Фазода скафандрсиз ҳаракатланиш мумкинми?..

0

Бу савол азалдан барчани қизиқтириб келади. Умуман, одамзоднинг табиати шунақа. Қаршисидаги реал воқеликка кўз юмиб, ҳеч қачон англаб бўлмайдиган сирли воқеликлар сари талпинаверади. Биз учун жуда қизиқ туйиладиган нарсалардан бири бу фазодир. Мутахассислар қизиқишларимизни ҳисобга олган ҳолда фазодаги баъзи сирларни бизга ошкор этишмоқчи. Хуллас, биринчи савол.

Фазода скафандрсиз одам қай ҳолатни бошидан кечиради? У портлаб кетадими?

Йўқ, одам фазода скафандрсиз портламайди. Бу ҳолат фақат фантастик фильмлардагина кузатилади. Бундай вазиятда одам фазо ва танадаги босим кескин фарқланиши оқибатида шар каби шишиб, кейин ёрилиши мумкин. Яъни, у ичидаги бор кислородни ташқарига чиқаради-ю, табиат қаршисида ожиз қолади. Чунки фазо вакуумга ўхшайди. Одам вазни ўша ердаги босимга қаршилик қила олмайди. Шу сабабли муаллақ ҳавода туриб қолади. Лекин портламайди. Чунки инсон тўқималари ҳаво шари каби эластик ёки мўрт эмас.

Одам фазода скафандрсиз совқотадими?

Йўқ, у маълум муддатгача совқотмайди. Тўғри, у совуқни ҳис этади. Бироқ совқотиш хавфидан йироқ бўлади. Совқотишга танадаги иссиқлик йўл бермайди. Чунки бу иссиқлик ташқарига жуда секин чиқади. Шунинг эвазига одам фазода скафандрсиз совқотмайди.

Одам организмидаги суюқлик қайнайдими?

Фазода скафандрсиз турган одамнинг қони қайнамаслиги аниқ. Чунки у ёпиқ шаклда томирларимизда оқади. Томирлар қонга энг паст босимда ҳам қайнамасдан суюқ ҳолатда қолиш имконини беради. Организмдаги сув эса қайнайди. Ҳатто оғиз бўшлиғидаги сўлак ҳам қайнай бошлайди. Буни одамнинг ўзи аниқ ҳис этади.

Одам скафандрсиз фазода ёниб кетадими?

Йўқ, ёниб кетмайди. Аммо фазода ультрабинафша нурлардан ҳимоя воситаси йўқлиги сабабли қуёшнинг ўта қайноқ тафти урилиб оғир даражадаги куйиш жароҳатини олади.

Одам бўғилиб ўладими?

Ҳа, скафандр бўлмаса, ҳар қандай одам фазода бир неча лаҳза ичида бўғилиб ўлади. Тахминан 30 сония ичида ҳушидан кетади. Яна шунча муддатда клиник ўлим ҳолатини бошдан кечиради. Агар бир ярим дақиқа ичида унга сунъий кислород юборилса, қайта кўзини очиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун фазогирлар очиқ фазога фақат скафандр кийган ҳолатда чиқишади. Шунда ҳам узоқ қолиб кетишмайди.

loading...