Коронаинқироз: АҚШда кўплаб газеталар оғир вазиятда қолди

0

АҚШдаги коронаинқироз оммавий ахборот воситаларини ҳам четлаб ўтмади. Мамлакатдаги иқтисодий таранглик 28 мингга яқин медиа соҳаси вакилининг ишсиз қолишига сабаб бўлмоқда, деб хабар берди kun.uz.

The New York Times’нинг ёзишича, АҚШда ишсизлик юқори хавф солаётган гуруҳлардан бири янгилик тарқатувчилар ҳисобланади.

Инқироз даврида аҳолининг янгиликка бўлган талаб ва эҳтиёжи ҳар доимгидан кўра ошганига қарамай, янгилик тарқатувчи босма ва онлайн газеталарнинг аҳволини ижобий деб бўлмайди.

Сабаб эса оддий – ўз фаолиятини чеклашга ёки мутлақо тўхтатишга мажбур бўлган бизнес субъектлари реклама учун пул тўлай олмаяпти. Натижада янгилик тарқатувчилар ўзининг молиявий манбаси бўлган рекламадан маҳрум бўлмоқда. Фақатгина рекламага ихтисослашган нашрлар эса мутлақо фаолиятини тўхтатди.

Indeed.com бош иқтисодчиси Жед Колконинг ёзишича, вакансиялар ҳақидаги эълонларнинг қисқариши ҳам янгилик тарқатувчилар фаолиятига таъсир кўрсатди.

«Ишга таклиф қилиш, вакансиялар ҳақида эълонлар апрел ойи бошида ўтган йилнинг шу даврига қараганда 35 фоизга камайди.

ОАВ ва алоқа соҳасида вакансиялар ҳақидаги маълумотлар апрел ойи аввалида ўтган йилгига нисбатан 35 фоизга қисқарган. Бу янгилик тарқатувчиларнинг молиявий ҳолатига етказилган зарарнинг 24 фоизини ташкил қилади», деб ёзади у.

Инқироз Америкадаги ҳеч бир нашрни четлаб ўтаётгани йўқ: газеталар у ёки бу даражада маошларни камайтирмоқда, ходимларини ишдан бўшатмоқда, ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътиллари эълон қилмоқда; айрим нашрлар эса фаолиятни тўхтатди.

The Denver Post

MediaNewsGroup компаниясига тегишли, Қўшма Штатларнинг йирик янгилик тарқатувчиларидан бири – The Denver Post газетаси 13 нафар ходимини, шу жумладан, 4 нафар журналистни ишдан бўшатди. Раҳбарият ишлаб турган ходимларнинг ҳар биридан апрель-июнь ойлари мобайнида 3 ҳафталик ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқишни сўрашга мажбур бўлди.

Фото: Poynter

Euclid Media Group

Цинциннати, Детройт ва Сан-Антонио шаҳарларида ҳафталик нашрларни тарқатувчи бу медиагуруҳнинг 50 нафар ходими ишсиз қолди, 7 нафари ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқди. Бу – Euclid Media Group’нинг ишчи кучи ҳажми 70 фоизга қисқарганини англатади.

Gannett

USA Today, The Detroit Free Press ва бошқа 250га яқин кунлик газеталар билан танилган Gannett нашриёти 24 минг нафар ходимининг маошини 25 фоизга қисқартирди. Бундан ташқари, ҳар бир ходим апрель-июнь ойларида 5 кунлик ҳақ тўланмайдиган кичик таътил олишига тўғри келади.

Медиахолдинг ижрочи директори Пол Баскоберт ҳам инқироз тугагунга қадар маошсиз ишлайди.

Gannett журналистларига хизмат кўрсатувчи NewsGuild касаба уюшмаси медиахолдингнинг бу ҳаракатларини танқид қилмоқда.

«Инқироз даврида янгиликлар соҳасида хизмат кўрсатувчи ходимларни ишдан бўшатиш, ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариш адолатдан эмас», дейди уюшма президенти Жон Шлюз.

Энг кўп зарар кўрганлар – борт нашрлари

Фақатгина самолёт бортларида тарқатилувчи нашрлар коронаинқироз даврида энг кўп зарар кўрганлардан бўлди. Икки томонлама зарба – авиасаноатдаги «катта танаффус» ва бизнесларнинг тўхташи уларнинг фаолиятига сезиларли салбий таъсир кўрсатди.

Delta авиакомпанияси самолётлари бортини бир неча 10 йиллардан бери безаб турган Sky журнали чиқишдан мутлақо тўхтади. Унинг 16 нафар ходими ишсиз қолди.

Alaska Airlines авиакомпанияси эса Alaska Beyond нашрига апрел ва май ойи учун буюртмани бекор қилди.

Фото: CNN

Коронаинқироз натижасида 17 млн нафар америкалик ишсиз қолди

Vice Media

Vice Media компанияси ходимларининг иш ҳажми ҳафтасига 4 кунга қисқарди. Ходимлар маошида ҳам жиддий ўзгаришлар кузатилди: йилига 100 минг-125 минг доллар атрофида маош олувчиларнинг ойлиги 10 фоизга, 125 минг доллардан кўп олувчиларники эса 20 фоизга қисқаради.

Медиакомпания ижрочи директори Ненси Дубк ҳам аввалги маошининг тенг ярмига ишлашига тўғри келмоқда.

Tampa Bay Times

Флоридада чиқадиган кунлик журнал энди фақатгина ҳафтасига икки кун – чоршанба ва якшанба кунлари дунё юзини кўрмоқда. Журнал ходимларининг айримлари 8 ҳафталик ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқишга мажбур бўлди. Таҳририят март ойининг бошидаёқ 11 нафар ходимини ишдан бўшатиб, маошларни 10 фоизга қисқартирган эди.

amNY

Schneps Media’га қарашли, Нью-Йоркда нашр этиладиган газета яқиндагина бепул тарқатила бошланган эди. «Энди эса бунинг имкони йўқ. 30 нафар ходимни ишдан бўшатишимизга тўғри келди. Ишчи кучи 20 фоизга қисқараётган бир пайтда текин газета тарқатиш ҳақида ўйлаш мушкул», дейди нашриёт директори Жошуа Шнепс.

BuzzFeed

Эндигина фойдага кира бошлаган BuzzFeed ходимларининг ойлик маошини 40 минг долларгача қисқартиришга мажбур бўлди.

Нашр ижрочи директори Жон Пареттининг ўзи ҳам инқироз тугагунча маошсиз ишлашига тўғри келишини айтди. «Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида Германия ва Бразилияда ҳамкорлар излаётгандик. Агар ҳамкорлар топилмаса, у ердаги офисларимизни ёпишга мажбур бўламиз», дейди Паретти.

The Stranger

Қўшма штатларнинг 1991 йилдан бери чиқиб келаётган бу йирик нашрида 18 нафар журналист ишсиз қолди.

Газета босма муҳаррири Кристофер Фриззел Америка медиасининг бугунги ҳолатини аввалдан тўғри баҳоланмаган иқтисодий воқеаларнинг ачинарли оқибати дея баҳоламоқда.

loading...