ҚОН ҚУСИБ ЎЛАСАН, КОРОНА ВИРУС…

0

 

 

Сен келдинг, кўксимни тиғлаблар қолдим,

Ёлғизлар шаҳрида йиғлаблар қолдим,

Балонинг бағрида ухлаблар қолдим,

Қарғишга қоласан, корона вирус.

 

Кимнингдир ёри ё боласи қолди,

Етимнинг кўзида жоласи қолди,

Энг сўнгги сўзида ноласи қолди,

Жувонмарг бўласан, корона вирус.

 

Бетингдан бузилгу-ур, бетсиз дарбадар,

Зотингга ўт тушсин зотсиз дарбадар,

Орият ўғриси, отсиз оқпадар,

Қон қусиб ўласан, коронавирус.

 

Бошимнинг балоси, балохўр дайди,

Бахтимнинг қароси, қарохўр дайди,

Бағримнинг яроси, ярохўр дайди,

Бўкиблар ўласан, корона вирус.

 

Қирчинингдан қийил, тезлашдан тийил,

Бегуноҳ бандани тузлашдан тийил,

Шу савил тилинг-ла сўзлашдан тийил,

Савиллар қоласан, корона вирус,

Қон қусиб ўласан, корона вирус.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...