Ғаройиб ҳодисалар изидан: “ҚАРҒИШНИНГ КУЧИ…”

0

 

Дунёда қарғишдан ёмони йўқ, дейишса, баъзиларнинг энсаси қотади. Ишонишмайди. Аслида эса, бу бор нарса. Ҳозир сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеалар, ўйлаймизки, ўша ишонмайдиган кишиларнинг кўзини очади…

 

ШАЙТОННИНГ СУЮКЛИСИ

 

Хабарингиз бўлса, кунларнинг бирида Греция бўйлаб бир хабар тарқалди. Буюк Аристотелнинг невараси Афина Онассис — Аристотелнинг миллиардлаб бойликларига ягона меросхўр ҳисобланган қиз турмушга чиқибди. Аммо унга Грецияда ҳеч кимнинг ҳаваси келмаган. Айтишларича, бу авлод қачонлардир қарғишга учраган экан…

Аристотелнинг ўзи пулга ружу қўйган одам эди. Ҳатто, болалигидан бу нарсага муккасидан кетди. Йигирма уч ёшида севган қизи тўсатдан ўзининг ҳомиладорлигини баён қилганда, у зудлик билан боладан қутулиш кераклигини айтади. Бироқ ўша пайтларда мамлакатда аборт дегани даҳшатли гуноҳ ҳисобланарди. (Аслида ҳозир ҳам бу иш гуноҳ саналади. Лекин ёшлар бунга эътибор бермай қўйишган) Қиз рози бўлмайди. Шундан сўнг Аристотел қизни ташлаб кетади. Аламига чидолмаган қиз уни қаттиқ қарғайди… Қиз орадан бир неча кун ўтиб дарёга ўзини ташлаб ҳалок бўлади.

Шундан кейин ҳам Аристотел узоқ вақт уйланмай юрди. Қирқ ёшга етгандан кейингина жуда бадавлат бир кимсанинг қизига уйланишга муяссар бўлди. Албатта бойлик туфайли. Бойликларга эришди ҳам. Қайнота унга тижорат ишларини юритишда катта ёрдам берди. Афсуски… Бойлик унга фақат бахтсизлик келтирди холос. Оиласи кетма-кетига дунёдан кўз юмаверди. Аристотел оила аъзоларидан қайси бирига қаттиқроқ меҳр қўйдими, ўша ҳеч қанча ўтмай ўлаверди. Бундай бахтсизлик қизи Кристина ва ўғли Александрларни ҳам четлаб ўтгани йўқ.

 

“ОТИНГ ЎЧСИН, КЕННЕДИ!..”

 

Американинг собиқ президенти Кеннедининг аждодлари ирландиялик фермерлар эди. 1846 йили уларга омад кулиб боқди. Мамлакатдаги қурғоқчилик туфайли деярли барча фермерларнинг ҳосили йўққа чиқди. Фақат Кеннедигина бу балодан холис бўлди. Пайтдан фойдаланган эркак шундоқ ҳам азобда қолган юртдошларига донни даҳшатли баҳода пуллаб, катта бойлик орттиришга эришди…

Кунларнинг бирида уларнинг хонадонига бола етаклаган эр-хотин нон сўраб келди. Ўша маҳалларда мамлакатдаги кўплаб оилалар очликдан азоб чекарди. Кеннеди уларга нон бериш ўрнига ҳовлидаги итини чақирди. Қопоғон ит сал қурса очликдан силласи қуриган оилани ғажиб қўяёзди. Шунда аёл зор қақшаб йиғлаганча ҳовлига чиқди-да, Кеннедини астойдил қарғади…

Орадан бир йил ўтиб қарғиш ўз кучини кўрсатди. Қироллик суди унинг устидан жиноий иш қўзғатиб, солиқ тўламаганликда айблади. Бор бойликлари мусодара қилинди. Ана шундан кейин Кеннедилар қашшоқлашиб кетди. Ўғилларидан бири Патрик камбағалликка чидолмай, бахтини Америкадан қидириб кўриш илинжида жўнаб кетди. Бахтга қарши, бир йилдан сўнг номаълум касаллик туфайли ҳалок бўлди.

Машҳур Америка президенти Патрикнинг чевараси ҳисобланади. Унга ҳам 1963 йили суиқасд қилишди.Ваҳоланки, Жоннинг акаси Жозеф анча олдин самолётда кетаётиб номаълум сабабларга кўра портлаб кетган, жасадини ҳеч ким топа олмаганди. Қарангки, опаси Кетлинни ҳам автомобил уриб кетди. Бу ҳам ҳаммаси эмас. Кеннедининг болаларига ҳам қарғиш тегди. Бир қизи ўлик туғилди. Ўғли қандайдир юқумли касалликка учраб оламдан ўтди…

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...