Самарқандда кучли ёмғир сабабли сув тошқини содир бўлди (фото)

0

Куни кеча ижтимоий тармоқларда сурункали ёмғир ёғиши сабабли Самарқанд вилоятида сув тошқини юзага келганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалди.

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, 6 апрель куни фуқаролар ёмғир сув ўтказиш тизимларига сиғмасдан айрим кўчалар ва аҳоли хонадонларининг ҳовлиларига сув кирганлиги ҳақида маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан бошқарма ҳамда маҳаллий ҳокимликлар, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари томонидан ўзаро ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги кўчалар, маҳаллалар ҳудудларидаги ариқлар ва ерости қувурларида тозалаш ишлари олиб борилди.

Жумладан, Самарқанд шаҳри “Кулолон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Чашма” коллекторига оқава сувлари сиғмасдан, шаҳарнинг Регистон ва Даҳбед кўчалари кесишмасида тўпланган. Шунингдек, Сиёбча каналида ҳам худди шундай вазият кузатилиб, оқибатда автотранспорт воситаларининг қатновида қийинчилик юзага келган.

Бундан ташқари, ёмғир сувлари шаҳар ҳудудидаги қатор маҳаллалар ва кўчалардаги аҳоли хонадонларининг ҳовли ва ертўла қисмларига ҳам кирганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш тадбирларига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 84 нафар ходим ва 11 та махсус техника, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, тегишли идора ва ташкилотлардан 83 нафар ходим ва 12 та техника жалб қилинган бўлиб, 52 та хонадонга амалий ёрдам кўрсатилди.

loading...