Испанияда уч ёшли болага бир йўла олтита орган кўчириб ўтказилди

0

Испанияда бир йўла олтита органи алмаштирилган бола куни кеча касалхонадан чиқди. У ушбу жарроҳлик амалиётини уч йил давомида кутган эди, деб ёзади «Europa Press».

Ошқозон, буйрак, ўн икки бармоқ ичаги, ингичка ичак, йўғон ичак ва ошқозоности безини алмаштириш амалиёти Мадрид шаҳридаги Hospital La Paz касалхонасида амалга оширилган.

Агентликнинг ёзишича, барселоналик Виктор исмли бемор бола уч йил мобайнида навбатда турганлар рўйхатида бўлган. Ўтган уч йил давомида чақалоқ кунига 18 соатдан сунъий озиқланишни таъминлаб турадиган аппаратга қўшиб қўйилган.

Онасининг ҳикоя қилишича, бола унинг қорнида 27 ҳафталик бўлганида шифокорлар ҳомилада муаммо борлигини айтган. УЗИ текширувларидан кейин бола гастрошизис (туғма дефект) билан туғилиши маълум бўлди.

Касалхонанинг трансплантология бўлими раҳбари Эстер Рамоснинг маълум қилишича, Викторнинг соғайиши яхши кечган. “У жарроҳлик амалиётидан кейин жонлантириш бўлимида узоқ қолмади, органлари кўчириб қўйилгандан кейин икки ой ўтиб уйига жавоб берилди”, — дея қўшимча қилди врач.

ЎзА

loading...