ХОДИМНИНГ ҲАСРАТИ… (бошлиққа ҳазил шеър)

0

 

Чопонингга қўнган чангни кўролсам ҳам,

Қолганлардан қуюқроқ ҳол сўролсам ҳам,

Ғазабингни ёмон тушга буролсам ҳам,

Сенга ҳе-еч дўст бўлолмадим, жон жўражон.

 

 

Бойсан дедим, бойлар томон чопавердинг,

Нақ энаси ўпмаганин ўпавердинг,

Иккиюзламачидан дўст топавердинг,

Сенга ҳе-еч дўст бўлолмадим, жон жўражон.

 

 

У мен эмас, ўзгага ҳам мослашадир,

Ўзга ила ўзга тилда сўзлашадир,

Кейин сен-ла муштлаб-муштлаб муштлашадир,

Сенга ҳе-еч дўст бўлолмадим, жон жўражон.

 

 

Замон зайли. Йўқлаганни йўқлайдирсан,

Хушомадин қалб тўрингда сақлайдирсан,

Дўқласанг-да, фақат мени дўқлайдирсан,

Сенга ҳе-ч дўст бўлолмадим, жон жўражон.

 

 

Чидайман-да, менгаям тонг отиб қолар,

Оймомажон бағирчамга ботиб қолар,

Бозорчилар қўшимча юз сотиб қолар,

Сенга ҳе-еч дўст бўлолмадим, жон жўражон.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...