БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ?..

0

 

 

УЙЛАНАЙМИ, УЙЛАНМАЙМИ?

(ҳажвия)

 

Узоқ вақт уйланмай юрсам, яқин дўстларим, «аҳмоқмисан, қачонгача бўйдоқлигингча сўппайиб юрасан? Уйланмайсанми?» деб хит қилишади. Уйлансам, яна ўша дўстларим тепамга келиб «Аҳмоқмисан? Дарров уйланиб олдингми? Юрмайсанми маза қилиб?» дейишга ўтишади. Хўш, аҳмоқ бўлмаслик учун нима қилай? Уйланайми-йўқми?..

Баъзилар уйланадиган бўлсам, ҳақиқий аёлга уйланишимни маслаҳат беришади. Афсуски, бундай ҳолларда бир муаммо туғилади. Танлаш имконияти қолмайди. Нима қилай? Ҳақиқий аёл қанақа бўлади? Ёши каттасига уйланайми, кичигигами?

Биламан, ўзимдан ёши улуғига уйланадиган бўлсам, у аёл билан яшаш осонроқ кечади. Лекин бу бахтли ҳаёт узоқ давом этмайди. Сабаби, кўз очиб юмгунча умр ўтади-ю, хотининг онанг тенгига ўхшаб қолади. Сенга насиҳат қилишга ўтади. Баъзилари отанг ўрнида калтаклашданам тойишмас экан. Ўз қулоқларим билан эшитганман.

Аксинча, ўзингдан анча ёшига уйлансанг, бу ҳам яхши, узоқ вақт бирга яшайсан. Ёш хотин эрталабдан кечгача худди атиргулдай яшнаб туради. Сен бўлсанг, худди ёши улуғ дўст каби уй юмушларини ўзинг бажарасан. Кир ювасан, овқат пиширасан, кийимларни дазмоллайсан, уй йиғиштирасан, атиргулинг сўлишини интиқиб кутасан. Майли, буниям ҳал қилдик.

Энди тағин бир савол туғилади. Ақлли аёл яхшироқми, ё гўзалими? Шубҳасиз, гўзал хотинга уйланиш ҳар бир эркакнинг орзуси. Фақат бир муаммо бор-да! Таниш-билишлар, дўстлар уйингга меҳмонга келавериб зериктиради. Улар атайин соҳибжамол хотинингга тикилиш, жамолига тўйиш илинжидагина келишади. Кўрибсанки, нотинч лаҳзалар бошланади. Рашк, асабийлик, жанжал, муштлашув…

Ақлли аёл-чи? Аҳмоқ эркак ўзидан ақллироқ аёлга уйланади. Яхшиси, аҳмоқроқ, ақли пастроқ аёлга уйланган маъқул. Чунки бундай аёл билан оилада ўзингни академикдек ҳис этиб яшайсан. Майли, буниям ҳал қилдик ҳисоб.

Энди яна бир гап. Рўзғорбоп аёлга уйланган яхшими, аксинчасигами?

Рўзғорбопига уйлансанг, жонинг роҳатда бўлади. Ҳар куни овқатинг тайёр, кийимларинг дазмолланган, соқолларинг, сочинг олинган, жанжалга умуман баҳона бўлмайди. Аммо кун бўйи жанжалга нимадан баҳона қидирсам экан деб вақт ўтказасан. Аксинчасига уйлансанг, Худонинг берган куни соатлаб гоҳ шимингни, гоҳ пайпоғингни излайсан. Натижада ишга кечикасан-у, эгнингга костюмни илганча чиқиб кетасан. Бу ҳаёт, албатта жуда қизиқарли кечиши мумкин. Бироқ қачонгача бардош қиласан? Жабрдийдаларнинг айтишича, бир марта рўзғорбопмас аёлга уйланган эркак умрбод хотин алмаштириш билан овора бўларкан…

Баъзан кимнидир чин кўнгилдан эркалагиси келади одамнинг. Уйда эса хотинингдан бўлак ҳеч ким йўқ. Хўш, нима қилмоқ зарур? Ҳа, фарзанд кўриш пайти етди шекилли. Ие, нечта фарзанд кўрган маъқул? Умуман фарзанд кўрмаганлар, беш-олти фарзандли бўлиш яхши дейди. Ягона фарзанди борлар эса шуниям кўп дейишади.

Бола масаласида яна бир муаммо бор-ку! Бунисини ёддан чиқараёзибман. Масалан, ўғил кутсанг, тап этиб қиз туғилади, ёки аксинча. Умуман фарзанд кутмаётганингда, Худо сенга қўшқўллаб эгизакларни тутқазиб қўяди…

Дарвоқе, айтишларига қараганда, уйлангач, хотинингга ҳар куни атиргул совға қилишинг керакмиш. Нега? Хотининг ҳар куни хурсанд бўлиши учунми, ё ҳар атиргулни қўлига олганда тиконлари бармоқларига санчилиб йиғлаши учунми?

Тағин менда бир савол туғилади. Уйлангач, хотиним жаврай бошласа, бир гапдан қолайми? Унга садоқатли бўлайми? Садоқатли бўлсам, неча марта? Хотинимга «Сен яхшисан, дунёда ягонасан» дейишим зарурлигиниям биламан. Лекин буни қачон ва неча марта айтай? Ҳафтада бир мартами, ёки фақат пайшанба кунларими? Ёки бўлмаса, бир марта шундай айтайки, бир умрга эсда сақлаб қолсинми?

Хуллас калом саволлар бир дунё. Шунча саволга жавоб топилган тақдирдаям барибир уйланиш-уйланмаслик ҳақида бош қотиришга мажбурман. Негаки, аҳмоқ бўлиб қолишдан жудаям қўрқаман.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...