Навоийда карантин вақтида ўз уйини дискотекага айлантирган ёшлар жаримага тортилди

0

Навоий шаҳрида ўтказилган тунги рейдлар давомида, ўз уйида дискотека ташкил қилган шахс аниқланди. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБга асосланиб daryo.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, тунги соат 01:30 да шаҳардаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадондан чиқаётган баланд мусиқа овози тунги назоратдаги ички ишлар идоралари ходимларининг эътиборини тортган.

Ички ишлар ходимлари мазкур хонадонга келганда, бир неча йигит-қиз у ерда спиртли ичимлик ичиб, тунги клуб манзарасини яратгани ва кўнгилхушлик қилаётгани аниқланган.

Хонадон эгаси ва у ерда бўлган бошқа йигитларнинг айтишича, «улар кўнгилли сифатида қарияларга ёрдам берган ва карантин нима эканлигини яхши билади».

Ички ишлар ходимлари томонидан бу ҳолатга чек қўйилган, мазкур фуқаролар карантин қоидаларини бузгани учун жаримага тортилган.

loading...