Зарар кўриб ишловчи корхоналарни соғломлаштириш бўйича президент қарори қабул қилинади

0

Президентнинг “Иқтисодий ночор, зарар кўриб ишловчи ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сонини кўпайтириб, 4 нафар қўшимча штат бирлиги ажратилган ҳолда марказий аппаратидаги Банкротлик масалалари ва Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш бошқармалари негизида Иқтисодий ночор корхоналарни молиявий инқироздан олиб чиқиш Департаменти ташкил этилади ҳамда Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳар бирига 1 нафардан жами 14 нафар қўшимча штат бирлиги ажратилади.

Агентликка давлат иштирокидаги иқтисодий ночор корхоналарни молиявий инқироздан чиқариш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

иқтисодий ночор корхоналарга уларни молиявий инқироздан олиб чиқиш учун халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб қилишда кўмаклашиш ҳамда уларнинг иш ҳақи харажатларини қоплаб бериш;

тўловчанлик қобилиятини тиклаш имконияти мавжуд бўлган иқтисодий ночор корхоналарга тижорат банкларидан кредит олишда кафилликлар ва кафолатлар ҳамда уларнинг фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш;

тўловчанлик қобилиятини тиклаш имконияти мавжуд бўлган иқтисодий ночор корхоналарга уларнинг кредиторлари билан қарздорлик тўлов муддатини узайтириш, бўлиб тўлаш ёки қисман кечиш бўйича келишув даврида кафилликлар ва кафолатлар бериш шаклида ёрдам кўрсатиш;

тўловчанлик қобилиятини тиклаш имконияти мавжуд бўлган иқтисодий ночор корхоналарнинг бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан бўлган қарздорликлари тўлов муддатини узайтириш, пеня ва жарималарини ҳисобдан чиқариш бўйича таклиф ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотлари билан иқтисодий ночор корхоналарни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Давлат иштирокидаги иқтисодий ночор корхоналарни молиявий инқироздан чиқариш, уларга кафиллик ва компенсациялар тарзда давлат кўмагини бериш Агентлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига, иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган тўловчанлик қобилиятини тиклаш имкониятига эга хусусий тадбиркорликнинг барча шаклларини бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан бўлган қарздорликларини тўлов муддатини узайтириш, пеня ва жарималарини ҳисобдан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳуқуқи берилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) 2020 йил 1 июндан:

давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда ҳар бир якунланган тугатишга доир иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан суд бошқарувчиларига меҳнатга ҳақ тўлаш амалиёти бекор қилинади;

тадбиркорлик субъектига нисбатан банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини қўллашда судга ариза киритган даъвогар томонидан тугатиш, шу жумладан, суд бошқарувчига ҳақ тўлаш харажатлари учун иқтисодий судларнинг депозит ҳисоб-варақларига олдиндан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари миқдорида тўлов амалга оширилади. Бунда тугатиш, шу жумладан, суд бошқарувчига ҳақ тўлаш харажатлари қарздорнинг активлари ҳисобидан қопланган тақдирда мазкур маблағлар аризачи даъвогарга қайтарилади. Бунда суд бошқарувчисига ҳар бир якунланган иши учун ҳақ белгиланади;

тасдиқланган махсус ўқув дастурига мувофиқ суд бошқарувчиларини тайёрлаш, уларнинг касбий даражаси ва малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курсларини ташкил қилиш ҳамда гувоҳнома ва сертификат бериш кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича лицензияга эга ташкилотлар томонидан амалга оширилади;

уч йилдан кам бўлмаган узлуксиз иш стажига эга бўлган “фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш” ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган адвокатлар, шунингдек уч йилдан кам бўлмаган узлуксиз иш стажига эга бўлган аудиторлар суд бошқарувчиларини тайёрлаш бўйича ўқув курсини ўтамасдан суд бошқарувчилари аттестация комиссиясининг тест имтиҳонларига қўйиш амалиёти жорий этилади;

б) 2021 йил 1 январдан:

банкротликнинг суд санацияси ва ташқи бошқарув таомилларини ўтказиш жараёнида банкротлик таомили қўлланилган корхонанинг жорий солиқ тўловларини банкротлик жараёни муддати якунлангандан сўнг тўлаш амалиёти жорий этилади;

банкротликнинг тугатишга доир иш юритиш таомили жараёнида банкротлик таомили қўлланилган корхона мол-мулкини сотишдан тушган маблағларнинг қарздорликни қоплашга йўналтирилган қисми қўшилган қиймат ва даромад солиғидан озод этилади;

в) банкротлик таомиллари қўлланилган корхоналарнинг мол-мулкларини “Е-ijro auksion” ягона электрон савдо майдончаси орқали сотиш ва бунда бозор муносабатларидан келиб чиқиб кредиторларнинг розилиги билан:

такрорий савдоларда мол-мулк баҳосини 30 фоизгача босқичма-босқич тушириб бориш;

такрорий савдоларда сотилмаган мол-мулкларни кредиторлар йиғилиши томонидан белгиланган бошланғич баҳосида оммавий оферта савдоларида сотишга рухсат этилади;

г) тугатишга доир иш юритиш тамомланганлиги тўғрисида иқтисодий суднинг ажримида:

бенефициар ва аффилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари аниқланган ҳолатларда, қопланмай қолган қарздорлик бўйича кредиторлар талабларини субсидиар тартибда мазкур шахслардан талаб қилиб олиш ҳуқуқи бериш;

бундай аломатлар аниқланмаган ҳолатларда кредиторларнинг қопламай қолган қарздорлиги қаноатлантирилган деб топиш ва қарзни ҳисобдан чиқариш кўрсатилади;

д) 2022 йил 1 январдан қуйидагиларни назарда тутувчи жисмоний шахсларнинг банкротлиги амалиёти жорий этилади:

банкротлик тўғрисидаги иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор жисмоний шахсга нисбатан жами талаблар суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этадиган бўлса, суд томонидан қўзғатиш;

банкротлик тўғрисидаги иш доирасида қарздорнинг ойлик даромадларидан келиб чиқиб, қарздорликни тўлов графиги асосида бўлиб-бўлиб тўлаш тартибини жорий этиш;

банкротлик тўғрисидаги иш доирасида суд томонидан молиявий санкциялар натижасида ҳосил бўлган қарздорликлардан озод этиш назарда тутилади.

Суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни рағбатлантириш мақсадида:

а) суд бошқарувчиларига қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилади:

ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажариш доирасида давлат хизматлари, шу жумладан давлат хизматлари агентлиги орқали кўрсатиладиган хизматлардан бепул фойдаланиш;

олдиндан тўловларни амалга оширмасдан банкротлик таомиллари қўлланилган корхоналарнинг кўчмас мулкларига кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш;

солиқ органларидан қарздор корхонанинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳисоботлар, текшириш далолатномалари ва иши билан боғлиқ бошқа материаллардан фойдаланиш;

б) суд бошқарувчиларининг фаолияти натижадорлигига қараб, банкротлик таомили қўлланилган корхонанинг кредиторлари розилиги билан суд бошқарувчиларга қуйидаги ҳолатларда қўшимча ҳақ тўлаш белгиланади:

aгaр крeдитoрлaр тaлaблaри рeeстригa киритилгaн крeдитoрлaрнинг қарздорлиги тўлиқ қопланган бўлса, ушбу қопланган крeдитoрлaр тaлaблaри суммасининг ўн фoизигача миқдорида;

aгaр крeдитoрлaр тaлaблaри рeeстригa киритилгaн крeдитoрлaрнинг eтмиш бeш фoизидaн кўпрoғи қаноатлантирилган бўлсa, ушбу қопланган крeдитoрлaр тaлaблaри суммасининг саккиз фoизигача миқдорида;

aгaр крeдитoрлaр тaлaблaри рeeстригa киритилгaн крeдитoрлaрнинг эллик фoизидaн кўпрoғи қаноатлантирилган бўлсa, ушбу қопланган крeдитoрлaр тaлaблaри суммасининг беш фoизигача миқдорида.

Давлат активларини бошқариш агентлиги:

2020 йил 1 июлга қадар Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси билан биргаликда банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларга зарар етказилиши ҳодисаси учун суд бошқарувчиси жавобгарлигини мажбурий суғурталашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий суд ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда тўловчанлик қобилиятини тиклаш имконияти мавжуд бўлган иқтисодий ночор корхоналарга кафилликлар, кафолатлар бериш, банк кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан бўлган қарздорликлари тўлов муддатини узайтириш, пеня ва жарималарини ҳисобдан чиқариш тартибини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо саноат палатаси билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар:

тадбиркорлик субъектлари томонидан Давлат бюджетига ёки давлат мақсадли жамғармасига тўланадиган мажбурий тўловларни тўлаш интизомини кучайтириш ва муддати ўтган кредиторлик қарздорликка йўл қўймаслик бўйича таклиф ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади;

солиқ қарзини ундириш бўйича ижро ҳужжатларида кўрсатилган ундирувни амалга ошириш имконияти мавжуд бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларни тугатиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

loading...