МАФИОЗ… (6-қисм)

0

 

 

* * *

 

Йўлдош деярли ўйланиб тонг оттирди. Мавжудани, қизчасини сира кўз олдидан кетказа олмади. Айниқса, уни ўлди деб хабар беришса, қандай аҳволга тушишини ўйлаб эзилди. Нима ҳам қила оларди? Пешонасигаетти ухлаб тушида кўрмаган кунлар ёзилиб турган бўлса. Ким билсин? Балки бегона юртларда ҳақиқатан ўлим топар?!. Энди буёғи ёлғиз Худогагина аён.

— Ишқилиб, оиламни ўз паноҳингда асра, Худойим!.. — самолётга чиққани ҳамоно хаёлан илтижо қилди у. — Майли, менинг бошимга не кунларни солсанг ҳам розиман. Фақат уларга раҳм қил!..

Чамаси уч соатлар деганда самолёт Йўлдош яшаши керак бўлган шаҳар тайёрагоҳига келиб қўнди.

У ҳозир ўзини нималар кутишини тасаввур ҳам қилиб кўрмаган. Умуман… Йўлдошга барибир эди.

Аммо самолётдан тушаётиб пастда кутиб турганларни кўргач, ҳайрон қолди.

Тахминан ўнтача чет эл машиналари, башанг кийинган ўрта яшар эркаклар йигирма–ўттиз чоғли бор эди. Баъзиларининг қўлларида қуроллари ҳам бор.

— Қизиқ, — кўнглидан ўтказди Йўлдош кўрсатилган машинага ўтираётиб. — ҳурматимиз жа баландга ўхшаб қолди-ку!..

— Хуш келибсан шаҳримизга, Ринад!.. — орқа ўриндиққа кириб чўккан Йўлдош соч-соқоли оппоқ, аммо дадил бир қарияни кўриб дарҳол англади. Демак, бу ўша Валерий Михайлович.

— Раҳмат, Валерий Михайлович! — жавоб қилди у кулимсираб.

— Чарчагандирсан?

— Унчалик эмас.

— Тўғриси, сен суратингдагиданам истаралироқ экансан. Менга ёқдинг.

— Ташаккур!.. Кечирасиз, сизни қандай чақиришгаям ҳайронман.

— Валера амаки деб чақиравер! — кулди қария. — Ёшим анчага бориб қолди. Хафа бўладиган ёшдан ўтганман. Биласанми, айлана атрофимиз рақобатчига тўла. Бирини тинчлантириб, муросага келтирсанг, иккинчиси пайдо бўлади. Мен бўлсам, қариб қолдим. Ҳаммалари билан баравар олишолмайман. Лекин нима бўлгандаям, тадбиркор деган номимиз бор. То нафасимиз чиқмай қолгунча интилаверишимиз, курашаверишимиз лозим-ку!..

— Амаки, мен нима иш қилишим керак ўзи? — сўради Йўлдош. — Аниқ топшириқларни ўйлаб қўйгандирсиз?

— Албатта. Ҳаммаси олдиндан режалаштирилган. Эшит, мен аслида Ўзбекистонда туғилиб, ўшаерда улғайдим. Лекин тақдир тақозоси билан буерларга келиб қолдим. Қараки, рус бўлсам ҳам Россия менга ватанлик қила олмас экан. Буерларда бегона эканман… Алам ўтиб кетгандан кейин ўйлаб қолдим. Нега энди мен ўзим минг машаққатлар билан, жонимни жабборга бериб тўплаган пулларни бегоналарга қолдириб кетишим керак?.. Бунинг ўрнига ўзимнинг ватандошларим эгалик қилишса бўлмайдими бу пулларга?.. Ана шунинг учун ҳам сени топтирдим… Энди қолганини эшит… Биласанми, яқинда Гога деган бир грузин пайдо бўлган. Жа ҳаддидан ошган йигит экан. Яхши гапга сира кўнмайди. Ўзбошимчалик билан менга тегишли корхоналарга бурнини тиққани-тиққан. Ана ўшани эгиб беришинг зарур бўлади. Қўрқма, сен менинг қонуний ёрдамчимсан бугундан бошлаб. Ўзинг истаган шароитларни яратиб бераман…

Машиналар карвони шаҳардан анча четга чиқиб кетганди. Йўлдош бегона юрт табиатини, далаларини обдон томоша қилиб борди. Ҳаммаси ўз юртидаги кабидек туюларди-ю, барибир нимасидир сира ўхшамасди…

— Мана бу сенинг кабинетинг! — қария ҳашаматли ҳовлисига кириб келиб ичкарига қадам қўйишгач, бурчакдаги катта бир хонани кўрсатди. — Худди шуерда ўтириб мен айтган ишларни бажарасан. Ҳой, Червон, қаердасан?

Сал ўтмай, узун йўлак охирроғидаги эшиклардан бири очилиб бўйи нақ икки метрлар келадиган, кенгелкали, юзлари қизғишсифат, тахминан йигирма беш ёшлар оралиғидаги йигит чиқиб келди.

— Чақирдингизми, хўжайин?

— Ҳа, акангминан таниш! Бу йигитнинг исми Ринад. Бугундан эътиборан менга ёрдамчи бўлиб хизмат қилади. Ринад, — қария яна Йўлдошга юзланиб кулди. — Буни Червон деб атаганимга ҳайрон бўлма! Кўрдингми юзларини? Қип-қизил. Шунинг учун Червон деб лақаб қўйиб олганмиз. Асл исми Николай. Хуллас, Червон сенинг ёрдамчинг. Нима топшириқ бўлса тортинмай буюравер! Бу-чи, жа пихини ёрганлар хилидан. Мерганликниям қотиради… Бўпти, сен Червон йигитларга айт, кечки овқатга тайёргарлик кўришсин! Биз Ринадминан менинг хонамни кўздан кечирамиз…

Йўлдош қариянинг ортидан эргашиб бошқа бир хонага кириб борди.

Воажаб, бу хона ўзгача эди. Ясатилгани, ичкаридаги жиҳозлар, чет эл гиламлари ўз йўлига. Йўлдошни айлантириб осиб чиқилган тўрқовоқлар қизиқтириб қолди.

— Ҳайрон бўлгандирсан-а? — ўртадаги жимликни бузди қария. — Ҳайрон бўлма, йигит!.. Менам сен ўзбеклардан қолишмайман. Бедана жиннисиман. Мана шуларнинг ҳаммасини сенинг юртингдан олдириб келганман. Қара, сайрашларини! Бу жаннатнинг ўзи эмасми, нима дединг?

— Гапингиз тўғри, — деди Йўлдош мамнун бош чайқаб. — сизга қойил қолмай иложим йўқ.

— Э, ҳали биз қилган ишларни кўрсанг нима деркинсан. Ўшанда ағдарилиб тушмасанг бас!.. Қани, энди сенга бир рўйхат берай. Ахир, сизларда айтишади-ку, ёш келса ишга, қари келса ошга деб!..

У секин темир сандиқлардан бирини очди-да, муқовасига зар югуртирилган жилд олиб Йўлдошнинг қўлига тутқазди.

— Мана, шу ерда бизга улуш бериб турадиган корхоналар, дўконлар, ишқилиб, ўзбекчасига айтганда, «муридлар»нинг номлари, манзиллари ёзилган. Шу бугуноқ яхшилаб ўрганиб чиқ! Буларнинг орасида анчадан бери улушни пайсалга солиб юрганлариям бор. Мен тагига чизиб қўйганман. Эртага ёнингга йигитларни оласан-да, дарҳол шуларминан шуғулланасан. Аввал яхшиликчасига, тушунишмаса, кейин… Ҳа майли, уёғини ўзим сенга ўргатиб қўярман. Юр, чарчагансан!.. Атайин сенинг келишингга ош дамлатиб қўйганман! Бир ошхўрлик қилайлик!..

 

* * *

 

Йўлдош ярим тунгача қария берган рўйхатни ўрганиб вақт ўтказди. Рўйхатда улуш берадиганларнинг рўйхати, тўғрисига эса, қанча беришлари ёзиб қўйилганди.

— Қара-я, — бош чайқаб қўйди у. — ахир, бу пуллар жуда катта миқдорда-ку!.. Наҳотки, чол шунчалар бой бўлса?.. Ҳар ойда оладиган бу пулларни қаерга сиғдираркин?..

— Ринад! — Йўлдош эшик очилганини пайқамай қолибди. Сесканиб бошини кўтарди-ю, остонада Червонни кўриб ўрнидан турди. Унинг кўз қарашлари жуда совуқ эди.

— Эшитаман, нима гап? — хавотир аралаш сўради Йўлдош.

— Сизни Валерий Михайлович йўқлаяпти!

— Ҳозир-а?

— Ҳа, ҳозироқ олдиларига киракансиз

— Яхши.

Йўлдош секин эгнига кўйлагини илди-да, Червоннинг ортидан эргашди…

— Кечириб қўясан, йигит! — унга пешвоз чиқиб стол атрофига бошлади қария. — Сенга баъзи нарсаларни уқтириб қўймасам бўлмайди.

— Эшитаман, амаки!..

— Сен бизнинг йигитларда бирор кўзга ташлангулик ҳолатни пайқадингми?

— Тушунмадим.

— Сенда йигитларимиз қандай таассурот қолдирди деб сўраяпман.

— Умуман, ёмон йигитларга ўхшашмайди. Бироқ…

— Хўш, хўш? Давом эт!

— Кўз қарашлари ғалатироқми-ей!.. Шубҳа билан қарашаяпти одамга.

— Ана буни яхши пайқабсан. Жуда тўғри, бизнинг ишда, ўғлим, ҳеч ким бир-бирининг пинжига кириб кетмайди. Ҳамма бир-бирига фақат шубҳа билан қарайди. Касбимиз шунақа-да!.. Ҳа майли, вақти келиб ўзингам шулар қатори бўлиб қоласан ҳали. Мен сени бир масалада чақиртиргандим. Сени буёққа жўнатган одам бор-ку, ўшанинг номини зинҳор тилингга ола кўрма!

— Нега, амаки?

— Айтдим-ку, хоҳ кўчада бўлсин, хоҳ буерда бўлсин, у инсоннинг номи тилга олинмаслиги шарт. Унинг касбига тўғри келмайди. Уқдингми?

— Ҳа.

— Ана, энди бориб ётишинг мумкин. Мабодо бедана сайрашини эшитгинг кеп қолса, хоҳлаган пайтингда хонамга кириб келавер!

— Раҳмат!

Йўлдош кула-кула яна хонасига йўл олди…

Йўлдош буткул бошқа дунёга тушиб қолганини эртаси кунигина ҳис этди.

Қария илк топшириқ учун барча нарсани муҳайё этиб қўйганди. Иккита «Мерседес», ўн чоғли қуролланган йигитларни кўриб Йўлдош аввалига сал ҳайиқди ҳам. Бироқ қариянинг гапларини эслаб дарҳол ўзини тутди ва ўзининг биринчи буйруғини берди.

— Йигитлар, ҳамма машиналарга ўтирсин! Дастлаб ун заводига борамиз!

Йигитлар итоаткорлик билан машиналарга ўтиришди. Йўлдошнинг ёнида фақат Червон кетиши лозим эди.

— Ака, — дея тушунтирган бўлди Червон йўл-йўлакай. — бу заводнинг каттаси туркман. Оғабой деган одам. Эҳтиёт бўлиш керак. Чунки у жуда айёр. Битта гапминан силлиққина жўнатворишиям мумкин.

— Нега уч ойдан бери улуш бермаса ҳам индамай келаяпсизлар?

— Қария арқонни узун ташлашни хуш кўрардилар. Ростини айтсам, кейинги пайтларда анча бўшашиб қолдилар у киши. Шу сабабли сизни чақиртирган бўлсалар ҳам ажабмас…

Машиналар карвони тўппа-тўғри ун заводи ҳовлисига кириб борди.

— Беш киши шуерда қолсин! — Йўлдошнинг ўрнига йигитларга буйруқ берди Червон. — Сен Латта, ёнингдагиларни олиб орқамиздан юрасан!..

Заводнинг каттаси хонасига бостириб кириб келган олти чоғли эркакни кўриб бироз ўзини йўқотгандай бўлди.

— Келинглар, хуш келибсизлар!.. — у иложи борича ўзини дадил тутишга интилар, бироқ овозининг қалтирашидан қўрқаётгани яққол сезилиб турарди.

— Нима, биз сенга югурдакмизми? — гапни дўқ уришдан бошлади Червон. — Қачонгача лақиллатиб юрмоқчисан?

Шу аснода Йўлдошни билинар-билинмас туртиб қўйди.

— Менга қара, акаси, — дея каттага яқин бориб иягидан тутди Йўлдош.

Тўғриси, биринчи маротаба бундай иш қилаётгани учунми, ўзининг ҳам тиззалари ора-сирада титраб қўярди. — мен узоқ кутишни ёмон кўраман. Тезда икки миллионни стол устига қўй! Йўқса, бекора ўлиб кетасан. Дардингни бировга айтолмай қоласан! Хўш, нега қоққан қозиқдай индамай турибсан?..

Червон ҳам, орқада турган йигитлар ҳам Йўлдошнинг биринчи кунданоқ бу тахлит дадиллигини кутишмаган эканми, кулгидан зўрға ўзларини тийиб туришарди…

Йўқ, бу масхараомуз кулги эмасди. Қариянинг сўнгги пайтларда ҳийла мулойимлашгани анчадан бери уларга ёқмай қолган, «қарздорлар»га нисбатан худди ҳозиргидай муносабатда бўлишни исташарди…

— Мен кимга айтаяпман? — дўқлашда давом этди Йўлдош. — Ё амалий ишга ўтайликми?

Оғабой деганлари ҳақиқатан қўрқиб кетганди. Йўлдошнинг сўнгги пўписаси уни ўзига келтирди. Югуриб бориб темир сандиғини очди-да, ичидан дипломат чиқариб стол устига қўйди.

— Узр, акалар, сал кечиктирдик!.. Бир қошиқ қонимиздан кечасизлар… Марҳамат, қарзларни тап-тайёр қип қўйгандик ўзимиз ҳам…

Шу куни Валерий Михайлович Йўлдошнинг Қувондиқ ака мақтаганича бор эканига яна бир карра тан берди…

Қолаверса, биринчи муваффақият Йўлдошга келгусида янада катта имкониятлар яратиб бериши, қариянинг ишончига киришига кенг йўл очиб бериши тайин бўлиб қолганди…

— Мен барибир сенинг дастлабки содиқлигингни тан олмай иложим йўқ. — деди қария орадан икки ҳафталар ўтиб Йўлдош навбатдаги «юриш»ни ҳам қойиллатиб қайтгач. — Қара, мана шу… Сен бориб қайтаётган аблаҳларнинг ортидан мен ойлаб чопганман. Сира «жон»ларини чиқара олмагандим. Сен бўлсанг, бир боришда ҳал қилаяпсан-қўйяпсан.

— Чунки, сиз ғазабингизни сочмагансиз — деди Йўлдош кулиб. — Мулойим гапиргансиз, уларнинг кўнглига қарагансиз

— Тўғри айтасан. Қаридик шекилли. Э, бундан йигирма йиллар олдин мени кўрганингда… Боя сен айтганданам баттар эдим. Муридлар менинг соямни кўргандаёқ дағ-дағ титрашарди… Майли, энди асосий гапга ўта қолайлик, ўғлим.

— Қулоғим сизда!

— Энди-чи, анави ярамас Гоганинг эсини киритиб қўйиш пайтиетганга ўхшайди.

— Ким экан у ўзи? Шунчалик қўрқинчли нусхами?

— Мен ўзини кўрмадим-у, лекин Червоннинг айтишича, у авваллари рекетчилик қилиб кун кўрган экан. Бизнинг шаҳарга яқинда келибди. Жуда ваҳший дейди. Кейин… Айёр ҳам эмиш. Вей, ишонасанми, куни кеча менинг дўконимга одам юбориб улуш талаб қилибди аблаҳ!

— Йўғ-е, сизнинг дўконингизга?.. Бўлиши мумкинмас!..

— Хуллас, ана шуни ҳал қиласан. Шу бугуноқ одамларни ёнингга олгин-да, адабини бер!.. Қўрқма, ҳарқалай, милисада ишлаб пишгансан-ку!.. Гога шаҳар чеккасида макон қурган. Сен тўппа-тўғри уйига бостириб боришинг лозим. Мабодо, милисалар ҳидланадиган бўлса… Хавотир олма, шаҳарда корчалон оғайниларим бисёр. Биронтасига қўнғироқ қиламиз, босди-босди қилиб юборишади.

— Хўп бўлади, амаки! — Йўлдош эндигина кетмоқчи бўлганди, Валерий Михайлович уни тирсагидан тутиб тўхтатди.

— Менда яна гапингиз бормиди? — сўради Йўлдош.

— Ишонасанми, мен Ўзбекистоннинг патирларини жуда хуш кўраман.

— Анави беданалар, қолаверса, ошни қотириб дамлатишингиздан бизнинг ўлкаларга бефарқ эмаслигингизни пайқаганман. — деди Йўлдош оғир хўрсиниб. — Умуман, қанийди ҳозир ўша сиз айтган патирлар бўлса…

— Соғингансан, биламан. Лекин бунинг ҳам йўлини топса бўлади. Сен уёқларга боролмаганингминан, бизнинг одамлар мисоли қуш. Қанотига хат битиб учириб юборсанг, Самарқанднинг манаман деган патирларини етказиб келишади. Айтганча, бир танишим айтиб берганди.

— Нимани? — бирдан ҳушёр тортди Йўлдош.

— Ўша Самарқанд патирини бир одам Тошканда махсус тандир қуриб ёпмоқчи бўлибди. «Э, шу самарқандликлар ёпган нонни марказда боплаб ёпсаям бўлади» деб атайин Самарқандга борган-у, унниям, сувниям, хуллас, патирга кетадиган масаллиқларнинг барчасини ўша ердан келтирган. Ҳатто, тузгача. Буёғидан келсанг, тандирниям Самарқанд тупроғидан келтириб ясатган. Хўш, нима бўпти охири?

— Нима бўпти?

— Эплай олмабди. Патир умуман ўхшамабди.

— Негалигини биласизми? — сўради Йўлдош қарияга маъноли тикилиб.

— Шунинг маънисини сендан сўрамоқчиман. Айт, нега ўхшамаган ўша патир?

— Сабаби, амаки, ўша одам ҳавони олиб кетолмайди. Патирга ҳам Самарқанд ҳавоси зарур эди. Афсуски, ҳавони олиб кетишнинг имкони йўқ.

— Ақлингга қойилман. — унингелкасига қоқиб қўйди Валерий Михайлович. — Демак, бу гапни сенам илгари эшитган экансан.

— Албатта-да, бу гапни эшитганимга анча бўлган.

— Хўп, кўнглингни тўқ қил. Яқин кунларда одам юбориб ўша мазали патирлардан опкелтирамиз. Ҳозир эса, эртанги ишга астойдил тайёргарлигингни кўр!..

 

* * *

 

— Ҳа, қарияга ҳақиқатан қилаётган ишларим маъқул бўлибди шекилли. — хонасига кириб ўзини каравотга ташларкан, ўйларди Йўлдош. — Агар иш шундай силлиқ кўчаверса, келажак ёмон бўлмаса керак… Аммо… Нега тақдир мени тушимгаям кирмаган кўчаларга итқитиб ташлади? Оиламдан, фарзандимдан, севимли касбимдан айирди? Эҳ, мени аллақачон ўлди деб эълон қилиб бўлишгандир. Ҳойнаҳой, қариндош-уруғлар, айниқса, Мавжуда куйиб адойи тамом бўлаёзгандир. Мана шуниси ёмон бўлди…

— Мумкинми, шеф? — Йўлдош эшик тақиллашидан, сўнгра Червоннинг овозидан сесканиб бошини кўтарди.

— Ҳа, киравер!

Червон аста хонага кириб креслога ўтирди.

— Хўш, нима ишинг бор эди?

— Эртага грузин билан тўқнаш келарканмиз деб эшитдим? — Йўлдошга сирли тикилиб сўради Червон.

— Хўш, нима бўпти?

Червон бирпас ўйланиб турди-да, давом этди.

— У жуда хавфли шахс. Биласизми, тўғриси, сизга бир ҳақиқатни айтиб қўймасам бўлмайди.

— Айтавер, қулоғим сенда!

— Қария нега айнан сизни шу қалтис ишга бошлаганини биласизми?

— Нега билмас эканман? Шунинг учун ҳам мени чақиртириб келган-да!..

— Бу тўғри. Лекин у жуда тулки чол. Ҳамма ишини ҳал қилиб берганингиздан кейин ўзингизниям тинчитиб юбормасин тағин.

— Бу гапни қаердан олдинг?

— Ака, мени тўғри тушунинг!.. Очиғи, биринчи кун кўрганимда умуман ёқмагандингиз менга. Бироқ кунлар ўтиб бирга… Ҳалигидай озми-кўпми ишлаганимиздан кейин… Сизга жуда ачинадиган бўлиб қолдим. Сиз жуда ҳалол одам экансиз. Фақат мени тўғри тушунинг!

— Хўп, мақтовинг учун раҳмат! Лекин ҳалиги гапни қаердан олганингни айтмадинг-ку! Осмондан олмагандирсан ҳарқалай.

— Ўлибманми осмондан олиб. Боя қариянинг ким биландир телефон орқали гаплашаётганини эшитиб қолдим. Тасодифан… Ана шунда… Чол айтдики, мабодо грузин масаласи ҳал бўлса, сизни қуритиш чораларини кўрармиш.

— Наҳотки? — Йўлдош беихтиёр ўрнидан қўзғолиб қўлларини мушт қилди. — Мени синаб кўраётган бўлмагин тағин?

— Нималар деяпсиз? Мен кимман сиздай одамни синаб?.. Огоҳлантириб қўйдим холос.

— Хўш, нима маслаҳат берасан? Ё шу ишга боришдан бош тортайми?

— Ака, айбга йўймайсиз-у, менам буерда анчадан бери хизматдаман. Кўп нарсаларни кўрдим, кимнинг ким эканини кўп бўлмасаям биламан. Демоқчиманки, очиқдан-очиқ бош тортсангиз, ўзингизга ёмон бўлади. Ундан кўра, айёрлик қилиш керак.

— Қандай?

— Нима бўлса бўлар. Мен сизга шерикман. Агар, мени яқин ёрдамчи қилиб оламан келажакда деб ваъда берсангиз, ҳаммасини ўз бўйнимга оламан.

— Тушунмадим? Нимани бўйнингга оласан?

— Нима десамийкин?.. Қарияни тинчитаман… Ўзингиз бош бўласиз…

— Эсингниедингми?.. Қандай хатарли ишга қўр урмоқчилигингни фаҳмлаяпсанми ўзинг?

— Фаҳмламасам, гапирмасдим. Э, сизам тушунинг-да, биз ҳам чин дилдан хизмат қилиб юрибмизми сизнингча? Ҳечам-да!.. Бу чол шунчалар хасиски, одам бирор ёрдам сўраб олдига киришга қўрқади. Буёқда бўлса, ярамас йигитларимиз сира бирлашолмайди. Ҳаммаси ўзининг жонини асрагиси келади…

— Хўп, тинчитдингам дейлик. Кейин-чи?

Червон жонланиб кетди.

— Кейин… Чолнинг бор бойликлари сизнинг ихтиёрингизга ўтади. Ишни бошқатдан бошлайверамиз.

— Эсингни еб қўйибсан. — деди Йўлдош. — Чолнинг бойлигини қўлга киритиш учун у берган васиятнома бўлиши лозим. Умуман… Қани, гапириб бўлдингми? Чиқ, иккинчи маротаба бу тўғрида гапирмагин. Менга келсак… Мен ҳақимда қайғурмай қўяқол! Менам анойилардан эмасман!..

Кутмаган эканми, Червоннинг қовоқлари бирдан уйилиб кетди ва норози бош чайқаганча хонани тарк этди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...