Пандемия авж олса, етакчи давлатлар раҳбарлари қаерга яширинади?..

0

Бугун пандемияни глобал дунё урушига ўхшатишяпти. Фақат мамлакатлар душман қўшинларининг эмас, балки улардан ҳам даҳшатли бўлган кўринмас вируснинг қақшатқич ҳужумига дучор бўлди. У ҳеч кимни, шу жумладан, давлатларнинг биринчи шахсларини ҳам аямаяпти. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, шаҳзода Чарльз, Канада ҳукумати раҳбари Жастин Трюдонинг турмуш ўртоғи аллақачон ушбу оғир зарбани бошидан ўтказишди…

Агар вазият буткул қўлдан чиқиб кетадиган бўлса, мамлакатлар лидерлари қаерга яширинишади? Ўта махфий бункерларгами ёки яна бошқа жойга? Қуйида ана шу саволларга айримлар мисолида жавоб олишингиз мумкин.

Шимолий Корея: айланма сайр

Етти йил олдин Жанубий кореялик ижодкорлар томонидан “Қор оралаб” кинотасмаси яратилди. Сюжетга кўра, глобал ҳалокатдан сўнг поезддаги бир гуруҳ одамлар тирик қолади. Улар бутун дунё бўйлаб айланиб юраверишади. Вагонларда эса ёпиқ экотизим яратилган.

Сеуллик йигитлар ижодига мансуб ушбу фильмда айнан қўшни Пхеньян назарда тутилган деган фикрлар юради. Нега дейсизми?

— КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг ўз зирҳли поезди бор. Балки улар биттадан ҳам кўп бўлиши мумкин, — дейди темир йўллар соҳаси тадқиқотчиси Сергей Сигачёв. — Бу ғилдиракларда ҳаракатланадиган автоном шаҳарчага ўхшайди: вагонларда электр станцияси, мажлислар зали, омборхона-музлатгич, ошхона, тикиш ва слесарлик устахоналари бор. Ҳаво тўлиқ фильтрдан ўтказиб борилади. Унда ҳудудлар ҳатто бактериологик ёки кимёвий заҳарланган пайтда ҳам, узоқ вақт қулай ва шинам яшаш мумкин.

Жаноб Ким агар биологик фожиа рўй берса, айнан мазкур транспорт воситасида жон сақлаши мумкин. Унда нафақат ҳаёт кечириш, балки бошқарув билан шуғулланиш мумкин. Хоҳласа, бугун ҳарбий заводни текшириш учун боради, эртага чегаралар яқинидаги муҳофаза ҳудудига. Агар қайсидир ҳудудда эпидемия бошланса, шартта темир ғилдиракларни ғилдиратиб, тинч ва осуда бўлган бошқа жойга кетиб юбориш мумкин.

Си Цзиньпин: қўриқхонадаги объект

— Буюк Хитой девори ҳақида барча эшитган, — дейди тарих фанлари доктори, ХХР бўйича эксперт Сергей Буранок. — Буюк ерости девори ҳақида эса кўпчилик билмайди. Бу ҳанузгача унчалик танилмаган объект ҳисобланади. Совуқ уруш пайтида Пекин остига қурилган туннеллар ва бошпаналар тизими шундай номланади. Сўнгги йилларда у ер ўзининг асл вазифасидан анча узоқлашиб, эсдан ҳам чиқиб кетганди. Ҳатто бу ерости иншооти ўзини ҳимоялаш учун яширинадиган жой деса ҳамон буни тушунмайдиганлар бор. Балки шунинг учун ҳам 18 метр чуқурликдаги мазкур жой оммага ошкор этилиб, туристлар учун очиб юборилгандир. 1960-1970 йилларда мамлакатнинг деярли барча провинцияларида юзлаб одамларни қабул қила оладиган шу каби бункерлар қурилди. Аммо Си Цзиньпин учун энг асосий бункер Пекиндан шимоли-ғарбда жойлашган Сишань миллий паркидаги тоғларда жойлашган.

Унинг ичи ретро услубида жиҳозланган: хитойча лампа шарлар ўрнатилган, Чин ўлкаси манзараларининг анъанавий пейзажлари деворларга осиб қўйилган. Ер остида узоқ вақт бўлиш руҳиятга таъсир этиши мумкин, шунинг учун агар вазият имкон берса, шахсий таркиб бункер устидаги қўриқхонада бироз сайр ҳам қилиши мумкин.

Боз устига хитойликлар бу каби иншоотлар ҳамма нарсадан нажот эмаслигини яхши тушунишади. Масалан, хитойлик фантаст ёзувчи Лю Цисиинянинг “Қора ўрмон” бестселлер романида қаҳрамон ўз душманларидан шу каби ерости объектида яшириниб олади. Бироқ ҳаммаси бефойда эди. Чунки душманлари гриппга ўхшаган хавфли вирусни яратиб, унинг ДНКсига ўтказишнинг уддасидан чиқишади(ҳеч нарсани эслатмаяптими?).

Бунинг учун ичкарига кирадиган ходимлардан бирига вирус юқтирилади. Нафас йўллари орқали ташқари чиққан инфекция эса кейин ўзининг қора ишини бажаради. Шу пайт асар қаҳрамонини музлатишиб, камерага солиб қўйишади. У бир неча юз йил бункерда уйқуда қолиб кетади. Уйғонганда эса тиббиёт шу даражага етган эдики, уни даҳшатли вирусдан даволай олади. Бу албатта фантастика! Бироқ гибернация(инсонни узоқ муддатли уйқуга кетказиш) бўйича тадқиқотлар Хитойда ҳам олиб бориляпти.

АҚШ: моғор босган бункер

“Фавқулодда вазиятлар хонаси”(уруш пайтида қўмондонлик бункери) 1960 йилда Оқ уйнинг Ғарбий қанотида яратилган эди. Унинг кодли номи “Кеннедининг конференция зали”(уни қурган президент шарафига шундай қўйилган ва бу брифинглар учун оддий хоналардан фарқлаб олиш учун ҳам керак)”, — дейди тарих фанлари номзоди, америкашунос олим Ярослав Левин.

Мазкур объектлар (тўғрироғи, унинг остки қисми) билан боғлиқ ўзгаришлар Барак Обама пайтида амалга оширилган. 2010 йилда тинчликпарвар демократ айнан шу каби ғаройиб бункерлар қурилишини бошлади. Америкалик ҳаваскор тарихчи Рональд Кесслернинг айтишича, махфий объект еростига қараб беш қават қурилган, унга Оқ уйнинг бутун аппарати ходимлари, президент ва унинг оиласи, ҳукумат вакиллари тўлиқ сиғади.

Уни барпо этишга қарийб 376 млн доллар сарфланган. Бироқ Дональд Трамп Овал кабинетга келганича, бункер деярли яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. У ерни сувараклар ва каламушлар, моғор босиб кетди.

Ёпиқ иншоотдаги замбуруғлар эса у ерда намлик ва ҳаво айлантириш тизими назорати ёмон эканлигидан далолат беради. Яъни бункернинг ҳаво фильтрлари орқали қотил вирус кириб келиши мумкин. Табиийки, Трамп Обаманинг хўжасизлигини билиб ғазабга тўлди.

Хўш, агар биологик фалокат сценарийси реалликка айланса, Трамп қаерга эвакуация қилинади? Бугун АҚШ вирусни юқтириш, вирусдан вафот этиш кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Нью-Йоркда беморлар сони 258 мингдан ошиб кетди. Лекин Америка Самоасида вирусни юқтирганлардан ҳеч ким йўқ. АҚШга тегишли бўлган ушбу ҳудуд Тинч океанида, денгиз йўлларидан анча олисда жойлашган. Аҳолиси бор-йўғи 50 минг киши. Яна ўша ҳаваскор тарихчининг айтишича, айнан шу жой эҳтимолий биологик уруш пайтда АҚШ президентлари эвакуация қилинадиган жой экан. Оролни Америка флоти қўриқлашга ўтади, оператив штаб тузилади. Шу асосда президент мамлакат бошқарувини давом эттиради. Тропик жаннатда яшаш дегани балки шудир.

Европа раҳбарлари қаерга кетади?

ГФР канцлери “вирус ҳалокати” ўтиб кетишини мамлакат жануби, тўғрироғи, Альп тоғларида кутиши мумкин. Мисол учун, Гармиш-Партенкирхен курорти ҳудудида. Айнан шу жойда Германиядаги энг узун, қарийб 3 км баландликдаги Цугшпитце чўққиси жойлашган. Унинг яқинида қулай меҳмонхоналар жойлашган. Уларнинг исталганини ҳаво ҳужумидан мудофаа мобиль тизимлари билан ҳимояга олиш ва бошқарув пунктини ташкил этиш мумкин.

Бу ҳудуд совуқ ва паст ҳаво босими туфайли кўплаб касаллик чақирувчи вирус ҳамда бактериялар нофаол экани билан машҳур. Немислар айнан шу жиҳатларни узоқ умр кўришнинг асосий иқлимий омиллари деб билишади.

Макронга эса Ҳинд океанидаги Кергелен архипелагига яшириниш тавсия этиляпти.

Маълумки, ҳозиргача ҳам Франциянинг океанда қатор ҳудудлари(колониал мулклари) бор. Улардан бири Ҳинд океанидаги Кергелен архипелагидир. Аҳолиси бор-йўғи 70 киши, унга энг яқин бўлган қуруқлик 2 минг километр узоқда жойлашган. Пандемия тўлқини эса унга яқинлашмайди ҳам.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон эса қироллик аъёнлари ва ўзининг севимли мушуги билан Канадада яшириниши мумкин. Фавқулодда вазиятларда давлат ва монархия вакилларини айнан шу давлатга эвакуация қилиш белгилаб қўйилган. Мазкур мамлакатнинг Канададаги қалин ўрмонзорли ва хилват жойларида махфий базалари мавжуд. 1940 йилда немислар томонидан Буюк Британияни босиб олиш таҳдиди пайдо бўлганида, ана шундай сценарий ишлаб чиқилган эди.

Россияда-чи? Фақат лимузинми?

Биологик уруш ҳолатида Россиянинг биринчи шахсларини ҳимоя қилиш сир ҳисобланади Аммо айрим очиқ манбалар берган маълумотлар ҳам бор. Мисол учун, РФ президентининг “Аурус” лимузини нафақат барча турдаги енгил қуроллар, балки биологик зарарланиш хавфидан ҳам ҳимояланган.

Бундай вазиятда давлат раҳбарини кимёвий ҳимоя қўшинлари муҳофаза қилади. Улар биринчи разряд либослари билан таъминланган. Замонавий газниқоблар орқали суюқ овқатларни истеъмол қилиш мумкин. Эътиборлиси, бундай пайтда унинг герметиклиги бузилмайди. Костюмни эса икки кунлаб ечмасдан кийиб юриш мумкин. Шу муддат давомида у тўлиқ кимёвий ҳимояни таъминлаб туради. Бу эса зарарланган ҳудуддан хавфсиз жойга кўчиб ўтиш учун етарлидир.

Давлат раҳбарини жойлаштириш мумкин бўлган ҳудудлар ҳам талайгина. Рус Шимолидаги кам аҳолини Плесецк космодроми ёки Тивадаги одамлар кўзидан нарида бўлган давлат раҳбарлари дам оладиган жой…

Мана, айрим мамлакат етакчиларининг биологик уруш ёки шу каби фавқулодда вазиятлар рўй берадиган бўлса, қандай хавфсиз жойларга олиб борилиши ҳақида қисқача хабардор бўлдингиз.

Лекин бугун дунё давлатлари раҳбарлари қандайдир бункерларни эмас, балки ўзаро ҳамжиҳатликда, бамаслаҳат иш кўрган ҳолда пандемияни иложи борича тезроқ бартараф этиш устида бош қотиришаётган бўлса ажаб эмас. Ҳар ҳолда, шунга ишонгимиз келади.

ЎзА

loading...