Бронхиал астманинг халқона давоси

0

Бронхиал астма касалликлар орасида энг хавфлиларидан бири ҳисобланади. Хасталик хуруж қилганда томоқ найчалари торайиб, нафас олиш қийинлашади ва кўздан тирқираб ёш оқа бошлайди. Астма баъзи кишиларда жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланганлик, баъзи бировларда аллергия ёки ҳис-ҳаяжонга берилиш, яна бировларда ҳар учала ҳолатда ҳам хуруж қилиб қолиши мумкин. Бугун ана шу хасталикни даволаш усуллари ҳақида сўз юритамиз.

Халқ табобатида астмага қарши воситалар

Астмани бутунлай даволаб бўлмайди, аммо уни халқ табобати билан енгиллаштириш чоралари кўп. Сўнгги вақтларда астманинг кўринишлари нисбатан кўпайди. Бунинг сабаблари оддий: аллерген турларининг кўпайиши, экологиянинг ёмонлашиб бориши ва инсон организмида иммунитетнинг пасайиб кетиши.

Бронхиал астмани даволашда унинг турларига эътибор бериш қатъий талаб қилинади, чунки хасталикнинг аллергияли ва аллергиясиз ҳолатлари, енгил, ўрта ва оғир формалари мавжудки, уларнинг ҳар бири ўз турига қараб муолажа қилинади. Шунинг учун халқ табобати билан даволанаётганда ҳам шифокор маслаҳатисиз иш кўрманг. Албатта, улар назоратида бўлинг.

Яна бир муҳим нарсани унутманг, астмадан халос бўлишга ҳаракат қилмоқчимисиз, унда чекманг!

Ноанъанавий табобат

Халқ табобатида астмага қарши бутун оламга машҳур воситалар мавжуд.

Европа ва Австрия халқ табобатида астма хуружи вақтида ўргимчак уясининг бир нечтасини қайнатиб истеъмол қилиш тавсия этилади.

АҚШнинг Техас штатида эса қўйнинг эндигина олинган жунига ўралиб ётиш маслаҳат берилади. Чунки астма хуружи вақтида жун таркибидаги фойдали элементлар инсон танасига шимилар экан.

Техасликлар, шунингдек, кўксовга йўлиққан одамга “Чихуахуа” наслидаги ит (Мексика ити)ни ачомлаб ўтиришни тавсия этишади. Уларнинг фикрича, бу итнинг хосияти шундаки, у ачомлаб турган киши танасидаги астмани олади, аммо ўзи бундан жабр кўрмайди.

Кентукки штати аҳолиси қаҳрабодан ясалган маржонни бўйинга тақиб юришни маслаҳат берадилар. Чунки бу маржон астмани даволаш хусусиятига эга экан. Ушбу афсонавий воситалар ҳақидаги маълумотлар ўринли, аммо астма хуружи авжга чиққан вақтда нима қилиш керак?

Занжабил — астмага даво

1 литр сувга 2,5 см узунликдаги 4-5 бўлак занжабил новдасини солиб, 5 дақиқа қайнатасиз ва кун давомида ичиб юрасиз.

Тузли сувда қайнатилган занжабилга 1 чой қошиқ асал, 4 чой қошиқ ёввойи майса уруғини қўшиб қайнатинг ва тун бўйи бостириб қўйинг. Дамламани ҳар эрталаб уйғонгандан кейин ва кечқурун уйқудан олдин ичасиз. Бу нафас йўлларингизнинг очилишига ёрдам беради.

Хуруж вақтида қаҳва ҳам сизга ёрдамга келади. Айтишларича, иссиқ қаҳва бронхларни юмшатиб, нафас олиш йўлларини очаркан.

Ширин пиёз ҳам энг яхши дармондори. Бронхларда осойишталикни таъминлаш учун 400 г пиёз, 150 граммдан сариёғ, шакар, асал ва алоэ шарбатини оласиз. Уларнинг барини бир идишга солиб, паст оловда узоқ қайнатасиз. Сироп тайёр бўлгач, ҳар овқатдан кейин истеъмол қиласиз. Бу аралашма сизни хуруж вақтида бўғилиб қолишдан сақлайди.

Алоэ ва асал аралашмаси — хуружга қарши энг яхши дармондори.

Табиий воситалар астмани батамом йўқ қилади

Беморлардан бири саримсоқ муолажаси ёрдамида астмага қарши кучли таъсир қилувчи воситани қабул қилишдан қутулган экан. У муолажани кунига бир бўлакча майдаланган саримсоқдан бошлаган. Яъни стаканга 60 мл апельсин шарбати ва бир бўлакча саримсоқни майдалаб солиб, истеъмол қилган. У шарбатни ичаётганда асло чайналмаган. Шу йўл билан нафас йўлида саримсоқнинг ҳидини қолдирмаган. Бу муолажани давом эттиргани сайин унинг даволовчи шифокори кучли таблеткаларнинг кунлик дозасини камайтириб борган. Бир неча ойдан кейин у майдаланган саримсоқ миқдорини кунига 6 донадан 10 донага етказган. Натижада унинг муолажа олиш кун тартибидан кучли таблеткаларни олиб ташлашган. Бронхиал астма уни бошқа безовта қилмай қўйган.

Анжир балғам кўчишини енгиллаштиради

Қуритилган анжирдан 3-4 тасини олиб, иссиқ сувда яхшилаб ювинг ва тун бўйи бир стакан сувга ивитиб қўйинг. Эрталаб наҳорда сув билан бирга истеъмол қилинг. Бу муолажани икки ой давомида тартиб билан адо этсангиз, балғамдан халос бўласиз.

Ярим стакан пиёз шарбатига бир ош қошиқ асал ва бир чимдим қора мурч аралаштириб, ҳар тонг оч қоринга истеъмол қилсангиз, нафас қисишидан батамом қутуласиз.

30 г келадиган қизилмия томирини майдалаб, 0,5 л қайнатилган сувга солинг ва 24 соатга димлаб қўйинг. Тиниққан аралашмани докадан сиздиринг ва кўкрагингизда оғирлик сезишингиз билан бир стакандан ичиб олинг.

Ёввойи олча пўстлоғидан тайёрланган чой

Бу чой барча дорихоналарнинг фитобарларида пакетча ҳолида сотилади. Ҳар сафар овқатланиш ва ухлашдан олдин бир стакан сувга бир пакетча чойни солиб дамлайсиз ва ичасиз. Бу чой астма касаллиги хуружини батамом йўқотади.

Қуритилган сачратқи ўти кукунининг қаҳва билан аралашмасига тенг миқдорда олинган сабзи, сельдерейни қўшиб, кунига бир стакандан ичиш бронхиал астмага қарши ижобий таъсир кўрсатади.

Уч дона тухум пўчоғини олиб, 2 соат давомида қизаргунча қовуринг. У худди айниган тухумдек ҳид чиқара бошлагач, кукун ҳолига келгунча майдалайсиз. Майдаланган кукундан бир чой қошиқ олиб, суюқ овқатга соласиз. Бу овқат сизни астма хуружидан халос этади.

Ўзингизга қулай бўлган ўриндиққа жойлашиб ўтириб олинг ва кўзларингизни юминг. 3-4 марта чуқур-чуқур нафас олиб, ўзингизни дарахтзорда юргандек ҳис қилинг. Ҳавони мириқиб симиринг. Бир маромда шошмасдан нафас олиб чиқаринг. Бу ҳолатни тартиб билан ўз меъёрида бажарсангиз, нафас олишингиз анча енгиллашади.

Бронхиал астмани даволашда қўлланиладиган бошқа воситалар

 Бир кунда камида 6 дона ўрик енг. Бу бронхиал астмага қарши ёрдам беради.

4 стакан кунгабоқар сиропини 2 литр сувга солиб, сирли кострюлькада токи 1 литр қолгунча қайнатинг. Аралашмани сиздириб, унга 1 литр асал аралаштиринг ва қуюқ ҳолга келгунча қайнатинг. Сўнг ҳар сафар овқатлангандан бир соат ўтказиб, 1 чой қошиқдан истеъмол қилинг.

Саримсоқ сиропи. Бу сиропнинг таъсири кунгабоқарникидан кучлироқ. Саримсоқни тозалаб, 4-5 бўлакчасини оласиз. Сўнг сирли кострюлькачага 2 стакан сув ва саримсоқ бўлакларини солиб қайнатасиз. Саримсоқ бўлаклари юмшаб, сув миқдори бир стаканга тушиб қолгач, унга 1 стакан олма сиркаси ва 1/4 стакан асал қўшасиз. Аралашмани қуюқлашиб қолгунча қайнатасиз. Кейин тайёр аралашмани банкага қуйиб, қопқоқ билан ёпасиз ва 24 соат давомида дам берасиз. Уни овқатлангандан сўнг бир чой қошиқдан истеъмол қилиб борсангиз, тез кунларда бронхиал астмадан халос бўласиз.

Бронхиал астмани даволашнинг энг қадимий усуллари

 Айтишларича, қадимда астма хуружи бошланган вақтда парга буғлатишган. Кострюлькага сув тўлдириб, унга пўсти арчилмаган ва бўлакларга бўлинмаган картошкани солиб қайнатасиз.

Дамлама тайёр бўлгач, сал буғларини чиқариб, юз ва томоқ йўлларини куйдириб юбормайдиган ҳолатга келгандан сўнг бошингизга бирор нарса ёпиб, оғзингиз очиқ ҳолда юзингизни буғга тутинг. Бу муолажа астмадан халос бўлишингизга ёрдам беради.

Бир чой қошиқ эзилган ерқалампирни шунча қошиқ асалга қўшиб ҳар тун ётишдан олдин истеъмол қилинг.

2 та йирик пиёз бошини бўлаклаб банкага соласиз ва унинг устига пиёз ёпилгунча(тахминан 2 стакан) асал қуясиз. Банканинг оғзини ёпасиз ва тун бўйи дам олдиришга қўясиз. Кейинги тонгдан бошлаб пиёз сиропини истеъмол қилишни бошлайсиз (Сиропни ҳар куни овқатлангандан сўнг ярим соат ўтиб ва тунда ухлашдан ярим соат олдин ичасиз).

Ўзингизни севинг ва касал бўлмасликка ҳаракат қилинг!

ЗУЛФИЗАРБОНУ тайёрлади.

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

loading...