Сардоба фожиаси: Ҳарбий вертолётларда 300дан ортиқ одам эвакуация қилинди

0

Шу йилнинг 1 май тонгини кутиб олиш нафақат сирдарёликлар, балки бутун Ўзбекистон халқи учун оғир бўлди. Вилоятдаги Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, сув оқими аҳоли яшаш пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказди. Вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 22 та қишлоқдан жами 60 мингдан зиёд аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди…

Бундан бир муддат аввал Бухоро вилоятида кузатилган табиий офат сабаб барчамизнинг диққат-эътиборимиз мазкур ҳудудга қаратилган эди. Кўп қатори Мудофаа вазирлиги шахсий таркиби ҳам жонбозлик кўрсатиб, табиий офат келтирган зарарни бартараф этиш ишларида намуна бўла олди ва бу саховатли амаллар шу кеча-кундузда ҳам бир лаҳза тўхтамай давом этаётир.

Халқимизда бир келса, қўш келади, деган гап бор. Сардобадаги офат ҳам халқимиз сабр-бардошини синовдан ўтказаётган навбатдаги кутилмаган ҳолат бўлди. Боғчалар, коллежлар ётоқхонаси ва саховатли инсонлар хонадонига эвакуация қилинган аҳоли учун республикамизнинг барча вилоятидан беғараз инсонпарварлик ёрдамлари карвони кела бошлади. Бу карвоннинг катта қисми Мудофаа вазирлигининг ҳарбий округлари, қўшилмалар ва бирлашмалари ҳиссасига тўғри келгани, шубҳасиз, Ватан ҳимоячиларининг «Халқ ва армия – бир тану бир жон» нақлини чин юракдан ҳис этаётганини англатади.

Ташвишли кунларда ҳақиқий дўст синовдан ўтади. Ватан ҳимояси учун умрини, жонини ва шонини тиккан йигитларимиз бу сафар ҳам халқ дардига малҳам бўлиш учун Сирдарё томон отланишди. Мудофаа вазирлигининг барча округлари, қўшилмалар ва бирлашмалари ҳарбийларидан иборат ишчи гуруҳлари куч ва воситалари билан уюшқоқликда Сардобага етиб келиб, Олий Бош Қўмондонимизга камарбаста бўлиши, албатта, муаммоларнинг тезроқ бартараф этилишига замин яратди. Ҳозирда шу пайтга қадар жанговар қурол тутиб келган 11 мингга яқин ҳарбий хизматчи хўжалик асбобларини вақтинчалик «қурол»га айлантиришди. Улар қидирув-қутқарув, сув тошқинидан талафот кўрган ҳудудларни тозалаш, зарар кўрган хонадонларни таъмирлаш, маҳалла кўчалари ва ҳовлиларда тўпланиб қолган сувларни махсус техникалар ёрдамида чиқариб ташлаш ишлари билан шуғулланмоқда.

Мудофаа вазирлиги Радиацион кимёвий, биологик муҳофаза бўлинмалари тошқиндан кейин тозаланган ҳудудларни дезинфекция қилиш ишлари билан банд. Кўп зарар кўрмаган маҳаллаларга қайтарилаётган хонадон соҳибларига ўз уйлари айнан дезинфекция қилинган ҳолда топшириляпти.

Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳарбий учувчилари вертолётлар билан сув омбори тўғони ёрилиб кетган ҳудудга биринчилардан бўлиб етиб бориб, ўз хизмат вазифасига киришган эди.

H215M Super Puma ва H125M Fennec вертолётлари учувчиларининг профессионаллиги боис уйлар томи ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда қолиб кетган 300 дан ортиқ одамни эвакуация қилишга муваффақ бўлинди. Ҳарбий экипаж дарахтлар ва электр симлари борлигига қарамасдан тунги вақтда ҳам ерга жуда яқин баландликларда парвозларни амалга оширмоқда.

Етиб бориш қийин бўлган жойларда разветка-қидирув ишларини амалга ошириш бир лаҳза бўлса-да, тўхтаб қолгани йўқ. Қутқарилган фуқаролар зудлик билан ҳудудда ташкил этилган Мудофаа вазирлигининг ҳарбий мобиль тиббий марказига олиб келиниб, уларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилаётир.

Шунингдек, Ватан ҳимоячилари юзага келган табиий офат оқибатида эвакуация қилинган аҳоли билан ижтимоий-психологик тадбирларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Психологик тадбирларда табиий офат оқибатида жабрланган фуқаролар орасида ваҳима ва тушкунликка тушиш ҳолатларини бартараф этиш, уларга психологик ёрдам кўрсатиш, аҳоли ўртасида асоссиз ва салбий ахборотлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар, айниқса, ёшларнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини барқарорлаштиришга алоҳида этибор қаратилмоқда. Машғулотлар давомида фуқаролар билан психологик тренинг, машқ ва мотивацион тадбирлар ҳам олиб бориляпти.

Бир сўз билан айтганда, Сардобадаги ҳолатни бартараф этишда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари улкан жасорат кўрсатиб, ҳақиқий ватанпарвар эканликларини яна бир бор намоён этмоқда.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

loading...