Ўзбекистонлик олимлар ишлаб чиққан тест тизими Тошкентда коронавирусга чалинган беморларда синовдан ўтказилмоқда

0

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ходимлари коронавирусни аниқлаш учун тест тизимини ишлаб чиқиш устида иш олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди. «Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, айни пайтда мазкур маҳаллий тест тизимларининг клиник синовлари давом этмоқда, деб ёзмоқда daryo.uz.

Илғор технологиялар марказида тест тизимидан ташқари тана ҳароратини масофадан ўлчовчи термометр намунаси ва танани ҳимояловчи 3D-шлемлар ишлаб чиқилган. Таъкидланишича, ҳозирда марказ томонидан Вирусология илмий-текшириш институтига тест тизимларининг навбатдаги партиясини жўнатишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Марказ директори Шаҳло Турдиқулованинг маълум қилишича, тест тизимларининг сезгирлиги ва аниқлигини текшириш мақсадида улар Вирусология илмий-текшириш институтида соғлом ва касалликка чалинган кишиларда синовдан ўтказилмоқда. Синовлар тугагач, тест тизимлари рўйхатдан ўтказилади.

Марказ директорининг алоҳида таъкидлашича, апрель ойининг охиригача 50 мингта тест тизимини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

loading...