ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ КАРАНТИН ҲОЛАТИНИ ЮМШАТИШ МАСАЛАСИДАГИ ЧИҚИШИ…

0

 

Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрел куни ўтказилган видеоконференция йиғилишида коронавирус инфекциясига чалинганлар динамикасининг пасайганини эътиборга олиб, фуқароларнинг шахсий автотранспорт воситаларида ҳаракатланишига бўлган чекловларни босқичма-босқич юмшатиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

«Санитария-эпидемиология ҳолатининг ижобий динамикаси, об-ҳаво шароити ва фуқароларнинг кўплаб мурожаатларини инобатга олган ҳолда, шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовли ва ҳудудларида ота-оналар ҳамроҳлигида болаларини сайр қилдиришга рухсат бериш керак. Бунда хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ушбу топшириқнинг ижросини сўзсиз таъминлаш чорасини кўрсин. Албатта, вазиятимиз яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, 10 майдан кейин биз карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларимизни янада дадилроқ давом эттирамиз. Лекин такрор ва такрор айтаман: ҳамма жойда санитария талабларига амал қилишга биринчи даражали масала деб қарашимиз керак. Пишиб етилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, фермер ва деҳқонларимиз томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш учун вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат бериш лозим. Бош прокурор бошчилигидаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комиссияси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларга етказиб бериш бўйича 24 соат ишлайдиган узлуксиз тизим ташкил этсин. Ички ишлар вазирлиги деҳқон ва фермер хўжаликларининг автотранспорт воситаларини ҳудудлараро постларда кутиб олиш, уларни ташкил этилган ярмаркалар ва савдо нуқталарига тартиб билан кузатиб боришни таъминласин. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги сотиш учун олиб келинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларда аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, савдо майдончалари, ярмарка ва бозорларга йўналтириб борсин», — деди Шавкат Мирзиёев

loading...