда транспорт ҳаракатининг кескин камайганлиги, одамларимизни эса фақат юз ниқобида юрганлиги фикримизнинг яққол далилидир. Карантин шароитида нафақат ҳар бир фуқаронинг ўзи учун масъулият ҳисси, балки жамият келажаги учун ҳам масъулият ҳиссини намоён этаётган инсонларимиз жуда кўп. Карантин оқибатида вақтинчалик ишга чиқа олмаётган, ижтимоий кўмакка муҳтожларни халқимизнинг саҳоватпеша инсонлари, тадбиркорлар томонидан моддий қўллаб-қувватланаётганлиги эса алоҳида таҳсинга молик.

Бу ишларда халқимизнинг сайланган вакиллари – депутатларимизнинг ҳам саъй-ҳаракатлари салмоқли бўлмоқда. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда кўплаб маълумотлар топиш мумкин. Лекин, ОАВларда Қўқон шаҳар депутати, тадбиркор томонидан амалдаги тартиб-қоидаларга бўйсунмаслик, ИИБ ходимларига нисбатан ижтимоий тармоқда ножоиз фикрлар билан чиқилиши ва бу ҳолатнинг бугунги карантин шароитида яна депутат томонидан содир этилаётганлиги халқимизга нисбатан ўта номуносиб холдир. Ахир депутатнинг ўзи қонун итоаткорлиги бўйича намуна бўлиши керак эмасми? Тартиб-қоидани менсимасдан амалга оширилган ҳайр-эҳсоннинг баҳоси қанча?

Қонун доим устувор бўлиши кераклиги, бу баҳс талаб қилмайдиган ҳақиқат, лекин бу ҳақиқатни айниқса, бугун карантин шароитида янада теран англашимиз зарур. Бутун дунёга таҳдид бўлган коронавирус балосидан халос бўлишнинг бирдан-бир йўли қонун ва тартибларга қатъий амал қилиш эканлигини эса ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O’zLiDeP фракцияси депутати,

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари

қўмитаси аъзоси

loading...