«Ҳаммаси оддий». Хитой эпидемияни қандай жиловлади?

0

Хитойда истиқомат қилувчи, асли италиялик спикер ва ёзувчи Марио Каволо ҳукумат қандай қилиб коронавирусни қисқа вақтда жиловлай олгани бўйича шахсий кузатувлари билан ўртоқлашди деб ёзмоқда kun.uz.

«Хитойда 21 йилдан бери яшаётган шахс сифатида, мамлакат қандай қилиб эпидемияни назоратга олганини айтиб бермоқчиман.

Хитойда янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаётгани, бошқарув кучлари вирус устидан тўлиқ назорат ўрнатганининг боиси – аксарият провинцияларда касалланиш ҳолатлари 100дан кам бўлганда ҳам улар тўлиқ изоляция қилинган эди. Кўчада ҳар бир киши, мутлақо ҳамма ниқобда. Бу ихтиёрий эмас, мажбурий тарзда амалга оширилди. Жуда жўн кўрингани билан бу асосли сабаб.

Биргина мисол. Мен яшайдиган Ляонин провинциясида 89та касалланиш ҳолати аниқланганда ҳам бутун провинция ёпилган, тўлиқ назорат ўрнатилган эди.

Жамоат транспортлари, савдо дўконлари, офислар, таълим муассасалари – барчаси ҳеч бир истисносиз ёпилди.

Бирламчи зарурат билан энг яқиндаги озиқ-овқат дўконига чиққанингизда ҳам тана ҳароратингиз ўлчанади, сизнинг маршрутингиз ҳақида маълумот берувчи QR-код сканердан ўтказилади. Бу кодда шахснинг қаерда, қачон бўлганини кўрсатувчи маълумотлар сақланади.

Агар унда кейинчалик COVID-19 аниқлангудек бўлса, кимлар билан мулоқотда бўлгани шу орқали осонгина аниқланади. Бу вируснинг эпидемиологик маршрутини тиклаш учун ёрдам беради.

Уйда эса ўз ҳаётингиз билан яшайсиз. Фарзандлар таълими, масофавий иш…

Ўрнатилган тартибга ҳамма қатъий риоя қилди. Бутун мамлакат бўйича барча провинциялар, ҳеч бир истисносиз.

Аҳоли ҳукумат қил деган ишни қилди. Вазият оғирлашишини кутмади. Бу фуқаролик масъулияти холос. Сен ўзинг яшаётган жамият учун қайғуришинг, унинг саломатлиги учун масъулиятни ҳис қилишинг керак. Чунки сен ҳам шу жамиятнинг бир бўлагисан, шу жамиятда нафас оляпсан.

Феврал ойи якунидаёқ аксарият провинцияларда касалланиш кўрсаткичи нолга тушган эди. Шунга қарамай, барча кузатув ва назорат кучлари ўз ўрнида сақлаб қолинди. Янги касаллик ҳолати аниқланиши билан улар зудлик билан ишга туширилади. Бу – мамлакатда касалликнинг яна авж олиб кетмаслигини кафолатлайди.

Бутун мамлакатда «Green Health QR code» (Яшил саломатлик QR-коди) тизими ишлайди. Ҳар бир фуқаронинг смартфонида бу илова ўрнатилган. QR-код саломатлигингиз ҳақида маълумот беради. Жамоат жойларида юрганингизда код сканер қилинади. Агар код сариқ ҳолатда бўлса, сиз одамлар тўпланадиган жойга кира олмайсиз. Мабодо код қизил бўлса, уйда қатъий карантинда бўлишингиз шарт.

Бундай тизим мамлакатдаги хорижликлар учун ҳам ишлайди. Тўғри, баъзида бу асабингизга тегиши, конфиденциаллик масаласи ўйлантириши мумкин. Аммо ҳаммаси яхши бўлиши учун ҳам бу ишлар керак.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA)нинг Хитойда ҳалигача вазият ёмонлиги ҳақидаги ҳисоботлари ва ОАВдаги турли хабарларга келсак.

Уҳандаги крематорийлар (марҳумлар жасади куйдириладиган жой) тўлганининг сабаблари бор. Гап шундаки, 1 январдан бошлаб турли сабабларга кўра вафот этганларнинг жасадини олиб чиқиш имкони бўлмади, чунки эпидемия туфайли барча ташкилотлар ўз фаолиятини тўхтатган, дафн маросимларини ўтказиш имконияти ҳам йўқ эди. Табиий ўлим топганларнинг жасади ҳам сақланиб қолгани боис крематорийларда муаммо юзага келган. Бу эса вирусдан вафот этаётганлар сони кўп, дея талқин қилинди.

Миллионлаб одамлар мобил алоқани тўхтатганининг ҳам сабаби бор. Карантин туфайли уйда ўтиришига тўғри келган кам даромадли ишчилар ўз маблағларини тежаш мақсадида мобил алоқани ўчириб қўйишди. Бу узоқ вақт уйда даромадсиз ўтириш талаб этилгани учун қабул қилинган қарор. Бор гап шу.

Уйингизда қолинг, нотаниш шахслар билан мулоқотга киришманг, санитайзерлардан фойдаланинг, гигиенага риоя қилинг, огоҳ бўлинг. Сиздан талаб этиладигани шу», – деб ёзади Марио Каволо.

loading...