МАФИОЗ… (7-қисм)

0

 

 

* * *

 

Йўлдош анча маҳалгача ухлай олмади. Уни ҳамон Червоннинг кутилмаган сўзлари азоблар, ўйлаб ўйининг охирига етолмасди. Ахир, бу яна нимаси? Нега кечагина қариянинг оёғини ўпишга тайёр турган одамлар бирданига унинг жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаб қолишди? Сабаб нима? Мундоқ олиб қараганда, уларнинг еганлари олдида, емаганлари кетида. Валерий Михайлович бу каллакесарларнинг барчасига катта йўлни очиб берган. Ўзлари хоҳлаган ишларни қилишаяпти. Истаганларича пул сўраб олаётганларини ҳам Йўлдош ўз кўзи билан кўрди. Қариянинг хасислигини сира пайқамади…

«Э, йўқ, бу ерда бир гап борга ўхшайди. — хаёлидан ўтказди Йўлдош. — Червоннинг нияти бузилган. Агар шундай бўлмаганда, кечагина келиб ўрнашган одамга қўққисдан бу таклифни айтмасди. Демак, ҳушёр бўлишим лозим. Чунки, булар чолни мабодо ўлдирган тақдирдаям, мен кейингиси бўлиб чиқишим аниқ. Улар шунчаки… Айбларини яшириш учун менинг қўлим билан амалга оширишмоқчи қотилликни. Аҳмоғинг йўқ. Қани, тағин шу мавзуда гап очиб кўр-чи, ўз қўлларимминан тутиб бераман сен ярамасни…»

Хона чироқлари ўчирилган, ҳаммаёқ қоп-қоронғи эди. Сукунатни қаерлардадир чўзиб-чўзиб ҳураётган итнинг бўғиқ овози бузиб турарди холос…

Йўлдош эндигина кўзларини юмиб ухлашга чоғланган эдики, яна эшик тақиллади.

У бир муддат индамай эшитиб ётди. Балки, ухлаган деб ўйлаб орқага қайтиб кетишар деб хаёл қилди.

Йўқ, эшик оҳиста, лекин кетма-кет тақиллайвергач, мажбуран ўрнидан турди.

— Қайси аҳмоқ ярим тунда эшик қоқади? — сўкинганча эшик зулфинини суғурди Йўлдош…

Ана шунда… Кутилмаган воқеа содир бўлди. Бошини қора ниқоб билан ўраб олган қандайдир кимса Йўлдош эшикни ушлаб ўзига тортган заҳоти унинг томоғига тўппонча тиради.

— Қани, қаҳрамон, ичкарига кир!.. — хириллаган овозда буюрди босқинчи. — Фақат овозингни чиқара кўрма!..

Йўлдош, албатта, бироз ўзини йўқотди. Қўққисдан томоғингга қурол тирашса, жуда хунук бўларкан.

Бироқ бир зумда ўзини ўнглаб босиқлик билан босқинчи кўрсатганерга бориб тўхтади.

— Сен қайси очиқ гўрдан чиқа қолдинг ўзи?..

Бу овоз шунчалар таниш эдики, Йўлдош саволга жавоб қайтариш ўрнига овоз соҳибини эслашга уриниб кўрди. Аввалига сира эслай олмаганди. Нафас олишидан билиб қолди.

Ахир, бу Червоннинг ўзи-ку!.. Оббо гўрсўхта-ей! Охири ниятини ошкор қилибди-да!..

— Жавоб бер, келгинди! — давом этди Червон тўппончани Йўлдошнинг томоғига янада қаттиқроқ тираб. — Қайси очиқ гўрдан чиқа қолдинг деб сўраяпман.

— Ўзинг билмайсанми қаердан чиққанимни? Яхшиси, мақсадингни айт!..

— Айтмасам нима қилардинг? Ўлдирасанми? Ўзинг сезиб турибсан. Яшаш учун жудаям кам вақтинг қолди. Ҳозир манави тепкини секин боссам, ёруғ дунё кўзингга қоронғи бўлади-қўяди.

— Мени ўлдиришдан сенга нима фойда? — сўради Йўлдош унинг очиқ қолган кўзларига тикилиб. — Агар фойда бўлса, майли, ўлдиравер, мен розиман!

— Сен ифлос менинг йўлимга тўғаноқ бўлдинг. Қариянинг ўнг қўли бўлишга фақат мен лойиқ эдим. Сен келдинг-у, ҳамма умидларим пучга чиқди.

— Гап буёқда дегин? — жилмайди Йўлдош. — Шу дардинг бор экан, нега аввалроқ айтмадинг?.. Тўхта, кечагина қарияни ўлдириш пайида эдинг шекилли?..

— Бунисиминан ишинг бўлмасин… Агар яшашни истаётган бўлсанг, ҳозир секин лаш-лушларингни оласан-да, бу уйни бутунлай тарк этасан. Айтганимни қилмасанг, ўзингдан кўр!..

— Кетмасам-чи?

— Кетмайсанми? Ана энди ўзингдан кўр!..

Червон тўппончани қўллари билан маҳкамроқ қисиб тепкини босишга чоғланди…

Шу маҳал қаердан учиб келди, билмайди…

Тўппончанинг секингина «пақ» этгани эшитилди-ю, ҳозиргина Йўлдошнинг томоғидан отиш ҳаракатида турган Червон унинг оёқлари остига шилқ этиб тушди. Ҳатто, иҳ дейишга улгурмади…

Йўлдош шошиб ўзини орқага олди ва югуриб бориб чироқни ёқди…

Не кўз билан кўрсинки, Червоннинг қонга беланган жасади тепасида Валерий Михайлович қўлида учига овоз пасайтиргич ўрнатилган тўппонча тутаб турар, қурол тутган қўли дир-дир титрарди…

— Умримда ҳеч қачон ўз қўлим билан одам ўлдирмагандим. — деди у ҳамон кўзлари очиқ қолган жасаддан кўз узмай. — Қанча ярамасни нариги дунёга жўнатган бўлсам, бошқалар орқали қилганман бу ишни. Лекин бугун… Бугун бардошиметмади. Қара, бу нонкўр илгариям менинг сенга ўхшаш энг ишончли, содиқ дўстларимдан бириниер тишлатганди. Энди сенга ҳамла қилди. Агар индамай қўйиб берсам, эртага мениям калламни сапчадай узиб ташлашдан тоймасди.

— Бу… Сизниям…

Йўлдошнинг гапи оғзида қолди. Валерий Михайлович оғиз очишга қўймади.

— Биламан, ўғлим, ҳаммасидан хабардорман. Сенга қандай таклиф киритганигача етказишди менга… Майли, бизнинг ишда сотқинлик ҳеч қачон кечирилмайди. Шу гапим ҳамиша ёдингда бўлсин… Айтганча, бу сенга атаб қўйган биринчи совғам бўла қолсин. Иккинчисини эртага қабул қилиб оласан. Қани, мурдани опчиқиб йўқ қилларинг!..

Қариянинг орқасида турган Латта ва яна икки соқчи йигит Червоннинг жасадини даст кўтарганча хонани тарк этишди.

— Сен бемалол уйқуни уравер! — деди Валерий амаки чиқиб кетаётиб. — Бунақанги нарсаларга вақти келиб сенам кўникиб кетасан…

Эрта тонг. Кенг елкали, мўйловдор, юзларига сепкил тошган Гоганинг шаҳар четидаги қароргоҳи. Худди немислардагидек ихчам, аммо жуда чиройли қилиб қурилган икки қаватли уй ҳовлисига кенг ва баланд сўри ўрнатилган. Айлана атрофи соқчи йигитлар билан ўраб олинган сўрида Гога бир ўзи нонушта қилиб ўтирарди.

— Ҳой, Иля!.. — кутилмаганда у уй томон ўгирилиб қичқирди. Шу заҳоти бўйи икки метрлар чамаси келадиган ингичка бўйин бир йигит югуриб келиб Гоганинг қаршисида пайдо бўлди.

— Чақирдингизми, хўжайин? — сўради у икки қўлини кўксига қўйиб.

— Ҳа, чақирдим. Қани, сўрига чиқ!..

Иля итоат билан сўрининг бир четига чўкди.

— Анави қариянинг дўкони нима бўлди?

— Валеранингми?.. Ярамаслар сира жон беришни исташмаяпти-да! — деди Иля бош эгиб. — Яхшиликчасига кўнмайдиган кўринишади. Ё дўконга ўт қўйиб юборайликмикан?

— Жинни бўлганмисан? Охири нима бўлишини ўйладингми, хомкалла?.. Ўт қўйиб юборармиш… Ундан кўра, бирор йўлини топларинг!.. Битта чолнинг чўнтагини шилиб ололмасанг, нима қилиб қандеб юрибсан менинг даргоҳимда?..

— Айтишларича, янги келган ёрдамчиси жа пишиқ, қаттиққўлмиш.

— Нима?.. Анави ўзбакни айтаяпсанми?.. Вей, ҳали-чи, қаёқдаги ўзбак мендай грузинни қайириб ташлай олмаган. Бурнини артсин ўша келгинди!..

— Шунақа дейсиз-у, лекин…

— Бас қил! — Илянинг ёқасидан олиб ўзига яқинлаштирди Гога. — Хотинчалиш!.. Агар кўзларимга кўринса ўша ўзбак, қандай аҳволга солиб қўйишимни кўрардинг!.. Ҳе, ҳезалаклар!..

Иля ниманидир сезгандек, тўсатдан дарвоза томон кўз ташлади.

— Хўжайин, кимдир келандай бўлди! — хириллади у қўллари билан дарвозани кўрсатиб. — Машина келиб тўхтагандай бўлди.

— Нима бўпти? — Гога унинг ёқасини қўйиб юборди-да, дарвозадаги соқчиларга қичқирди.

— Вей, ким экан? Нима иши бор экан?

Соқчилардан бири дарвозани очди-ю, аммо шу ондаёқ олдинга мункиб кўздан ғойиб бўлди. Орқасидан иккинчиси чиқиб… У ҳам қайтиб ичкарига кирмади.

— Ие, ким ўзи булар?..

Гога даст ўрнидан турди-да, тансоқчилари қуршовида ташқарига қараб юрди.

Ана шу маҳал ҳовлига Йўлдош кириб келди. Унинг атрофида ҳам автомат тутган ўн чоғли йигит қўриқлаб келарди.

— Ким ўзи бу нусха? — Гога секин Иляни туртиб сўради.

— Ўша… Қариянинг янги ёрдамчиси шу, хўжайин!..

— Шунақами?.. Ҳой, ўзбак, менинг даргоҳимга берухсат киришга ким изн берди?..

Йўлдош ундан ўн қадамлар нарида тўхтади. Икки томоннинг соқчилари ҳам қуролларини отишга шай қилиб туришар, кўзлари бир-бирларини тешиб кетгудек совуқ чақнарди.

— Сен ким бўлибсанки, рухсат сўраб кирсам?! — жавоб қилди Йўлдош кулимсираганча уйни кўздан кечираркан. — Ўзинг бор-йўғи бир хизматкорсан…

— Оғзингга қараб гапир! — ўшқирди турганерида Гога. — Ҳозир шу гапинг учун йигитларим қонингни канадай сўриб олишади.

— Йўғ-е, наҳотки?.. Улгуришармикан қонимни сўришга?

— Кўрсатиб қўйишсинми?

— Сен ундан кўра, орқангга ўгирил-да, томга қара!

Гога шошиб ортига ўгирилди. Томда беш нафар йигит у тарафга қурол ўқталиб туришарди.

— Энди чап томонингга боқ! Энди ўнгга!..

Ҳақиқатан, уй тахминан ўттиз нафар мерганлар томонидан ўраб олинганди. Гога буни кутмаган эканми, сал паст тушди.

— Нима бало, бутун бошли армияни бошлаб келдингми уйимга? — сўради у совуқ тиржайиш қилиб. — Ўзинг яхшиликчасига келсанг ҳам кутиб олардик…

— Сен яхшиликни билармидинг? — деди Йўлдош. — Агар яхшиликни билганингда, шаҳарда шундай обрўли одамни оёқости қилмасдинг. Билиб қўй, яна бир марта бизнинг «точка»ларга кўз олайтирганингни эшитсам, хафа бўлиб юрма!..

— Қўй энди ошна! — вазиятни юмшатишга урина кетди Гога. — Сенам, менам тижорат одамларимиз. Арзимаган пулни деб бир-биримизга қурол ўқталиб юрсак, одамлар нима дейди? Қўй, ундан кўра, дўст бўлиб қолайлик!.. Бирлашиб душманларнинг додини берайлик!..

— Шунақами? — кулди Йўлдош. — Яхши, биз кўндик деб ҳисоблайвер!.. Қўлни ташла, менинг исмим Ринад!..

— Жуда хурсандман! Мана бу эркакча гап бўлди, ошна!.. Миллатлар ўртасида дўстлик бўлса, ҳеч ким кам бўлмайди. Қани, сўрига марҳамат қил, дўстим! Биз энди сенминан қиёматли дўстмиз! Ҳой, Иля, нега қараб турибсан? Бор, Грузиямнинг энг зўр виноларидан опчиқ! Дўстимни бир меҳмон қилмасам шу кеча ухлай олмайман!..

— Кераги йўқ. — деди Йўлдош Гогага яқин келиб унингелкасига қўлини қўяркан. — Очиғи, эрталабдан ичадиган одатим йўқ. Меҳмондорчиликни Худо насиб қилса, келаси сафар албатта уюштирамиз…

— Шундайми? Ҳа майли, нимаям дердик? Зоримиз бор, зўримиз йўқ… Хўш, Ринад, бизга яна қандай хизматлар бор?.. Айтавер, мен яқин дўстларим учун жонини фидо қиладиган йигитман.

— Сенгами? Ҳалиги гап. Бизнинг «точка»лар тинч турса бас.

— Гап йўқ, ошна!.. Ҳозироқ йигитларни огоҳлантириб қўяман!

— Бўпти, кўришгунча!..

Йўлдош секин ташқарига йўналди. Соқчилар эса, барибир ҳушёр юриб боришар, ҳар қадам босганда орқаларига қараб-қараб олишарди…

 

* * *

 

Йўлдош йигитлар билан бирга қариянинг «қароргоҳ»ига қадам босиб улгурмай, чўнтагидаги қўл телефони жиринглади. Телефон одатда Валерий Михайлович қўнироқ қилгандагина жирингларди. Шунинг учун бу гал ҳам Йўлдош тугмачани босибоқ ҳар галги саломини такрорлади.

— Салом, Валера амаки! Ҳаммаси яхши!..

— Мен амакинг эмасман! — гўшакдан қандайдир таниш овоз эшитилди-ю, аммо Йўлдош дарҳол овоз соҳибини анлаб ололмади.

— Кечирасиз, кимсиз?

— Ие, эски танишларниям шу қадар тез унутадими одам?..

Бу Қувондиқ ака эди. Йўлдош таниб бироз хижолат тортган бўлди.

— Узр, ака, сал хаёл олиб кетган экан. Ўзингиз қалайсиз? Қаердасиз?

— Сен яшаб турган шаҳардаман. Гап бор. Тезда Улянов кўчаси, еттинчи уйгаетиб кел!.. Иложи борича тезроқ, ука! Вақтим жуда оз!

— Хўп бўлади!..

У чиндан ҳам хурсанд бўлиб кетганди. Ахир, келганидан бери Қувондиқ ака бирор марта ҳам қўнғироқ қилмаган! Йўлдош ана шунга ҳайрон бўлиб юрганди…

Кўз очиб юмгунча машина уни айтилган манзилга олиб борди.

Уй жуда кўримсиз эди. Ҳатто, кириладиган эшиги ҳам яримтаки тахталардан амаллаб тикланган. Чорпоядеккина ҳовлини хазон босган…

— Ҳа, ҳайрон бўлдингми нега ака бу қадар эски ҳовлига жойлашибди деб? — кулди Қувондиқ ака Йўлдошнинг билагидан тутиб омонатгина стулга ўтқазаркан. — Ҳайрон бўлма, мана, сен ҳарқалай ишончимизни оқладинг! Худо хоҳласа, қасрлардай ҳовли олиб берарсан…

— Устимдан кулманг-да, ака! — деди Йўлдош бироз хижолат тортган кўйи. — Ҳали сиздай бўлгунимча қанча қовун пишиғи бор!..

— Майли, бу гапларни қўйиб турайлик… Сенга битта топшириқ бор.

— Эшитаман.

— Сени бу ерга нима мақсадда юборганимни тушунибетгандирсан?

— Ҳа, дўстингизга ёрдам беришим учун.

— Бу тўғри. Локигин сен асосий мақсадимни тушунмаган кўринасан.

— Яна қанақа мақсад?

— Аниқлаб билдимки, чол сенга ўзига ишонгандай ишониб қолган. Бутун сир-асрорларидан хабардор экансан.

— Тўғри, Валера амакиминан муносабатларимиз ёмон эмас.

— Куни кеча сени ўлимдан олиб қолганмиш. Ростми?

— Ҳ-ҳа… Бир ярамас мени ўлдирмоқчи бўлганди…

— Энди-чи, ошна, чолни банкротга учратиб, бойликларини арра қилиш вақти етди.

— Нима?..

Йўлдош беихтиёр ўрнидан туриб кетди.

— Қанақа банкрот?..

— Қанақа бўларди?.. Нима, мен сени шунча пайт бир дунё пул сарфлаб бекорга тайёрладимми?.. Йўқ, бу ярамас милён-милён пулларга осонгина эгалик қилиб ўтирибди… Хуллас, кўп гапириб ўтиришни ёқтирмайман, биласан. Ҳозир борасан-у, ишга киришасан. Биринчи қиладиган ишинг, чолдан васиятнома олиш. Агар у сенга бутун бойликларини хатлаб берса, ошиғимиз олчи деявер!.. Ундан кейин… Битта қарияни ўлдириш сен учун чўт эмас… Бўпти, бор, биронта ҳидланиб юрмасин! Сенга бир ҳафтадан кейин қўнғироқ қиламан. Шу муддат ичида ҳамма ишни қойиллатишинг лозим. Мабодо, хаёлинг бузиладиган бўлса… Биласан-а, сени турмага қайтариб юбориш менинг қўлимда!?.

Йўлдош индамади. Бирор сўз айтишга ожиз эди. Шу тобда хаёллари буткул чалкашиб кетганди. Яқиндагина ўзи жонли маъбудга айлантириб қўяёзган Қувондиқ ака аслида бунчалар айёр, шафқатсиз одам эканига сира ишонгиси келмасди…

— Болам, кел, тўрга ўт!..

Йўлдош ичарига кириб келиши билан Валерий Михайлович уни ўтиришга ундади.

Пайқамаган экан. Бир четда кўзойнак таққан озғингина эркак ҳам ўтирарди.

Шоша-пиша унга салом берди.

— Бу одам нотариус. — таништирди қария. — Биласанми, грузиннинг попугини пасайтирганингни эшитиб меҳрим товланиб кетди… Нима қилай, дунёда яқин дўстим қолмабди ўйласам. Битта сени Худонинг ўзи юбориб қўйибдики, келгусида сендан бошқаси менинг ишларимни давом эттира олмайди. Бунга тўлиқ аминман. Шунинг учун… Сенга айтгандим-ку, иккинчи совғани кейин оласан деб… Ҳозир сенга бутун топганларимни хатлаб бераман. Иншооллоҳ, ҳозирдан эътиборан барча ишларни, маъсулиятни, қолаверса, ҳокимликни ўз қўлингга оласан-у, яшайверасан.

— Б-бу нима деганингиз? — деди Йўлдош иккиланиб. — Кечагина келиб…

— Бу гапларни зинҳор тилингга олма! Сен менинг энг содиқ ёрдамчим. Меросхўр бўлишга ҳақлисан. Қани, манави қоғозларга имзоингни қўй!..

Валерий Михайлович сўзини қайтарганларни ёқтирмаслигини Йўлдош билиб қолганди. Шу сабабли индамай кўрсатилган қоғозларга имзо қўйди.

— Табриклайман сени, ўғлим! — уни бағрига босиб кўзларига ёш олди қария. — Ўтинаман, мендан кейин ишларни тўхтатиб қўйма! Учраган одамнинг гапига ишониб кетаверма! Ўзингга маҳкам бўл! Кейин бир кун келиб албатта илгари тайинлаганимдек, бойликларни ватанга олиб кет!.. Бу ерда қолиб кетмасин!.. Шундагина руҳларим шод бўлади…

Бу ҳодиса шу қадар тез муддат ичида содир бўлгандики, Йўлдош хонасига киргандан кейин ҳам ишонгиси келмади…

Бироз муддат ўтгач, беихтиёр Қувондиқ аканинг сўзларини эслади… Ва ижирғаниб қўйди.

— Ифлос-ей, — шивирлади ўзича. — бойликни арра қилармиш. Қилиб бўпсан!.. Энди бойликлар меники! Мен эса, ўзимга тегишли нарсани бировга инъом қилишни, айниқса, сендақанги ифлосларга тортиқ қилишни ёмон кўраман!

Шу куни Йўлдош негадир жуда эрта уйғониб кетди. Бунақаси камдан-кам бўларди. Одатда турли югур-югурлардан сўнг чарчаб ўзини каравотга ташладими, тамом, соат эрталабкиеттисиз кўзларини оча олмасди. Бугун эса…

Кўнгил ҳам ғаш. Юрак худди кўнгилсиз ҳодисани сезаётган каби одатдагидан тезроқ ураяпти…

У уф тортганча стол устидаги соатига қаради. Энди тўртга яқинлашибди.

Валерий Михайловичнинг ётоқхонаси рўпарада жойлашгани сабаб деразадан хона ичкариси ойнадай кўриниб турарди.

Йўлдош секин ўрнидан туриб ўша томонга назар ташлади.

Қизиқ, негадир қариянинг чироғи ёниқ.

— Уйғонган бўлса керак. — кўнглидан ўтказди Йўлдош. — Кириб ҳол-аҳвол сўраб қўйсаммикан?.. Кеча қанақадир… Ғалатироқ сезаётганди ўзини…

Адашмабди. Йўлакдаги, ҳовлидаги қўриқчилар ҳам уёқдан-буёққа безовта бориб келишар, қовоқларидан қор ёғарди.

— Нима бўлди ўзи? — эшик олдидаги соқчи йигитдан сўради Йўлдош йўл-йўлакай кўйлаги ёқасини тўғрилаш асносида. — Тинчликми?..

— Сизни уйғотмасликни буюргандилар. — оҳиста Йўлдошнинг қулоғига шивирлади соқчи. — Чарчаган, Ринад акангга тегмаларинг деб қаттиқ тайинладилар.

— Мен сендан нима бўлди деб сўраяпман! — кутилмаганда соқчининг ёқасидан олди Йўлдош. — Нимага чайналасан? Гапир!

— Валерий Михайловичнинг анча мазалари қочган. Ҳозир олдиларида врач ўтирибди.

Йўлдош бу гапни эшитди-ю, эшикни авайлабгина очиб ичкарига қадам қўйди.

Ҳақиқатан қария каравотида кўзларини юмган ҳолда ётар, хос врачи билагига укол қилаётган экан.

— Нима бўлди? — врачдан сўради Йўлдош каравотнинг бир четига ўтириб Валерий Михайловичнинг пешонасига қўлини қўяркан. — Кеча кўрганимда яхши эдилар-ку!..

— Юраклари яна безовта қилибди. — жавоб қилди врач. — Охирги пайтларда тез-тез хуруж қиладиган бўлиб қолган.

Йўлдошнинг овозини эшитдими, қария кўзларини очди.

— Намунча эрта уйғонмасанг, болам? — эшитилар-ешитилмас Йўлдошга пичирлади у. — Кеча кўп ишлагансан. Бор, ётиб ухла! Мен… Яхшиман…

— Сиз хавотир олманг, Валера амаки! — деди Йўлдош қариянинг пешонасига қўлини қўйиб. — Уколдан кейин бироз ухлаб дам олишингиз зарур.

Қария норози қўл силтаб қўйди.

— Э, бу уколни ўн беш йилдан бери қилишади менга. Фойдаси бўлса-чи!.. Қўлларимни илма-тешик қилганлари қолади, холос…

— Шуям дардингизга бир малҳам-да!..

— Менга қара, — қария Йўлдошнинг билагидан ушлаб кафтларини юзига босди. — сени болам деганман… Илтимос, мендан кейин анави беданаларим қаровсиз қолиб кетмасин!.. Мен уларни бир умр қаёқлардан ташиб келиб йиққанман…

— Оббо сиз-ей! — ўзини мажбурлаб бўлса-да кулимсиради Йўлдош. — Ҳалитдан ўлимни бўйнингизга олиб ўтирибсиз-а!.. Мана кўрасиз, бир-икки соатдан кейин отдай бўп кетасиз…

Валерий Михайлович жавоб бермади. Аксинча қўлини кўтариб бир-икки эшик томонга ишора қилди. У Йўлдошни хонадан чиқиб туришга ундарди чамаси…

— Б-бедана… Б-б-б…

Бир умр шаҳридаги манаман деган кимсаларни зир титратиб келган Валерий Михайлович сўнгги сўзларни тўлиқ айтишга улгурмади. Аввалига хириллаб йўталмоқчи бўлди. Кучиетмади шекилли…

Уч-тўрт бор ётган ерида кўксини кўтариб-кўтариб олди-ю…

Жимиб қолди…

Йўлдош бўлса… Мурданинг кўксига бошини қўйганча юм-юм йиғларди…

 

* * *

 

Валерий Михайловичнинг жасадини шаҳардаги энг нуфузли шахслар дафн этиладиган қабристонга олиб келишди. Дафн маросимига жуда кўп одам йиғилганди.

Йўлдош дарвозадан иккита «Мерседес» ичкарига кирганини кўриб ҳушёр тортди. Машиналар негадир танишдек эди…

Ҳа, танишлиги аниқ. Бу Гогага тегишли машиналар экан. Грузин қоп-қора костюмда тансоқчилари ҳамроҳлигида тўппа-тўғри Йўлдошнинг ёнига келди ва уни бағрига босди.

— Эҳ, дўстим, шундай улуғ инсондан айрилиб қолдик! Таъзиямни қабул эт!..

— Раҳмат, Гога, келганингдан хурсанман! — деди Йўлдош гарчи душманининг сўзлари, қовоқ уйишлари ясама эканини сезиб турган бўлса-да. — Шундай оғир кунда фақат яқин дўстларгина ҳол сўрашга келади.

— Ҳа, гапларинг тўғри. Орамиздаги баъзи бир низоларни шуернинг ўзида, шу онларда унутиб худди қариндошлардек борди-келди қилишни, бирлашишни истардим, дўстим!..

Йўлдош атрофдагиларнинг ола қараётганига эътибор бермаслик учун Гогани янада қаттиқроқ қучиб қулоғига шивирлади:

— Ўзинг айт, бир-бирининг қонига ташна бўлиб юрадиган одамлар бирлаша олармикан?

— Бу нима деганинг, Ринад? — бош чайқади Гога. — Бундай хаёлларни каллангдан чиқариб ташла!.. Энди қария йўқ. Шундай одам ҳам… Мана, кўриб турибсан, қуруқ қўл билан орамиздан кетди. Дунё шунақа-да!.. Минг чиранганимиз билан, бир-биримизни ўлдириб-сўйганимиз билан нимага эга бўламиз? Шу икки метр чуқургами? Қўй, энди Валерий Михайлович амалга оширолмаган ишларни сен юзага чиқаришинг керак. Агар мендан ёрдам зарур бўлса, уйимни биласан. Бемалол суянаверишинг мумкин…

Шу пайт Йўлдошнинг кўзлари бир четда уларга тикилиб турган Қувондиқ акага тушиб қолди.

— Ие, — хаёлидан ўтказди у Гогани бағридан бўшатаркан. — қачон келди бу нусха?.. Қўнғироқ ҳам қилмаганди. Қаёқдан эшита қолдийкин?..

Қувондиқ ака ҳам Йўлдошнинг хаёлларини пайқаган кўйи аста юриб келибелкасига қўлини қўйди.

— Бардам бўл, йигит!.. Валера амакини Худо раҳмат қилсин-у, иккаламизниям келгусида яхши ниятларимизга етказсин!..

— Тўғри, — жавоб қилди Йўлдош зўрға жаҳлини ичига ютиб. — фақат яхши ниятларимизгагинаетказсин, ишқилиб!..

Қувондиқ ака совуққина кулиб қўйди-да, видолашиш учун сўз олган Гога томонга ўгирилди.

— Дўстлар, — қовоқларини уйганча сўз бошлаганди Гога. — мен жуда қайғуда қолдим. Қаранглар, буерда марҳумнинг қанча-қанча дўстлари, яқинлари туришибди. Шулар қаторида мен ҳам бу инсонни отам дегандим. Келгусида унинг меҳридан, мурувватларидан баҳраманд бўлармиканман деб умид қилгандим. Афсус, отамиздан айрилиб қолдик!.. Мен энди бу инсоннинг давомчиси бўлиб қолаётган мана бу Ринадга… Ҳамманинг олдида сўз бериб айтаман… Шу йигитга қиёматли оға бўлдим!.. Дўстим, Ринад, сенга Худо сабр берсин! Мен ҳамиша ёнингдаман!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...