Истанбуллик саҳобалар ёхуд Пайғамбаримиз (с.а.в.) васият қилган буюк саркарда

0

Истанбул таърифу тавсифининг чеки йўқ… Нега шундай? Менинг назаримда, бунинг жавоби жуда жўн, бу шаҳарга Пайғамбаримиз (сав)нинг назарлари тушган. Ҳадисларда келтирилишича, Аллоҳнинг элчиси: “Бир кун албаттаки Константинопол фатҳ этилажак. Уни фатҳ этган қўмондон энг гўзал аскардир, уни фатҳ этган ўрду эса энг гўзал лашкардир”, сўзлари бутун мусулмон оламига даъват каби янграган.

Усмонли давлатидан олдин не-не қўмондонлар Константинопол йўлини тутишмаган, турк султонларининг бутун фикру хаёли бу шаҳарда бўлган. Бу ишни амалга ошириш 22 ёшли Меҳмет султонга насиб этади.

Илоҳиётчиларнинг ривоятларга асосланиб англатишларича, Истанбулда мингдан ортиқ саҳобанинг қабри бўлиши керак. “Токли деде” деган қабристонда ўз пайтида ниҳоятда кўп саҳобийлар дафн этилгани айтилади. Аммо аниқлангани — 29 та қабр ёки мақом.

Константинопол томон илк юриш ҳижрий 48 (милодий 668) йилга тўғри келади. Тарихий манбаларда келтирилишича, илк қўмондонлар Суфиён бин Авф ал-Эздий ва Фадале бин Убайд ал-Ансорий бўлишган, улар бошчилигидаги ислом армиясида 63 саҳобий қатнашган.

Шаҳарга кириш учун бўлган жангларда анча талафотлар кўра бошлаган бу армияга 669 йилнинг баҳорида ҳазрати Муавийнинг ўғли Язид бошчилигидаги аскарлар ёрдамга келишади. Христианларнинг қўли баланд эканини сезган мусулмонлар совуқ кунлар яқинлашгунча Шомга қайтишади.

Абу Умеййе ал-Эзди раҳбарлигидаги саҳобийларнинг Константинополга навбатдаги юриши беш йилдан кейин, яъни 673-674 йилларда бошланиб, 7 йил давом этади. Ҳам қуруқликдан, ҳам денгиздан олиб борилган муросасиз жанглар натижа бермайди.

Саҳобийларнинг сўнгги учинчи юриши 715-717 йилларда амалга оширилади, унга Меслеме бин Абдулмелик бош бўлади.

Шу ўринда Истанбулда қабрлари бўлган айрим саҳобаларнинг тарихи тўғрисида маълумотлар бериб ўтишни лозим топдим.

Юқоридаги салб юришларнинг бирида иштирок этган Абу Шейбе ал-Худри шаҳид бўлади. Пайғамбаримиз (сав)нинг сут қардоши бўлган бу аскар Константинополга келганда 89 ёшда бўлган. У кишининг қабри Истанбулнинг византияликлар қурган шаҳар қалъа деворлари биқинида бўлган. Бу маълумот ислом армиясининг шаҳарни ишғол қилишга бир баҳия қолганидан далолат беради, деган тахминлар бор.

Истанбулда ертўлада жойлашган ягона масжид бор, номи ҳам “Ерга ботган”. Унинг қачон бунёд этилгани тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо тарихчи Авлиё Челабийнинг билдиришича, у ҳижрий 92 (милодий 711) йилда Абдулазиз ўғли Умар томонидан қурилган.

Масжид бошқаларидан ажралиб туради, у 54 дона йирик устунда туради. Шу сабабдан бир қарашда минбар кўринмайди. Унинг икки кириш-чиқиш эшиги бор. Ичига ёруғлик фақат денгиз тарафидан тушади.

Жомеъ ичида икки саҳоба қабри бор. Бу ерда яна бир қабр бўлиб, бу зотнинг саҳоба бўлиб-бўлмагани тўғрисида маълумотлар сақланмаган.

Ривоятларга кўра, Галата кўприги яқинида вафот этган саҳобалар шу ернинг ўзида кўмилади. Душманларнинг кўзидан яшириш мақсадида унинг устига шошилинч масжид каби бир бино қурилади. Салкам ўн тўрт асрдан бери бу бинонинг деярли оҳори бузилмаган.

Замонамиз уламолари саҳоба муфассир Абу Дардога кўп мурожаат этадилар, унинг сўзларидан иқтибослар келтирадилар.

Бу саҳобанинг асл исми Увемидир, у киши ҳам мадиналик бўлиб, Пайғамбаримиз (сав)нинг Қуръон, фиқҳ ва ҳадис илмлари билимдони бўлган асҳоблардандир. Истанбулга ҳеч келмаган, дейишади-ю, аммо шаҳарда у кишининг қабри бор. Уламоларнинг айтишича, бу ер Абу Дардонинг мақомлари, асл қабри Шомда.

Туркияда Айюб Султонни билмаган ёки эшитмаган киши бўлмаслиги аниқ. Султон Аҳмад ва Сулаймон номидаги масжидлар қаторида халқ томонидан севиб зиёрат ва ибодат этиладиган муқаддас жойлардан бири.

Халқ ичида Айюб Султон, деб аталадиган зот Абу Айюб ал-Ансарий Холит бин Зейддир. Асли мадиналик бўлган Айюб Султон илк мусулмонлардан бўлган. Келиб чиқиши ҳам отаси, ҳам онаси тарафидан Пайғамбаримиз (с.а.в.)га бориб тақалади. Набий (с.а.в.) Мадинага ҳижрат этганларида, то у муҳтарам зотга уй қуриб битгунича, Айюб Ансорийнинг хонадонларида 70 кун яшаб қоладилар. Бу хизматлари эвазига “Набийнинг меҳмондори” деган унвонга сазовор бўлади. Расули Акрам (с.а.в.) ўз уйларига кўчиб ўтганларидан кейин ҳам Айюбнинг хонадонини зиёрат қилишни канда қилмаганликлари айтилади.

Аллоҳ элчиси Мадинага келганларидан эътиборан, Айюб ҳазратлари у зотнинг ёнидан ҳечам айрилмади, улар билан барча жангларда қатнашади, баъзан тансоқчилик вазифасини ўтагани айтилади. Бу ҳақда 200 дан зиёд ҳадиси шарифларда келтирилади.

Бундан ташқари, Пайғамбаримиз (с.а.в.) замонида Қуръони карим оятларини тартибга келтиришда иштирок этганлиги зикр этилади. Халқ орасида ўз илми ва одоб-ахлоқи билан ҳурмат-эътибор қозонган киши эди.

Айюб Ансорий Абу Бакир, Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Али замонларида ҳам ислом ривожига кўп ҳисса қўшган саҳобийлардандир.

Ҳижрий 49-52 йиллар орасида 90 ёшлар атрофида вафот этгани келтирилади.

Константинопол фатҳидан кейин султон устози Оқ Шамшиддин билан кўп суҳбатлар қуради, сабоқлар олади. Ана шундай учрашувларнинг бирида Меҳмет подшоҳ Айюб Султоннинг Константинополни фатҳ этишга келиб, жангда ҳалок бўлганини қадим китобларда ўқиганини устозига айтиб, у жасур саҳобанинг мозорини топишни илтимос қилади.

Оқ Шамсиддин ҳам анчадан бери дилидагини айтолмай ичида сақлаб юрган Айюб Ансорий тўғрисидаги фикрини амалга оширишга зудлик билан киришади. Бир куни султон ёнига келиб:

“Ҳув анави тепалик этагида бир нур кўряпман. Ўша ер қазилса, бир оқ мармар чиқади. Айюб Султон ўша ерда бўлиши керак”, дейди.

Султоннинг амри билан хизматкорлар ишга киришади. Дарҳақиқат, устоз айтганидек бўлиб чиқади, у ердан лотин ёзувида: “Бу ер Ҳолит бин Зейднинг мозоридир” деган лавҳа чиқади.

1453 йилнинг 20 апрелида қазиш ишлари якунланиши арафасида, султон жасадга ўз қўллари билан тегмоқчи эканлигини айтади. Жасад мутлақо чиримаган ҳолда топилади. Подшоҳ Айюб Ансорийнинг оёқларини силай бошлаганда, жасад ҳаракатга келиб, оёқларини ундан тортиб олади.

Меҳмет султон хафа бўлиб, мозорни вақтинча ёптириб, саройга қайтади. Тушида Айюб Ансорийни кўради ва ундан нега оёғини ушлатмагани сабабини сўрайди.

— Сен Пайғамбаримиз (с.а.в.) васият қилган буюк саркардасан, сен Константинополни фатҳ этдинг. Мен эса бу васиятни амалга оширолмаган оддий саҳобийман, холос, — дейди.

Уйқудан мамнун ҳолда уйғонган султон такрор қабр бошига бориб, зарур ишланмаларни давом эттиради ва кечиктирмасдан мақбара қурдиришга фармон беради. Орадан беш йил ўтгач — 1478 йилда эса унинг ёнида масжид бунёд эттиради.

Оқ Шамсиддиннинг англатишича, Ансорий вафот этганида константинополлик христиан роҳибининг тушига Пайғамбаримиз (с.а.в.) киради. Ундан исломни қабул қилишни сўрайдилар. Айюбнинг вафоти тўғрисида хабар бериб, унинг душманлар қўлида ғариб бўлиб қолмаслиги учун қабр ичига бир ёзув ёзишни истайдилар.

Роҳиб ярим кечаси айтилган жойга боради ва қабрдан нур таралиб турганини кўради. У ерга бир белги қўйиб, саҳарлаб мусулмонликни қабул этади ва такрор мозор бошига бориб, қабрни очиб, юқорида келтирилган ёзув-лавҳани унинг ичига кўмиб қўяди.

Оқ Шамсиддиннинг кароматлари тўғрисида ҳам икки оғиз гап. Буюк дин уламоси бўлган бу зотни бир кун замондошлари меҳмонга таклиф этади. Ўртага катта товоқда овқат келтирилади. Уни кўргач, “Бу таом бизга эмас, уни қандай емоқчисизлар”, дейиши билан эшик тақиллайди. Бир гадо болаларим билан очман, қорнимизни тўйдиришга бир нималар беринглар”, деб ёлворади.

Шунда Оқ Шамсиддин: “овқатнинг ҳақиқий эгаси келди, уни дарров олиб чиқиб беринглар”, дейди.

Оқ Шамсиддин Айюб Ансорий қабрини якка ҳолда топиб, устига белги учун тош қўйиб кетади. Эртасига султон билан бирга бу манзилга келса, тошнинг жойи ўзгарганини кўради. Устоз бу ишга эътибор бермай, тўғри қабр ёнига боради.

Белги — тошнинг жойини Меҳмет султон ўзгартириб қўйган бўлади. Шундан кейин подшоҳ яна бир марта устозига таъзим этиб, Айюб Ансорийнинг қабри ўша эканига бўлган шубҳаси тамоман тарқаб кетади!

Каромат — авлиёлардан, мўъжиза — Пайғамбарлардан дегани шу бўлади…

Истанбулда яна бир қадимги “Араб масжиди” бор. У шаҳар қалъасидан бироз нарида. Константинополда илк азон товуши чиққан макон, дейишади. Унинг қурилиши тўғрисида икки хил ривоят бор.

Биринчисига кўра, масжид 717 йилда (ҳижрий 95 йил) Истанбул фатҳи учун келган саҳобалардан бўлган қўмондон Меслеме бин Абдулмалик томонидан бунёд этилган. 7 йил бу шаҳарда қолган араб мусулмонлари армияси ибодатларини бу ерда қилганлар, дейилади. Араблардан кейин бу макондан христианлар черков сифатида фойдаланишади. 1453 йилда эса такрор масжидга айлантирилади.

Иккинчи ривоятга кўра, 1200 йиллар бошида католиклар Қуддусга кета туриб, фавқулодда Константинополни қўлга олиш режасини ишлаб чиқадилар. Черков ва монастр қурдирганликлари айтилади. 1475 йилда Фотиҳ султон черковни масжидга айлантирган, деган тахминлар бор.

Дарҳақиқат, масжидга ташқаридан бир қарашда унинг мусулмонларга оид бир макон, деб бўлмайди. Деворлари қизил-кул ранг ғиштдан ишланган. Минораси ҳам бугунгиларидан анча фарқ қилади. Миноранинг асоси ҳам қизил-кул ранг ғиштдан тўғри тўрт бурчак шаклида кўтарилиб, унинг устига қалъасифат минора миндирилган.

Ичидаги меҳроб ва минбар мармардан ишланган. Масжидни 22 ёғоч устун кўтариб туради.

Масжид ҳовлисида эса Меслеме бин Абдулмаликнинг қабри бор.

Аброр Ғуломовнинг “Истанбул дафтари” китобидан олинди

UzA.uz

loading...