Денгиз тузининг шифобахш хусусиятлари: терингиз жозибадор бўлади, оғиздаги нохуш ҳид йўқолади ва…

0

Одамлар денгиз сувидан тузни ажратиб олишни ўргангандан сўнг, уларнинг олдида организмни соғломлаштиришнинг янги манбаси очилди. Ушбу модданинг ноёб минерал таркиби унинг кўплаб косметика ва дори воситаларининг муҳим элементларидан бирига айланишига сабаб бўлди. Бу маҳсулотга талаб катта эканлигига қарамасдан, унинг нархи қиммат эмас.

Денгиз тузининг таркиби

Денгиз тузининг асосини хлорли натрий ташкил этади ва оддий туздан фарқли равишда у яна 80 дан ортиқ минералга эга. Унинг эритмаси бежизга «тирик сув» деб айтилмайди, у иммунитет мустаҳкамлигини таъминлаб туриш хусусиятига эга.

Денгиз тузи калий, магний, калций, марганец, йод минераллари ҳамда темир, литий, руҳ каби металлар сульфатларига эга. Буларнинг бари унинг ўзига хос таъм ва хушбўй ҳидга эга бўлишига сабабчидир.

Денгиз тузи гўзаллик ва соғлиқ учун

Денгиз тузини уй шароитида қўллаш унинг доривор хислатларини ҳис қилиш имконини беради. Уни дорихона ёки парфюмерия дўконларидан қийинчиликсиз харид қилиш мумкин. Денгиз тузи эритмаси яллиғланишни камайтириш, яралар ва ҳуснбузарларнинг безовта қилишидан халос бўлишга кўмак беради. Бундан ташқари, у тўқималардан токсинларни чиқариб, тери таркибини яхшилайди ва унинг иммунитетини оширади. Маҳсулот юқори антиоксидантлик хусусиятига ҳам эга.

Денгиз тузида чўмилиш орқали тўқималарнинг эрта қариши, ҳужайраларга намликнинг етишмаслиги оқибатида тана ва юзда ажинларнинг юзага келишининг олдини олиш мумкин. У билан оғиз бўшлиғини чайиш милклар шамоллашини тузатиб, тиш эмалини мустаҳкамлайди. Ушбу воситани шамоллаш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш, ангина ва оғиздан нохуш ҳид келишига қарши қўллаш мумкин. Овқат ҳазм қилиш тизими ва меъда шираси таркибини яхшилаш учун шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда денгиз тузи эритмасини ичиш мумкин.

Косметология нуқтаи назаридан денгиз тузи терининг ўсмирлик даврида ва ёш билан боғлиқ камчиликларига қарши курашиш учун ажойиб восита ҳисобланади. У ажинларга қарши курашиб, терининг эластиклиги ва таранглигини оширади. Тери ҳужайралари зарур озуқани қабул қилганлиги учун унинг таркиби яхшиланади.

Семизликка қарши

Денгиз тузи, шунингдек, ортиқча вазн тўплаш ва вазн йўқотиш оқибатларига қарши курашиш учун қўлланади. Унда мунтазам чўмилиш терининг осилиб қолишини камайтиради, эпидермис эластиклигини оширади, тана ташқи кўринишига жозибадорлик бахш этади.  У тирноқларни мустаҳкамлашда ҳам қўл келади.

Манба: ayol.uz

loading...