КОРОНА ВИРУС… (ёки носкашнинг ноласи) (Билганга ҳазил, билмаганга чин) (МР-3+ВИДЕО)

0

 

Карантин-да. Кўпга келган тўй,

Кўпчиликни шошириб қўйди.

Ош еб юрган ношукрларни,

Ёвғон шўрва ичириб қўйди.

 

 

Лек Олимтой ношукр эмас,

Уйчасида теклар қотади.

Сув топмаса, яна шукр деб,

Сув ўрнига зардоб ютади.

 

 

«Коронахон» дея тамшаниб,

Қисматини қаттиқ қучади.

Бировларга ботинолмасдан,

Қисматига қалбин очади.

 

 

«Ботирнос»лар бўларди, — дейди,

Жа кетворган нослардан эди.

Мартабаси кўкларни ўпар,

Ҳашаматга хослардан эди.

 

 

Мана, бугун корона вирус,

«Ботирнос»дан айириб қўйди.

Мендай содиқ, камтар носкашнинг,

Қанотини қайириб қўйди.

 

 

Мойқишлоқнинг носи носмиди,

Нақ тилингни ўяман дейди.

Арз қилсам гар, носфуруш «носни,

Сенга сотмай қўяман», дейди.

 

 

Думи қисиқ итдай акиллаб,

Носни олиб нари кетаман.

Гарчи тилни ўйиб олса ҳам,

Шу носни тек шими-иб ётаман.

 

 

Кўнгил экан. Оғриб қолади,

«Ботирнос»сиз ўкинганимда.

Юрагимни ямлар бир алам,

Ўйиқ тилга тегинганимда.

 

 

Қизиталоқ, корона вирус,

Сенинг тилинг ўйилмайдими?

Энди мендай носкаш кафтига,

«Ботирнос»лар қуйилмайдими?

 

 

Йўқ, ишонгум, корона вирус,

Сен-да албат ўлиб кетасан.

Жами носкаш ошналаримнинг,

Қарғишига қолиб кетасан.

 

 

Шунда мен ҳам эски шаҳарга,

«Ботирнос»ни излаб кетардим.

Топсам… Қасам…

Ўзимни «сен»лаб,

«Ботирнос»ни «сиз»лаб ўтардим.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...