Миллатнинг кўринмас тиргаги — бугун Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари куни

0

Тарихдан маълумки ҳар бир давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда махсус хизматларнинг ўрни ва роли ҳамиша беқиёс бўлган.

Хусусан, давлат сарҳадларини қўриқлашдан тортиб, мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик, жамият осойишталигини таъминлаш ёки ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳар замон ва ҳар маконда махсус хизматларнинг устивор вазифаси ҳисобланган.

Бугун дунёда кечаётган мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистон Республикасини ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишда, халқаро муносабатларда унинг миллий манфаатларини қўллаб-қувватлашда Давлат хавфсизлик хизматининг муносиб ҳиссаси бор.

Хусусан, 2018 ва 2019 йилларда ДХХ идоралари томонидан хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорликда 9 та террорчилик ҳаракатининг олди олинди. Улардан 2 таси Ўзбекистонда, 7 таси ҳамдўстлик мамлакатларида амалга оширилиши режалаштирилган эди. Шунингдек, 625 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар мусодара қилинди. 500 дан ортиқ коррупция билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Давлатимиз сарҳадларидан ноқонуний олиб ўтилган қарийб 97,7 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар мусодара қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра амалга оширилган “Меҳр 1” ва “Меҳр 2” гуманитар операциялари доирасида Яқин Шарқ давлатларида оғир шароитда қолаётган 220 нафар аёллар ва болаларни мамлакатимизга олиб келишда ДХХ ходимлари ҳам фаол иштирок этдилар.

Шунингдек, ёт ғоялар таъсирида Афғонистонда қийин ҳолатга тушиб қолган ўнлаб ватандошларимиз ҳам ўз яқинлари бағрига қайтарилди.

Ишонч билан айтамизки, Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг олий мақсади жонажон Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши ва халқимизнинг тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдир.

loading...