Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳам хайру саховат тадбирига ўз ҳиссаларини қўшди

0

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кенг кўламда кураш давом этаётган айни кунларда ўз тақдирини шу муқаддас Ватан тақдири билан чамбарчас боғлиқ деб билган, эртанги кунимиз учун дахлдорлик ҳисси билан яшаётган барча юртдошларимиз имкон даражасида хавфни бартараф этиш, осойишта кунларимизни қайтариш учун ўз ҳиссаларини қўшишга интилмоқда.

Халқимиз азалдан мурувватли, бағри кенг ва саховатпеша. Айниқса, юрт бошига синов келган бугунгидек кунларда қадрият даражасига айланган ўзбекона миллий ўзига хослигимиз яққол намоён бўлмоқда.

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига келиб тушаётган маблағлар халқимизнинг ана шундай ҳамжиҳат ва савоб ишларни қилишга чанқоқлигини кўрсатади.

Ватан тинчлиги, юрт осойишталиги ва халқ фаровонлиги йўлида матонат билан хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар ҳам бу эзгу ишдан четда қолганлари йўқ.

Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар ихтиёрий равишда бир кунлик иш ҳақларини мазкур фондга беғараз ўтказиб беришди.

Азиз юртдошлар! Сиз уйда қолинг, биз сиз учун хизматдамиз!

Бу шарафли касб эгаларининг ватандошларимизга қарата айтилган даъватидир.

Сиз бу даъватга қулоқ тутинг ва тез кунда юртимиздан коронавирус пандемиясини тўлиқ бартараф этайлик.

 

loading...