Сурхондарёликларнинг  Иккинчи жаҳон урушига қўшган улкан ҳиссаси ёхуд Алпомишнинг жасорати

0

Алпомишнинг бир замонлар ҳеч ким кўтара олмайдиган ёйни қўлга олиб, бир зарбадаёқ тоғ чўққисини кўчириб юборгани тилларда достон бўлган. Бироқ ўзбек элининг жасорат ва фидойиликлари бу билан тугамади. Билъакс, бошланди.

Одам бир нарсага қаттиқ берилиб кетса, ҳаёт билан хаёл, тасаввур аралашиб кетар экан. Иккинчи жаҳон уруши тўғрисида маълумотларни тўплаш, суратлар топиш, экспонатлар йиғиш билан машғул бўлдик. Улар билан бўлиб Иккинчи жаҳон уруши кўз олдимда гавдаланади. Ҳозир ҳам кўзга кўринмас вирус билан курашаяпмиз. Кошки бу коронавируснинг қиёфаси бўлса, шартта ушлаб яксон қилсанг.

Гапнинг индаллосига кўчсак, яна мавзуимиз Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага Ўзбекистоннинг қўшган ҳиссаси. Бу гал Сурхондарё вилоятида олиб борилган ишлар тўғрисида тўхталамиз. Иккинчи жаҳон урушида вилоят аҳолисининг ғалабага қўшган ҳиссаси Алпомишнинг жасоратидан асло кам эмас. Улар ҳануз аждодларига эш. Гап исботи билан. Келинг, аниқ маълумотларга таянайлик.

Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ходимлари томонидан Иккинчи жаҳон урушига тааллуқли турли хилдаги экспонатлар тўпланиб, ҳужжатлар, буюмлар, анжомлар ва фотосуратлар жамланди. Тўпланган маълумотларга асосланадиган бўлсак, тўрт йил давом этган уруш даврида 53 365 нафар сурхондарёликлар  фронтга жўнатилган. Шулардан 11 000 нафари жангда ҳалок бўлиб, яқинлари қора хат олди.

Урушнинг бошларида вилоятнинг 18-ҳарбий ўқув пунктида мутахассислар армия учун жангчилар тайёрладилар. Ҳарбий-ўқув пунктида 5000 ортиқ пулемётчилар, минамётчилар, танкка қарши қирувчилар тайёрланди. Бир вақтда мудофаага кўмаклашувчи ташкилот йўл-йўриғи билан 18000 ҳарбий мутахассис тайёрланган.

1942 йил 6 та махсус аёллар ва қизлар бўлинмалари тузилди. Бир йил ичида 246 нафар ўқувчи қиз тайёрланди. 1942 йил Термиз шаҳридан 20  инженерлик қўшинларида хизмат қилиш учун фронтга жўнатилди. Қизил хоч ва ярим ой жамиятлари кўрсатмаси билан 25 та санитар дружиналари тузилди. Уларда 260 нафар ҳамшира ва фельдшерлар тайёрланди.

Урушнинг энг оғири биринчи кунларида бўлди. Масалан, Брест қалъасини мудофаа қилишда Сурхондарёлик Таня Панкратова ҳалок бўлди. Ушбу урушнинг биринчи кунлари фожиаси, талофатларини ва ҳужумга ўтиш воқеаларини ҳикоя қилувчи экспонатлар Сурхондарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида  мавжуд.

Ўша даврда кўпгина рассомлар ўз асарларини яратдилар. Козловнинг “Охирги граната”, О.Краваноговнинг “Курск ёйи” кўчирма нусха асарлари яратилди. Сурхондарёликлар Сталинград остоналаридаги жангларда муваффақиятли қатнашди. Шулардан Р.Зокиров, В.Новиков Рига ёнидаги жангларда, А.Қайсаров Курск ёнидаги, Ж.Тўраев ва бошқалар жангларда ҳалок бўлишди. Б.Эшонқулов, А.Гоголева-Карченко, Ю.Нормуродов Берлинни штурм қилишда қатнашдилар.

Иван Колодий (1912-1954 й.й.) ҳақида икки марта Совет Иттифоқи қаҳрамони генерал П.Батов ўзининг “Ҳарбий сафарлар ва жанглар” номли китобида ҳикоя қилади. У илғор отрядлар сафида Днепр дарёсини кечиб ўтишда қатнашади. Шарқий қирғоқни кечиб ўтиш вақтида қайиққа снаряд тегиб, парчаланиб кетади. Алоқачи елкасидан оғир яраланади, лекин қирғоққача сузиб бориб, рацияни жойлаштириб, нариги қирғоқдаги батареяларимизга қўшиннинг муҳим ўт очиш нуқталарининг координаталарини беради. Батареялар ишончли маълумотларни олгандан сўнг, душманнинг 16 та ўт очиш нуқтасини, 3 та немис батареясини, 60 та  фашистни яксон қилди.

И.Колодийнинг шахсан ўзи қарши ҳужумга ўтиб, 15 фашистни ўлдирди. Ярадор бўлишига қарамасдан госпиталга ётишдан бош тортди ва сафда қолди. Днепр дарёсини кечиб ўтишдаги қаҳрамонлиги учун унга Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилди. Ф.Волков, И.Колодий, Л.Любимов, К.Проценко, С.Чернишев, А.Шамкаев Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонини олди. Уч киши – Н.Орешников, А.Тикачёв, Р.Тукаев “Шуҳрат” ордени соҳиби бўлишди.

Фронтга кетганларнинг жойини уларнинг оналари, турмуш ўртоқлари, қизлари ва ўспирин ўғиллари эгаллашди. Ўқув курсларида 135 нафар қиз тракторист қилиб тайёрланди. Юртдошларимизнинг кўпчилиги шахсий жамғармасини самолёт, танк қурилиши учун топширди.

Шундай инсонлардан бири Қораев фронтдаги етишмовчиликлар учун берган пул миқдори айтиб ўтилган. Бундан ташқари Сурхондарёликлар бегона болаларга ғамхўрлик қилишда ҳам ўз ҳиссаларини қўшишган. Шерободлик Эгамберди Қувватов уруш йилларида ота-онасиз қолган 5 нафар болани ўғил қилиб олган. ДЕПО ишчиси Закия Содиқова 2 нафар етим болани ўз тарбиясига олди. Эвакуация қилинган 20000 фуқаро Сурхондарё вилоятига жойлаштирилди.

Вилоят аҳолиси фронт учун иссиқ кийим, мева, гўшт, буғдой ва бошқа маҳсулотларни йиғиб, етказиб турди. Қизил армияга 9 минг жуфт пўстин, 64 минг мўйнали нимча, 100 минг жуфт мўйнали жунли қўлқоп, 20 мингдан кўпроқ пийма, миллион рубль пул йиғиб юборилган.

Вилоят уруш даврида 210 минг тонна пахта, 15 минг центр гўшт, 50 минг центр гуруч, 1700 дона қоракўл тери, 360 тонна пилла топширди. Шунингдек, 6 минг бош қорамол, 800 минг тоннадан ортиқ буғдой ва ёрма, 20 тонна мой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилган. Вилоят театрлари концертлар қўйиб, мудофаа учун маблағ йиққан. Ўзбек артистлари фронтларга бориб концертлар қўйишган.

Уруш даврида ҳамма саноатлар қайтадан қурилиб, фронтга йўналтирилган. Вилоятнинг нефть бўйича мутахассислари ишлаб турган Хаудак, Учқизил нефть конларидан ташқари, янгидан топилган Кокайди ва Лалмикор нефть конларини ўзлаштирган. 1942 йилдаги нефть ишлаб чиқариш 1941 йилдаги билан таққосланса 25 фоиз,  1943 йилда эса 57 фоиз кўпайган. Сурхондарё вилояти Республикамизда ишлаб чиқарилган нефтнинг 70 фоизини берган. Уруш даврида Шарғунда кўмир қатламлари кони очилиб, кўмир қазиб чиқарилган. Сурхондарё саноати ва қишлоқ хўжалиги 1941-1945 йиллар қолоқлашиб қолмай, режаларни юқори даражада бажарганлар.

Бу ҳақидаги батафсил маълумотлар билан танишишни истаганларни Сурхондарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейига таклиф қиламиз. Унда уруш даврини эслатувчи ашёлар: автомат, станокли пулемёт “Максим” ва ёрдамчи воситаси, сапёр куракчаси, офицерлар ва солдатлар кийими музей фондида сақланмоқда.

Зеро, ўтмиш билан юзлашиш ҳар қандай кишини сергаклантиради. Тарихнинг ўзи бир муаллим. Шу кунларда Иккинчи жаҳон уруши даврида юртимизда илм-фан, таълим, маданият, санъат, кино, адабиёт ва ҳарбий матбуот борасидаги изланишлар анчайин жадаллашди. Биз тўплаётган маълумотлар ҳам бир сидра яхлитланиб, кўзни қувонтира бошлади. Шу мавзуда биргаликда изланишлар олиб бораётган Қуролли Кучлар академияси докторанти подполковник Адҳам Нуруллаев (Сурхондарёлик) билан компьютерда кўп ишлаб, кўзимиз толиққан маҳал турникка тортилишга чиқамиз. Тоза ҳавода бир оз тин олиб қайтарканмиз, сўраганларга иммунитетни кўтариб келаяпмиз, деймиз. Кўнглимизга таскин берадигани қилаётган ишларимиз ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кўтаришга, Алпомишга эш авлоднинг камол топишига ҳисса бўлиб қўшилишига умидвормиз. Бу йўлдаги зиёлиларга куч-қувват тилаб, яна ишга киришамиз.

Катта лейтенант Азиз НОРҚУЛОВ,

“Ватанпарвар” мухбири

loading...