Унутилмас кашфиёт: агар ҳаёт бўлганида у бугунги қайноқ жараёндан бир зум узоқлашмасди…

0

Жуда кўплаб ривожланган мамлакатлар олимлари унинг чуқур анатомик илми ва камдан-кам жарроҳларга насиб этадиган ўткир зеҳни ҳақида ҳанузгача алоҳида ҳурмат билан гапирадилар. Менга эса у яратган тиббий кашфиёт ҳақида умрининг сўнгги кунларида интерьвю олиш бахти насиб этганди.

Коронавирус пандемиясига қарши куну тун тиним билмай курашаётган шифокорлар, профессорнинг шогирдлари ва минглаб ҳамкасб сафдошлари кўрсатаётган жасоратли инсонпарварликка гувоҳ бўлар эканман, хаёлимга келган биринчи фикр шу бўлди.

Агар у ҳаёт бўлганида, бугунги қайноқ жараёндан бир зум узоқлашмасди…

У юзлаб монография ва ўнлаб илмий ишланмалар муаллифи, тиббиётда илк маротаба кўкрак хирургиясининг долзарб муаммолари устида илмий изланишлар олиб бориб, беморларнинг 4-клапанли юраги атрофидан айланиб ўтувчи 5-клапан системаси қўйиш мумкинлиги ва бу услуб бемор ўлимига сабаб қатор асоратларга чек қўйишини амалиётда муваффақиятли исботлаб бера олган тиббиёт фанлари доктори профессор Бобоқул Бобожонов…

«ТИЛДАН ҚОЛГАН» БОЛАЛИК

Ўртакентликлар Бобожон ҳофизнинг қизи тўсатдан қазо қилганлигини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлашди. Кифоятхоннинг таъзиясига бутун қишлоқ, яна атрофдаги маҳаллалардан ҳам тумонат одамлар ёғилиб келди. Қани Кифоятнинг хандон, шўх кулгилари, қаерларда қолди…

Келди-кетди билан овора бўлиб, Бобоқулнинг тошдек жим қотган аянчли кўринишига дастлаб ҳеч ким эътибор бермади. Бир куни Адолатхон ая ўғилчасининг буткул тилдан қолганлигини пайқаб, қишлоқ табибига олиб борди…

«Қаттиқ қўрққан кўринади, вақт ҳакам, кутиш керак, ўтиб кетади» — табибнинг бу гапидан онахоннинг кўнгли таскин топди, бироқ қизининг оғиз-бурнидан қон кетиб жон бераётганида ўғилчаси ҳам ўша ердалигини эслаб, тилдан қолган Бобоқулини бағрига маҳкам босди. Бобоқул эса гапиролмаса-да, онасининг маъюс кўзларига узоқ тикилиб ич-ичидан гапирарди… «Мен катта бўлсам, албатта доктор бўламан».

Шу бўлди-ю, Бобоқул роппа-роса 6 ой гапиролмади. Қишлоқ табибининг айтгани тўғри чиқди. Бобоқул яна бийрон-бийрон гапиришда давом этди. «Мен ўша воқеани тақдиримга битилган ҳикмат деб биламан, гўдак тасаввуримда қолган хотираларимдан чиқарган сабоқларим мени ҳаётда ўз ўрнимни топишим ва одамларга ёрдам бериб яшашимга сабаб бўлди. Опамнинг бевақт ўлимидан кейин фақат аъло ўқишга ва албатта доктор бўлишга аҳд қилдим. Қишлоқдаги мактабни олтин медаль билан тамомладим. Математика фанидан ўтказиладиган фан беллашувида биринчи ўринни олдим. Имтиёзли дипломим борлиги сабаб мени Педагогика институтининг физика-математика факультетига имтиҳонсиз қабул қилишди. Отам раҳматли ўша куни бутун оиламизни, қариндош уруғларни йиғиб бу хурсандчиликни эълон қилганларида мен кўзларимда ёшим билан, ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган бахтли тасодифдан воз кечдим. Ўша имтиёзли дипломим билан Самарқанддаги Тиббиёт институтига суҳбат билан қабул қилишди. Ўзимга берган ваъдамга вафо қилиб, олийгоҳда яхши баҳоларга ўқишга тиришардим. Мақсадим жарроҳ бўлиш эди. Буни пайқаган устозларим Короленко Павел Никитович ҳамда Голуб Федя Моисеевичлар амалиётлар жараёнида жарроҳлик билан шуғулланишимга имконият яратиб беришарди. 1962 йили давлат имтиҳони натижаларидан кейин институт тавсияга асосан, Бухоро шаҳар касалхонасига хирург лавозимига йўлланма олдим. Бироқ, ҳамма вақт ҳам, сен истагандек бўлавермас экан. Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи йўлланмани рад этиб, мени Шофирконнинг Чандир қишлоғидаги касалхонага бош врачликка тайинлади. Билмадим, мени бу таклиф, айниқса раҳбарлик иши қувонтирмади. Мақсадим ҳақида ўйлардим, мен жарроҳ бўлишим керак деган истагим тинчимни ўғирлаганди.

Қишлоққа борсам, мактабдаги собиқ устозим ўша колхоз раиси экан. Бахтиёр акадан касалхона ёнига 3 та кичик лаборатория қуриб беришини илтимос қилдим. У мақсадимни англагач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, лабораторияни менинг ихтиёримга топширди. Касалхонанинг ташкилий ишларидан орттирган вақтим эвазига кўпроқ тунлари чироқ ёқиб итларда амалиёт олиб бордим. Институтда ўрганган билимларимни «Ўпка хирургияси» соҳасидаги ғояларим ва ишланмаларимни шу мўъжаз қишлоқ лабораториясида ҳайвонларда синаб кўрардим. Ўша кунни сира ёдимдан чиқармайман. Москвадан бир гуруҳ комиссия аъзолари аҳоли саломатлигини ўрганиш учун бизнинг касалхонамизга ҳам ташриф буюришди. Ҳовли ўртасида бир ҳовуз бўларди. Комиссия аъзоларининг текширув хулосалари эшитилаётган бир пайтда ҳовузнинг нариги томонидан тажрибадаги итлардан бири ўтиб қолди. Унинг ўнг биқинига шланг улаб қўйилган эди. Москвалик доктор ўрнидан сакраб турди… Қай аҳволга тушганим бир ўзимга аён эди. Устига-устак, Марказ раҳбари мени қаттиқ койий кетди. Шундан сўнг ичимдаги бор гапларни тўкиб солдим. Мақсадим хирург бўлиш эканлиги ўпка хирургиясини ўрганиш ва янгилик яратиш устида илмий иш олиб бораётганим, бу интилишларимга опам Кифоятхон билан рўй берган фожиа сабаб бўлгани, хуллас, бир йиғлаб, бир гапирардим. Марказ раҳбари эса, гапларимни бўлмасдан жиддий эшитар, атрофдагилар ҳайратдан қотиб қолгандилар.

Москвалик доктор ҳамманинг кўз ўнгида елкамга қўл қўйиб: «Мен сенга ёрдам бераман, жавобимни кут», деди ва кетаётиб мен билан алоҳида қўл сиқиб хайрлашди.. Ўша воқеадан сўнг бир неча кун ўзимга келолмай юрдим. Шундай кунларнинг бирида вилоят Соғлиқни сақлаш Бошқармасидан буйруқ олдим. Унда мени вилоят Сил касалликлари диспансери таракал хирургия бўлимига ишга ўтказиш ва 6 ой малака ошириш учун Грузияга юбориш тўғрисида ёзилганди..

Грузияда 6 ой давомида етакчи мутахассис Николай Варданович Антиловдан ўпка хирургияси бўйича сабоқ олдим. Кўплаб операцияларни устозим назоратида мустақил ўтказдим. Муддат тугагач, Бухоро ССБга яна икки ойга амалиёт чўзилганлиги ҳақидаги телеграмма юборилди. 2 ой давомида Закавказье шаҳридаги ГУЛРИПШИ сил касалликлари санаториясида ишлаб тажриба орттирдим.

Ўзбекистонга қайтганимда 24 ёшда эдим. 1966 йилга қадар вилоят сил касалликлари диспансерида ишлаб, биринчилардан бўлиб ўпка етишмовчилигини операциялар орқали бартараф эта бошладим.

Худди шу йили Тошкент врачлар малакасини ошириш институтига аспирантурага кириш учун имтиҳон топширдим. Синовлар муваффақиятли ўтди, бироқ шахсан ректорнинг таклифи билан ўз ўрнимни бошқа бир инсонга, устози васият қилганлиги учун бўшатиб беришга қарор қилдим. Менинг қатъиятим ректорда яхши таассурот уйғотиб, у мени Тошкент медицина институтида ўз соҳам бўйича ишлаб қолишга таклиф этди. Бир неча бор операцияларда иштирок этиб, салоҳиятим ва малакамни синовдан ўтказгач, мени 1966 йил ТОШМИ факультатив хирургия кафедраси ва клиникаси таракал хирургия бўлими мудири этиб тайинлашди. Назаримда, мақсадим сари эндигина бир қадам одимлаган эдим. Шундан сўнг кетма-кет изланишлар, ўқиб ўрганишлар натижасида кун сайин ўпка хирургиясининг сир-у синоатларини ўргана бошладим. 1986 йили Ленинградга Бутунжаҳон Онкология илмий текшириш институтига ТошМИнинг докторанти сифатида командировкага юборилдим. Бу катта илмий даргоҳда ўтган 3 йил менга тиббиётнинг тубсиз нажот қалъаси эканлигини, кимки меҳнат ва изланишдан чарчамаса ўша қалъани забт этиб, бир умр одамлар корига ярашдек ҳақиқат эшикларини очди.

1990 йилда докторлик диссертациясини ёқладим. Орадан бир йил ўтиб мустақиллигимизнинг биринчи йилида менга профессорлик унвони берилди. Биласизми, эришган ютуқ ва муваффақиятларим ичида энг олий мукофот мен учун жондан азиз юртимда топган қадрим ва ҳамиша кўзлари опамни, қарашлари онам ва отамни эслатадиган, менга ўз ҳаётини ишониб топширган беморимнинг самимий айтган раҳмати бўлди. Мен ҳар доим оғир ётган беморларни ҳаётга қайтарганимда кўнглимнинг аллақаерида ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмас хотиржамликни сезаман. Шогирдларим учун яратилган шароитлар, бир эмас, ўн эмас, минглаб синов лабораторияларидаги замонавий тиббий ускуналар, компьютер ва томография жиҳозларига қараб, ғайратим жўшади. Яна қайта шу юртда туғилгим, яна қайта шу элга хизмат қилгим келади.

Йиллар давомида олиб борган илмий изланишларимдан сўнг ва ниҳоят, ўпканинг олиб ташланган қисмида бўладиган ҳаёт учун хавфли кўрсаткичларга асосланиб беморларнинг 4 клапанли юраги атрофидан айланиб ўтувчи 5-клапан системасини қўйишга эришдим. Бу ҳаётбахш система операция қилинган беморлар ўлимига сабаб бўладиган асоратларга чек қўяди.

Профессор бироз тин олгач, столи устида турган қалин китобга ишора қилди. 900 варақдан зиёд бу китобга у айтаётган илмий ишланмалар жамланган эди.

Суҳбатдошим, табаррук 76 ёшида ҳам ўқиб ўрганишдан чарчамаган серғайрат инсон билан хайрлашиб, Бухоро кўчалари бўйлаб юрар эканман, унинг суҳбат охирида менга айтиб берган бир ривояти эсимга тушди:

Буюк файласуф Аристотел талабаларига сабоқ бераётиб, бир отахоннинг ариқдан сакраб ўтишига кўмаклашиб юборади. Шунда бир талаба: «Устоз, сиз улуғ инсонсиз, илмингиз кўп, зиёлисиз, у киши оддий кекса чол бўлса, нега югуриб бориб ўзингизга ярашмаган ишни қилдингиз», дейди. Аристотел: «У оддий чол эмас, 168 ёшга етган нуроний, у узоқ умр кўрибдими, демак, унинг илми меникидан устун», деб жавоб беради.

Бир куни мен кекса олимни байрам билан табриклаш ниятида қўнғироқ қилдим. Афсуски, унинг овозини эшитиш менга насиб этмади… Бу сафар мен уни дуо қилдим. Яратган у инсоннинг охиратини обод қилсин.

Гулчеҳра Мирзаева,
Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизмати ходими

(ЎзА)

loading...