ШУМҚАДАМ… (2-қисм)

0

 

 

* * *

 

Тақдир тақозоси билан Сувонқул ака шу ерда бир пайкал нарида ишларди. Дам олиб ўтириб беихтиёр қарияга кўзи тушиб қолди.

— Ҳа-а, отахон, қўй боқишга чиқибсиз-да! — дея қарияга яқин келиб сўрашиш учун қўл узатди у. — Хўш, дунёда нима гаплар, ота?

— Нима гап бўларди? — дея тол томон ишора қилди қария. — Ҳов анови дарахт соясида бир бола ухлаётган экан. Уйи йўқми ё қочиб кетганми, билолмадим. Сўрасам, индамай ерга қарайди… Негадир танимадим. Балки, сен танирсан-а?

— Бола? — ҳайрон бўлиб ўша томон тикилиб қаради Сувонқул. — Ким экан у? Қани, борайлик-чи!

Сувонқул қарияни эргаштириб ўша тарафга юрди…

Дарахтга икки-уч одим қолганида эса бирдан тўхтаб, кетмонини бир четга ирғитиб юборди-да, индамайгина ўй сураётган Суюнбойга ёпишди.

— Ўғлим! Сен… Бу ерда нима қилиб ўтирибсан? — болани силтай бошлади Сувонқул. — Нима қилиб ўтирибсан? Ё менинг олдимга келдингми? Мени тополмай, шу ерда ухлаб қолдингми? Нега индамайсан? Гапирсанг-чи!

Суюнбой отанинг кўзларига бир муддат илтижо билан термилиб тўсатдан йиғлаб юборди.

— Адашиб қолдим, дада! — йиғи аралаш сўзланиб Сувонқул аканинг оёқларига ёпишди у.

— Нега унда кўчага бир ўзинг чиқдинг? Онангга айтсанг бўларди-ку!

— Уни… Ёмон кўраман… Қўрқаман…

— Бўпти-бўпти, йиғлама! Қани, юр-чи, ҳозир шийпонга бориб иккаламиз тушлик қиламиз, юра қол!

Отанинг олдига тушган кўйи истамайгина шийпон томон йўл олган Суюнбой хаёлан ўйлаб қўйди: «Барибир қочиб кетаман…»

 

* * *

 

Кечқурун, ҳарқалай, Суюнбой тинч ухлади. Ўгай она эрининг гапи билан ижирғана-ижирғана бўлса-да, унинг кўкарган жойларига малҳам қўйди. Бола Лоланинг кўз қарашларидан қўрқиб қолганди. Малғам қўяётганида кўзларини юмиб олди. Юраги эса така-пука эди: «Ишқилиб, эртага уришмасайди…»

У соат тўққизлардан ошганда уйқудан уйғониб, эҳтиёткорлик билан остонадан туриб ҳовлини кузатди. Сўрида ўгай онаси қўшнилари Маржон хола билан чой ичиб ўтирарди. Суюнбой нима қилишни билмай остонада туриб қолди. Ҳовлига чиқай деса, Лоланинг бақириб қолишидан чўчиди. Ётавериши ҳам бу аёлга маъқул келмасди. Буни Суюнбой кейинги вақтларда билиб қолган. Ўйлаб туриб секингина томорқага ўтиб кетмоқчи бўлди. Оёқ учида оҳиста қадам ташлаб энди ўчоқбошига етгандики, кутилмаганда Лола орқасига ўгирилди. Суюнбой таққа тўхтади. Ҳозир тўполон бошланишини кўнгли сезиб тайёр турди.

— Ҳа-а, сулаймай ўлгур! — қичқирди Лола ўтирган ерида. — Нега қоққан қозиқдай бир ерда қотиб қолдинг? Ё иштонингни ҳўл қилиб юролмай қолдингми?

Бу гапни эшитиб олтмишдан ошган Маржон кампир кулиб юборди.

— Жа боплайсиз-да, Лолахон! — уй бекасини мақтаган бўлди у. — Болани қўрқитиб юборманг тағин!

Маржон кампир тугул маҳалладаги каттадан кичигигача Лоланинг шаллақилигини, чўрткесарлигини яхши биларди. Кампир ҳам билмай айтиб юборган гапидан ўзи хижолатда қолдими, Лоланинг бир ўқрайиши овозини ўчирди.

— Сизга нима, хола? — беихтиёр ўрнидан туриб икки қўлини белига тираганча Суюнбой томон юзланиб ўқрайди Лола. — Индамай чойингизни ичавермайсизми?

— Бўпти, мен чиқа қолай, тағин сутим тошиб кетмасин!

Маржон кампир ими-жимида пиёладаги совиброқ қолган чойни ҳўплаган бўлди-да, йўл-йўлакай калишини оёғига илиб ҳовлини тарк этди.

— Сенга айтяпман, ҳой! — Суюнбойнинг тепасига келиб қулоғидан олди Лола. — Кун тепага келгунча ухлашни ўрганволдинг-а? Онангни уйидамидинг, наҳс босиб ухлайсан? Ё сенларни боқишнинг кафилини олганмидим? Бор, сигирга сув таши!

— Ҳаммаёғим оғриб кетяпти! — дея йиғламсиради Суюнбой.

— Оғриб кетса ажаб бўпти! Ўли-иб қўя қолмадинг, мен қутулмадим… Ўлармидинг кеча ўшандан нари даф бўп кетаверсанг?

— Адашиб қолдим-да! — шивирлади Суюнбой.

— Ҳе адашмай жувонмарг бўлгин! Жувонмарггина бўлгин!

— Қулоғимни қўйворинг, оғрияпти!

— Оғрияптими? Қани, бу ёққа юр-чи!

Суюнбой ўгай онаси яна оғилхонага судраётганини кўриб оёқларини маҳкам ерга тираб олди.

— Бормайман! Барибир қочиб кетаман уйингиздан!

— Қочасан. Қочмай ҳам кўр-чи! Маҳаллада бош кўтариб юролмас бўлдим сен ювиндихўр, исқиритнинг дастидан… Бу ёққа юр, дедим! Даф бўлишингдан олдин сен етимча ювиндихўрни бир тарбия қип қўяй ўзим!

Дунёда онани ёшу қари улуғлайди. Унинг пойида тиз чўкади. Лекин Лоланинг бу қилиғига тошлар ҳам йиғлагувчи эди.

У болакайни оғилхонага олиб киргач, икки қўлини юқорига кўтариб устунга боғлади. Сўнгра қўлига бигизни олиб товонларига суқиб-суқиб олди. Суюнбой жони оғриганидан ҳар тиғ баданига кирганида аччиқ-аччиқ дод солди. Кўзларидан ўт чақнаб, ўгай онасига умидвор термилди. Қанийди… Қанийди қўлидаги бигизни бир четга отиб юборса… Қанийди, Суюнбойнинг қўлларини ечиб ташқарига қувиб солса…

Боланинг ҳозирги орзуси фақат шу эди.

Худо бор-да! Орзусига етказди. Лола уни арқондан бўшатиб, ташқарига ҳайдади…

Суюнбойнинг иккала товонидан ҳам қон тизиллаб оқарди. Кўзларига кўринмади. Оғриқни ҳам гўёки сезмади. Судрала-судрала томорқадан ташқарига — зовур бўйига чиқиб олиб, эмаклаганича боши оққан томонга қараб кетди…

 

* * *

 

Сувонқул ака даладан қайтиб, энди ҳовлига қадам қўйганди.

— Вой-до-од! Уйим куйиб кетди-и! Энди нима қилама-ан! — оғилхонада Лоланинг дод солиб йиғлаётганини эшитди-ю, ўша ёққа чопди.

— Ҳа-а, нима бўлди? Мунча додламасанг?

Лола эрини кўриб сигирга ишора қилди.

— Қаранг, сигирим ҳаром ўлиб қопти! Биттагина сигирим-а!

Сувонқул ака ним қоронғиликда узала тушиб ётган сигирга яқинлашди. Ёнида тоғора турарди. Тоғорани пайпаслаб кўрди. Ем юқи.

— Менга қара, сигир емга бўкиб ўлган, мана! — деди тоғорани кўрсатиб Сувонқул ака. — Ахир, бир тоғора емни ким сигирнинг олдига қўйиб қўяди?

— Анови етимчангиз қўйган! — шанғиллади Лола. — Кундузи оғилда ўралашиб юрганида кўнглим сезганди. Бир балони бошламасин-да, ишқилиб, девдим… Кўрдингизми, салгина уришсам, дарров ёнини олардингиз… Мана, қилиб кетган иши! Кўриб қўйинг, отаси, суюкли болангизни! Шумқадам у, шумқадам! Шу уйимга келди-ю, рўзғоримдан барака қочди-и, барака қочди!

Сувонқул аканинг ранги бўзарди:

— Қани ўзи у? Қайда юрибди?

— Мен қаердан биламан? Қилғиликни қип қўйиб қочиб қолгандир-да! Қочишга уста-ку жа!

— Тўхта, балки, Суюн қилмагандир бу ишни-а? Балки, ем нарироқда турган бўлса, сигирнинг ўзи интилиб еб қўйгандир?

— Ҳечам-да! Менинг сигирим очопатмас болангизга ўхшаб! Аниқ ўша қилган! Аниқ ўшанинг иши!

Сувонқул ака қўл силтаганича кўчага чиқиб кетди…

 

* * *

 

Вақт хуфтондан ошганда Сувонқул ака тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек бўшашган кўйи ҳовлига кириб келди. Лола сўрининг бир четига ғужанак бўлиб ётганича увиллаб йиғларди…

«О, Худойим, нималар бўляпти ўзи, ўйларди Сувонқул ака. Болам қаерда экан? Ичкуёвликми бу ё ёлғизликдан қийналиб кетганим туфайли боламга яхшироқ эътибор қила олмадимми? Ишонмайман! Кичкинагина гўдак бу ишни қилолмайди. Аммо бу хотинга қандай уқтирай? Бир оғиз сўз айтсам, дарров ичкуёвлигимни юзимга солади. Ёлғиз қийналиб юрганларимдан гап оча бошлайди… Нима қилай? Қандай йўл тутай?»

— Менга қара, онаси, милисага хабар берсаммикан-а? — секин ўрнидан туриб келиб Лолани туртди Сувонқул ака. — Ҳеч қаерда йўқ у. Тағин…

— Қанақа милиса? — йиғи аралаш жеркиб ташлади Лола. — Кейин нима бўлишини биласизми? Сизга қўшиб мениям обориб тиқиб қўйишади. Энди қаёқдаги шумқадам болангизни деб қамоқда ётишим қолибмиди? Боринг, қидиринг! Ахир, суюкли ўғлингиз! Нега индамай ўтирибсиз?

— Қўй, хотин, ўзингни бос! — уни эркалаб бағрига босди Сувонқул ака. — Топилар… Ойга учиб кетмагандир, ахир! Ваҳима қилавермайлик! Ундан кўра, тур, менга катта кетмонни топиб бер, сигирни томорқага кўмайлик!

 

* * *

 

Сатим малланинг бедазори. Тун. Зовур атрофини қурбақаларнинг қуриллаши тутган. Майин шабада қирғоқдаги тарвақайлаб ўсган қамишларни шитирлатиб эсмоқда…

Суюнбой шу ергача аранг судралиб кела олди. У ёғига мадори етмасди. Хайрият, шўр тупроқ кирдими, товонидаги яралардан қон оқмай қўйди. Фақат қаттиқ ачишиб-ачишиб қўярди…

У инқиллай-инқиллай пастроққа тушиб ўзига ётиш учун қулай жой топди ва ажриқзор устига оҳиста чўзилиб кўзларини юмди. Шу тобда оғриқдан ҳам кўра қорни таталаб борар, бир бурда нонга маҳтал эди…

Бир маҳал дала томондан келган ит пастга тушиб Суюнбойнинг тепасида тўхтади. Бирпас унинг юзини, очиқ қоринларини искалаган бўлди. Кўзларини очиб тепасида баҳайбат ит турганини кўрган Суюнбой эса, азбаройи қўрқиб кетганидан қайта кўзларини юмди-ю, қимирламай ётаверди.

Ит чўнқайиб ўтирганича гўёки болага меҳрибонлик кўрсатаётганди.

Суюнбой жонивор ҳамла қилмаётганини пайқагач, бемалол кўзларини очиб юборганди.

 

* * *

 

Сувонқул тонг ёришар-ёришмас уйғонди. Совқотмабди. Ит кечаси унга бошини қўйиб ухлаган экан. Боланинг қимирлаганини пайқаб шошиб бошини кўтарди ва сал нари юриб бориб чўнқайиб ўтириб олди. Суюнбой ола-була бу итга бирпас тикилиб кулгиси қистади. Қўлларини осмонга кўтариб ҳазиллашган бўлди. Ит ҳам гўё бу ҳазилни тушунган каби боши у ёғидан-бу ёғига эгиб-эгиб оларди…

«Энди қайга борсам экан, кўнглидан ўтказди у болаларча қизиқиш билан бедазорга тикилиб қараркан. Уйга қайтиб кетаверсаммикан? Йўқ, бормайман. Яна анови хотин уради. Яхшиси, ҳов анув томонга бораман. Кечқурун эса, яна шу ерга қайтиб келиб ухлаб оламан…»

Суюнбой товонларини текшириб кўрди. Анча битиб қолибди. Итга яқин бориб майин юнгларини силаб-силаб, йўлга тушди.

У ит шу ерда қолиб кетади, деб хаёл қилган экан. Йўқ, қадам ташлаб олдинга юргани ҳамон олдига тушиб олди. Худди йўл бошловчилардек аҳён-аҳёнда орқасига қараб-қараб қўйиб кетаверди…

Улар ҳеч қанча юрмай, ит кўримсизгина, айланасига қамиш билан ўралган уй рўпарасида тўхтади. Чамаси, Суюнбойга шу кулбага киришни маслаҳат берган кўйи бошини қимирлатиб-қимирлатиб қўйди…

Болакай аввалига тушунмади. Юрай деса, ит олдини тўсиб олаверарди. Жаҳли чиққан бўлиб уни ҳайдамоқчи ҳам бўлди. Аммо урмоққа шайланганида ит ириллаб йўл бермади…

Нима қиларди? Суюнбой бу ёғига кетиш мумкин эмаслигига ақли етиб, аста ҳовлига қадам қўйди…

Бу ҳовли ҳам ўзи яшаган уйга ўхшаб ўртага ток экилган, ток остида сўри. Сўрида кекса бир кампир яккам-дуккам сочларини ўриб ўтирарди…

Рўпарасида пайдо бўлган Суюнбойни кўриб ҳайрон бўлди.

— Ҳа, бола, сенга ким керак? — дағал оҳангда сўради у ўтирган ерида. — Кимнинг арзандасисан?

— Эна, менга нонингиз бўлса беринг! — ялинганнамо тилга кирди Суюнбой. — Қорним оч!

— Нон? Вой-вой-вой! Бор, йўлингдан қолма!

Суюнбой кампирга пича умид билан термилиб тургач, индамасдан ташқарига йўл олди.

— Тўхта! — кутилмаганда унинг ортидан қичқирди кампир. — Бу ёққа кел!

Суюнбой қувониб кетганидан оқсоқлана-оқсоқлана бўлса-да, кампирнинг рўпарасида ҳозир бўлди.

— Қани, манови ерга ўтир-чи! — буюрди кампир. — Хў-ўш…

У қўлига оқ ва қора ғалтак ип олиб, ҳар биридан оз-оздан узган бўлди.

— Мана шу иплардан кўзингни узма! — деди Суюнбойга. — Йўқ… Яхшиси, кўзларингни юмиб тур! Мен ҳозир ким эканингни айтаман…

Кампир кимлигига Суюнбойнинг ақли етмасди. Қизиқсиниб кўзларини юмганича кута бошлади. Орадан бир-икки дақиқага яқин вақт ўтди.

— Энди кўзларингни оч! — ниҳоят кампир ўрнидан қўзғалиб, ўзи тугун қилиб ташлаган ипларни ўчоққа олиб бориб ташлади. — Сен бола… Бахтсиз, тахтсиз экансан. Кўзларингда ёмонлик уруғи кўп. Шунинг учун қаерга борсанг, бирор фалокат юз беради. Қачонлардир момоларинг қарғишга қолган-у, энди ўша қарғишлар сенгаям ўтган… Мен сенга нон бера олмайман. Менинг уйимни балога йўлиқтирма! Бор, кет!

Ҳафсаласи пир бўлган Суюнбой кўзларини мўлтиратганича итни ортидан эргаштириб йўлида давом этди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...