«Саҳар» гуруҳи хонандаси Анвар Жўраев нима сабабдан 16 йил аввал Қозоғистонга кетиб қолганини айтди

0

«Саҳар» гуруҳи хонандаси Анвар Жўраев «MyDay Stories» дастурига берган интервьюсида 16 йил аввал Қозоғистонга кўчиб кетишга уни нима мажбур қилгани ҳақида гапирди, деб ёзмоқда daryo.uz.

«16 йил аввал вазият шуни тақозо этган ва биз кўчиб кетишга мажбур бўлганмиз. Ўз ихтиёримиз билан, албатта. Бу кўпроқ мусиқий қизиқиш билан боғлиқ. Ўшанда Қозоғистонда жонли мусиқа йўналиши ривожланаётган эди. Бу ўзимизни бошқа давлат эстрадасида синаб кўриш истаги ҳам бўлган. Дўстларим чақиришган, келинглар, бу ерда шароитлар яхши, қизиқ, дейишган. Шундай қилиб кетганмиз. 20 ёшингда рюкзакни елкангга осиб, уйдан чиқиб кетаверасан», — дейди Анвар Жўраев.

Лойиҳа муаллифи хонандадан Ўзбекистондаги машҳурлик ва мухлисларни ташлаб, Қозоғистонда ҳаммасини бошидан бошлашга уни нима мажбур қилгани ҳақида сўради.

«Ўша пайтда Ўзбекистонда тўйга мос шоу-бизнес шаклланган эди. Яъни, ҳамма пул тўйдан тушган. Биз эса сал бошқачароқ стадионлар бўйлаб концертлар, давлатлар бўйлаб турлар ташкил этишни назарда тутувчи йўналишда ишлагимиз келган. Тингловчиларимиз бор эди, бизни яхши кўришарди. Лекин биз билан нима қилишни билишмасди. Мусиқамиз зўрлигини, юракдан чиқаётганини одамлар биларди, лекин бизни тўйга чақиришсинми ёки бошқа тадбирларга чақириб, барабан садолари остида овқатланишсинми, хуллас, нима қилишни билишмасди биз билан.

Биз ҳам ҳамма қатори бойиб кетишни, машҳур бўлишни орзу қилардик. Кейин оила қурдик ва биз ниманидир ўзгартириш кераклигини тушундик», — дея жавоб беради хонанда.

Маълумот учун, «Саҳар» гуруҳи яккахони Анвар Жўраев 2004 йилда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига кўчиб кетган. Хонанда ҳозиргача Олмаотада яшаб, ижод қилади.

«Ўшанда Ўзбекистондан кетмаганимда нима бўларди, билмайман. Онам нуқул менга ‘агар Ўзбекистонда қолганингда, аллақачон халқ артисти бўлардинғ, дейди. Лекин мен ижод қилишдан тўхтамадим. Олмаотада кўчада юрсам одамлар мени танишади, ‘сиз тўйимга боргансиз, туғилган кунимга боргансиз’ дейишади, суратга тушишади», — дея қўшимча қилади Анвар Жўраев.

loading...