Сочларга жозибали тус берувчи халқона муолажалар

0

Соч инсоннинг, айниқса, аёлларнинг кўрки эканлиги ҳаммага маълум. Айни дамда эса соч билан боғлиқ турли муаммолар, хусусан, соч тўкилиши ва шунга ўхшаш бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг юзага келиши кўпчиликнинг дилини хира қилиши тайин. Шу боисдан қуйида сиз учун жуда қулай ва топилиши осон бўлган маҳсулотлар ёрдамида сочларингизни ўстириш, парваришлаш ва жозибали тусга киритиш имкониятини берадиган халқ табобати муолажаларини тавсия этамиз.

* Агар қамиш томирининг кулини хина билан қориштириб, бошингизга боғласангиз, сочингизни ўстиради ва мустаҳкамлайди.

* Лавлаги қайнатилган сувга соч ювсангиз, сочингиз янада қораяди.

* Қизғалдоқ гулини ҳўл янтоқ мевасининг пўсти билан эзиб боғласангиз, сочингизни қорайтиради.

* Арча мевасини янчиб, сирка билан аралаштиринг ва соч тушган жойларга суртинг, қайтадан чиқади.

* Шотут, ток ва қора анжир баргларини сувда қайнатиб, бошингизга суртсангиз, сочингизга ранг беради.

* Анжир баргини эзиб, сувга солинг ва паст оловда 20 дақиқа қайнатиб, атала ҳолатига келтиринг. Тайёр дамламани бошингизга суртсангиз, соч тўкилишининг олдини олади.

* Тухум сариғи аралаштирилган сув билан бошингизни ювсангиз, сочингиз илдизини мустаҳкамлайди ва қуруқшаб қолган сочингизни майинлаштириб, чигил тортишдан сақлайди.

* Агар терингиз жуда ёғли бўлса, ёғсиз қатиқни бошингизга суртасиз ва 20-30 дақиқа ушлаб туриб, ювиб ташлайсиз.

* Терингиз жуда қуруқ бўлса, ёғли қатиққа бир ош қошиқ қаймоқ ёки сметана аралаштириб, бошингизга суртасиз.

* Соч илдизи мустаҳкам бўлиши унинг кўп жиҳатдан озуқа моддалари билан етарлича таъминланишига боғлиқ. Қариқиз ҳамда зиғир илдизининг кукунидан тенг миқдорда олиб, қайнатма тайёрлайсиз. Бунинг учун 6 ош қошиқ аралашмага 1 литр сув қуйиб, 15 дақиқа давомида қайнатасиз. Сўнг тиндирасиз. Тайёр шарбатдан бош терисига ҳафтасига 2-3 марта суртасиз. Сочингиз мустаҳкам бўлиб, тез ўсади.

* Борди-ю, сочингиз барвақт тўкила бошласа, қуйидаги амалдан фойдалансангиз бўлади. Бунинг учун қулмоқ (хмель) ғуддаларини эрта кузда териб оласиз (мевалар етилиб пишиши керак). Бир ош қошиқ ғудда устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 30 дақиқа давомида қайнатасиз. Қайнатма совиганидан сўнг унинг шарбатини бошингиз терисига ишқалайсиз.

* Сочингиз тўкилиб, бошингизда очиқ жойлар пайдо бўлган ва ҳар қанча муолажалар кор қилмаётган бўлса, бодом ёғини ҳар тун ётиш олдидан сочсиз жойларга суртинг. Бу муолажани узоғи билан 2 ҳафта давом эттирсангиз бўлгани. Тўкилган сочлар қайтадан қуюқ бўлиб чиқади. Боз устига, сочларингиздаги хиралик барҳам топиб, жилоланадиган бўлади.

* Сочингиз нурсиз ва жонсиз бўлса, учлари гуллаб, синиб тушаверса, саримсоқ дамламаси билан ҳафтада бир марта ювиб туринг. Орзунгиздаги гўзал ва жозибали сочларга эга бўласиз. Бунинг учун бир дона саримсоқни бутунлигича олиб, тозалаб,1 литр сувга соласиз ва сув 0,5 литр қолгунча қайнатасиз. Дамламани сиздириб олиб, бошингизга кам-камдан қуясиз. Саримсоқли дамлама сочингизнинг тубигача сингиши ва соч илдизига малҳам бўлиши учун уни бошингизда 20-30 дақиқа ушлаб турасиз. Муолажа тугагач, сочингизни илиқ сувда чаясиз.

(Халқ табобатидан олинган тавсияларни қўллашдан олдин мутахассис шифокор билан маслаҳатлашинг)

ЗУЛФИЗАРБОНУ тайёрлади.

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

loading...