ШУМҚАДАМ… (12-қисм. Охири)

0

 

 

* * *

 

Қишлоққа одатий тун чўкди. Атроф жим-жит. Аҳён-аҳёнда масжид томондан сўфининг овозигина қулоққа чалинади.

Лола ҳамон Суюнбой ташлаб кетган пулларни чангаллаганича сўрида ўтирар, қандай қилиб пастга тушишни, аравачасига ўтириб олиш тадбирини кўрарди.

— Ёлғизлик қурсин, — койиниб қўйди у бир пастга, бир аравачага умидвор тикиларкан. — Ёш бошимга оёқсиз қолганим бало бўлди. Энди қандай ичкари уйга кириб оламан? Қайси меҳрибоним кўтариб олиб киради? Отинг ўчсин, Кимсан! Мени шу кўйларга солган бўлсанг, Худо жазоингни берсин!

Лола кутилмаганда қўлидаги бир даста пулни пастга ирғитиб юборди-да, бошини чангаллади:

— Бойвачча бўп қолганмиш! Етимча! Ўтган кунингни унутиб қўйдингми, шумқадам? Бурнингни зўрға эплардинг бир вақтлар. Энди бойиб кетганмиш! Менга уй қуриб берармиш! Бошимга ураманми, сенинг уйингни?! Отангниям, сениям, уруғ-аймоғингниям Худо олсин! Ҳа-а, бекорга ёмон туш кўрганим йўқ. Бир балоси бор. Чуқу-ур жарга тушиб кетганмишман… Агар менга бир гап бўлсин, ҳаммангнинг қонингни ичаман, ҳа! Лолани билмас экансанлар! Лола кўрсатиб қўяди ҳаммангга! Э, нега қўрқиб ўтирибман? Оёғим йўқ бўлса нима? Тиззаларим бор-ку! Тиззалаб пастга тушаман-қўяман…

Лола телбаларча сўзлар, нималар деяётганини ўзи англамасди.

Шу кўйи даст ўрнидан қўзғалиб тиззалаганди, оёғида кучли оғриқ турди. Лекин додлаб юбормади. Бир маротаба «иҳ» деб қўйди-да, судралиб сўри четига борди.

— Сенга ўхшаганларнинг ўнтасини ағдаришга қодирман, — деди кўча томонга қараб. — Мана, қараб тур, ҳозир аравачамга ўтириб олай, ўзим олдингга чиқаман-да, кунингни кўрсатаман.

Лола бақира-бақира ўзини пастга — аравачанинг устига ташлади. Аммо ўртага эмас, аравачанинг бир четига тегиб, ерга тушди. Аравача ғилдираб кетди…

Лола ҳушини йўқотганди…

 

* * *

 

— Хўш, қани Кимсанбой? — сўради Суюнбой йўлбарсга қайнатилган гўшт бўлакларини иштиёқ билан едираркан, йигитлардан бирини ҳузурига чорлаб.

— Ертўлада ўтирибди. Олиб чиқайми?

— Олиб чиқ! — кулди Суюнбой йўлбарсни сийпалаб. — Қани, кўрайлик-чи нимага қодир экан бу қария! Айтганча, Маннопниям чақириб юбор!

— Хўп бўлади…

Кўз очиб юмгунча қовоқлари уйилган ҳолда Кимсан кириб келди. У бир Суюнбойга, бир қаршисида бегона одамни кўриб ириллаб қўяётган йўлбарсга хавотир аралаш қараб қўяр, «хўжайин»нинг гап бошлашини кутарди.

— Хўш, аҳволлар қалай? — сўради Суюнбой Кимсанни бошдан-оёқ кўздан кечириб.

— Ёмон эмас. Нолийдиган жойим йўқ.

— Шунақами? Бу одатингиз яхши. Гапиринг!

— Нимани гапирай? Гапнинг ўзи қолмаган.

— Йўқ, гап энди бошланяпти. Қўлингиздан нима келади ўзи? Биламан, бойлигингиз ҳозир йўқ. Дўконни бой бергансиз. Менга қандай фойдангиз тегиши мумкин?

— Жон ука, ўтмишдаги гиналарни қўй, — ялинган оҳангда сўз қотди Кимсан. — Нима бўлса бўлиб ўтди. Менам тинчгина уйимга бориб тирикчилигимни қилай.

— Шу ердаям қилаверасиз тирикчиликни.

— Бу ерда нима қиламан? Қишлоқда бола-чақа кутиб ўтирган бўлса.

— Ўлмайди бола-чақангиз. Энди менинг хоҳишимга қараб иш кўрасиз. Ё тушунмадингизми?

— Тўғри, ҳозир сен кучлисан, — бош эгди Кимсан. — Локигин… Худодан қўрқсанг ёмон бўлмасди…

— Худо? — Суюнбой қаршисида қўл қовуштириб турган Маннопга маъноли қараб қўйди-да, аравачани етаклаб Кимсанга яқин келди. — Қачондан бери Худони эслаб қолдинг? Дадамни қаматаётганингда, Лоланинг қўйнида ётганингда эсламагансан-ку! Энди эслаб қолдингми? Сен энди қилмишларинг учун жазо олишинг керак. Жазони эса, ҳозирча мен бераман сенга. Манноп!

— Лаббай, хўжайин!

— Манови нусхани марказий бозорга олиб борасан-да, энг гавжум жойга ўтқазиб қўясан. Ўша ерда ўтириб, бизга пул ишлаб беради. Қара, соқоллари ўсиб кетган. Эгнига эски-туски кийимлардан кийдириб қўйсанг, тиланчидан фарқи қолмайди.

— Хўп.

Суюнбой бошқа бир йигитни Кимсанни олиб чиқишга буюрди-да, ўзи Маннопга юзланди.

— Сен йигитларга тайинла. Биз шаҳардаги казо-казоларнинг ишига бугундан эътиборан аралашмаймиз. Сизлар фақат ўғри, тиланчиларни шилинглар! Бизга шунисиям етади. Тушунарлими?

— Тушундим.

— Бўпти, боравер! Айтганча, ошхонага янги қиз олиб келишди, дейишувди…

 

* * *

 

Қиз эшикка тескари ўгирилиб ўтирарди. Қоп-қора, ёйилган узун сочлари бутун елкасини қоплаб, белигача тушган.

— Ойимқиз, хўжайинга салом бермайсизми? — сўради хизматчилардан бири мулойимлик билан.

Қиз шошиб ўрнидан турди-да, ортга ўгирилди…

Суюнбой бу қизнинг тўлин ойдек дўмбоқ юзларига, пирпираб турган узун киприкларига, диркиллаб турган кўкракларига ҳавас билан тикиларкан, негадир уни қаердадир кўргандек, суҳбатлашгандек бўлаверди. Маълум вақт сукут сақлаб хотираларини титкилаб кўрди. Аниғини эслай олмади.

— Асал қиз, берироқ кел-чи! — хизматчиларни имо билан чиқариб юборгач, қизга сўз қотди у.

Қиз итоаткорона Суюнбойнинг тепасига келиб бош эгди.

— Исминг нима?

— Лобар.

— Нима? Негадир исминг ҳам танишдай… Мабодо мени танимасмидинг?

Лобар майин жилмайиш қилди.

— Таниганман сизни.

— Қаердан танигансан? Менгаям юзларинг танишдек туюляпти.

— Сиз бизнинг қишлоқдансиз-ку! Лола холаникида…

— Нима? Наҳотки, сен ҳамқишлоғим бўлсанг?

— Ҳа. Эсингиздами, кичкиналигимизда бир куни кўришиб қолгандик. Пулим кўп, узоққа кетяпман, дегандингиз.

Шу гаплардан кейингина Суюнбойнинг кўз ўнгида олис болалик хотиралари қайтадан гавдаланди. Лобар тўғри айтяпти. Ўшанда аламига чидолмай Лоланинг пулларини ўғирлаганди-да, шаҳарга қочиб кетганди. Ўша-ўша шу ерларда қолиб кетди…

— Эсладим, — деди оғир хўрсиниб Суюнбой. — Сени кўрганимни эсладим. Аммо… Бу ёқларга қандай келиб қолдинг? Нима қилиб юрибсан шаҳарда?

— Ўқиш учун келгандим, — жавоб қилди Лобар. — Имтиҳонлардан ўтолмадим.

— Кейин-чи?

— Кейин қолиб кетдим… У ёғини айта олмайман. Илтимос, қисталанг қилманг!

— Йўқ, айтасан, — деди Суюнбой. — Бошладингми, охиригача етказ гапингни! Мен ёқтирмайман гап яширганларни. Нега қолиб кетдинг?

— Отам оқ қилиб ҳайдаган уйдан.

— Оқ қилиб? Тавба!

— Айб ўзимда. Аҳмоқлик қилиб қўйдим.

— Нима қилдинг?

— Биттаси билан юриб қўйдим.

— Ҳа-а, гап бу ёқда дегин? Ким билан юриб қўйдинг, сир бўлмаса? Ҳимоя қилмадими, ўша ярамас сени?

— У аблаҳ одам экан.

— Ким эди ўзи?

— Кимсан деган одам. Дўкондор.

— Кимсан?

— Ҳол-жонимга қўймади, орқамдан чопавериб. Қачон қараса, қўлимга даста-даста пул, совға-салом тутқазаверди. Ожизлик қилиб қўйдим. Унга қандай кўнгил қўйганимни сезмай қолдим.

— Шунақа дегин? — Суюнбой бош қашиб йўлбарс ётган диванга қараб қўйди. — Ҳечқиси йўқ, энди бу ёғига каллани ишлатиб йўл тутаверасан.

— Менга энди барибир. Жойим бор, индамай яшаб юравераман.

— Унақа жойда сени яшашга қўймайман, — деди Суюнбой гапни калта қилиб. — Меникида яшайсан. Ишлайсан. Меҳнатингга яраша ҳақингни олаверасан. Бор, ташқарига чиқ! Ҳозир сенга жой кўрсатишларини буюраман.

 

* * *

 

— Вой, Лолахон, сизга нима бўлди? Кўзингизни очсангиз-чи! Вой, Худойим! Ким бор? Ҳой қўшнилар, бу ёққа чиқинглар! — Саври хола ерда чўзилиб ётган Лоланинг тепасида айланиб қичқирар, нима қилишни билмай гаранг эди. Ҳар қалай, ён-верида яшовчи қўшнилар бақир-чақирни эшитиб югуриб чиқишди. Эркаклар Лолани кўтариб қайтадан сўрига ётқизишди. Кимдир «тез ёрдам»га қўнғироқ қилиш учун уйига чопди. Кимдир челакдан сув олиб келиб Лоланинг юзига сепа кетди. Лола сал ўтмай кўзларини очди. Аммо қарашлари аланг-жаланг, лаблари тинимсиз учарди. У тепасидагиларга бир-бир қараб олган бўлди-да, беихтиёр ўрнидан туриб ўтирди.

— Мени… Осмонга учиришяпти! — йиғламсираб турган Саври холага деди Лола. — Мени осмонга учириб юборишяпти!

Шу гапларни гапириб туриб кутилмаганда Саври холанинг ёқасига ёпишди.

— Ҳой хотин, қани менинг Сувонқул акам? Қани? Ҳа-а, сен уйингга бекитиб қўйгансан! Ўзингга эр қилвомоқчимисан? Қилиб бўпсан! Қилиб бўпсан!

Лоланинг қўлларини ён-веридагилар олиб ташлашга улгуришди. Унинг ўзи бирдан бўшашиб қўлларини икки ёнига ташлади-ю, оғзидан кўпик келиб хириллай бошлади.

— Вой, Лола ёмон бўляпти! — дея орқага тисланди Саври хола йиғламсираб.

Бу орада маҳалла имоми Холмат ота ҳам сўри қаршисида турарди. У кўпикни латта билан артиб Лоланинг томирларини ушлаб кўрди.

— Узоққа бормайди, — деди ниҳоят бош чайқаб, — Куни яқин. Қани, аёллар, ҳовлини тозалаб қўяверинглар! Дўхтирлар барибир улгуришмайди. Фойдаси йўқ…

Имом адашмаганди. Лола оғзидан келаётган кўпик тўхтагач, бир-икки йўталди-ю, жон берди…

 

* * *

 

— Ака, тутинган аянгиз оламдан ўтибди! — дея Суюнбой ўтирган хонага чопиб кирди Манноп. — Ҳозиргина қишлоқдан хабарчи келди. Тез етиб борармишсиз!

— Оламдан ўтибди? Нега? Ахир, келаётганимда туппа-тузук эди!

— Билмадим. Хабарчи шундай деди-ю, тез жўнаб кетди.

— Бўпти, машинани тайёрлашсин, айт! Сенам борасан.

— Хўп…

Суюнбой йўлбарсини силаб-сийпаб диванга ётқизди-да, тепасида шай турган икки йигит кўмагида янги кийимларини кия бошлади. Шу пайт яна эшик тақиллади.

— Ким у? — ўтирган ерида қичқирди Суюнбой.

Хонага қўриқчи йигитлардан бири кириб келиб салом берди.

— Нима дейсан? — сўради Суюнбой совуққонлик билан.

— Сизда бир қизнинг зарур иши бор эмиш.

— Қанақа қиз? Ким экан ўзи?

— Отини сўрасам айтмади. Бирга катта бўлганмиз, дейди.

— Майли, тез кирсин!

Йигит зудлик билан ташқарига чиқиб, қизни хонага етаклаб кирди…

Уни кўрган Суюнбой эса… Бир муддат, мовий кўзларига тикилиб тургач, аравачани у томон яқин олиб борди.

— Сени қайда кўрганман, яхши қиз? — қизга янада қаттиқроқ тикилиб сўради у.

— Мени танимадингиз-а? — сўради қиз лабларини қаттиқ тишлаган кўйи.

— Тўғриси, кўзимга жуда таниш кўриняпсан. Лекин эслай олмаяпман.

— Ахир, мен… Лидаман!

— Лида? Сен Лидамисан? Ўша Лидамисан-а?

Суюнбой қувониб кетганидан қизнинг тиззаларини маҳкам қучоқлаб олди.

— Наҳотки, сен ўша Лида бўлсанг-а? Наҳотки?..

— Ҳа, ўшаман, Суюнбой! — Лида силкиниб-силкиниб йиғларди. — Шаҳарда Суюнбой деган бадавлат бир йигит бор экан, деб эшитиб қолдим-у, ҳойнаҳой сиз бўлсангиз керак, деган умидда келавердим. Адашмабман.

— Дунё шунақа экан, Лида! Мен сени бир умр изладим. Қани топа олсам. Қара, ўз оёғинг билан келиб турибсан-а! Шу пайтгача қаерда эдинг?

— Машина урганида анча қон йўқотган эканман. Узоқ даволашди. Бир қариндошимиз Россияга олиб кетди. У ўлгач, қайтиб келдим. Яқинда сиз ҳақингизда эшитиб қолдим. Бир кўриб кетай, девдим.

— Сен менга кераксан. Сен, ахир, қисматдошимсан! Суянчиғимсан! Қандай қилиб сени бировга берай? Истайсанми, қишлоққа кўчиб кетамиз? Истайсанми?

Лида йиғи аралаш кулимсираб қўйди.

— Бўпти, қишлоққа ҳашаматли уй қурамиз. Кейин иккаламиз яшайверамиз. Энди бизни ҳеч ким айира олмайди…

 

* * *

 

Лолани Суюнбой етиб келганидан кейин чиқаришди. Унинг қўл остидаги йигитлар барча керакли юмушларни бажаришгач, жўнаб кетишди. Ҳовлида Лида ва Суюнбойгина қолганди. Лида қўшни аёллар идиш-товоқни ювиш билан банд, Суюнбой эса ташқарида фотиҳачиларни кузатарди. Вақт шомга яқинлаб қолган. Қўни-қўшнилар тарқалишди. Суюнбой Лиданинг ёнида ўтириб янги ҳовлининг режасини хомчўт қилаётганди. Бир маҳал ҳовлига озғиндан келган, қорача, паст бўйли аёл кириб келди-да, бор овозда йиғлай бошлади.

— Вой, бевақт кетган янгам! Ҳаммани аросатда қўйиб кетган янгам!

Лида аёлни тинчлантириб сўри рўпарасига олиб келди. Суюнбой уни танимагани сабаб совуққина бош ирғаб қўя қолди.

— Мени танимадингми, жияним? — сўради аёл йиғлашдан тўхтаб.

— Й-йўқ.

— Мен, ахир, Суйди амманг бўламан! Дадажонингни биттаю битта синглиси-я! Танидингми?

— Шунақами? — Суюнбой жонланиб аммасига қучоғини очди. — Мен сизни кўрганимда жуда кичкина эдим-да, амма! Кечиринг!

— Ҳа, кичкина эдинг. Бу ҳовлига охирги марта даданг қамалиб қолганида келувдим. Сени қанча изламайин, тополмадим. Акам ҳам ўлиб кетибди. Эшитиб куйиб кетдим, Суюнжон, куйиб кетдим. Лекин нима қилай? Бешта болам бор. Сира уйдан чиқиб кетолмайман. Хотин кишининг бўлгани шу экан. Куйишдан, йиғлашдан бўлагига ярамас экан.

— Куйинманг, амма! — деди Суюнбой бироз жилмайиб. — Одам шунақа. Бир кун туғилса, бир кун, албатта, ўлади. Тирикларга қийин. Ўзингиздан гапиринг! Аҳволингиз қалай?

— Э, аҳволим қурсин. Даладан бери келмайман. Барибир биримиз икки бўлмайди. Бу ёқда болалар катта бўляпти.

— Ўзим ҳам мусулмончиликдан чиқиб кетган эканман. Биттагина аммамни изламабман-а?! Кечиринг. Ҳаммаси яхши бўлади ҳали. Аммажон, биласизми, манови қиз бўлғуси келинингиз. Иккаламиз қанчалик дарбадар юрганмиз, калтак еганмиз, оч ҳам қолганмиз…

Суйдиниса опа Лида билан қайтадан кўришди.

— Икковимиз энди шу уйни бошқатдан қуриб қишлоқда қолиб кетмоқчийдик. Сиз келиб қолдингиз. Энди-чи, амма, сизга ажойиб уй қуриб бераман шу ерга. Болалар билан келиб яшайсиз. Қайғурманг, камчилигингиз бўлмайди. Бу ёғига мен кафил.

— Тўхта, бу уй…

— Қўйинг, бу уй энди меники. Ўгай онам кетди. Жойи жаннатда бўлсин! Шу ерда чироғини ёқиб ўтирасиз. Хўш, нима дейсиз?

Суйдиниса опа кўзлари ёшланиб Суюнбойни маҳкам бағрига босди.

— Илойим, дадангнинг руҳи қўлласин сени!

Шу кеча Суюнбой Лидани ёнига олиб шаҳарга жўнади. Ҳовлини эса эрталабданоқ қурувчилар босди.

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...