СОҒИН СИГИРНИНГ ФЕРМЕРГА ОЧИҚ ХАТИ… (ҳажвия)

0

 

 

Мен шарм-ҳаёли сигирман!

 

Ҳурматли фермеримиз Фалончи Фалончиевич! Сизга хат битиб, сира хавотирга солмоқчи эмасдим. Биламан, бизсизам ишингиз, ташвишингиз кўп. Аммо бир воқеа сабаб бўлиб, туёғимни қумга ишқалаб бўлса-да, хат битишга мажбур эканимни ҳис этдим.

Биласиз, мен андишали, шарм-ҳаёли сигирман. Энам Тарғилой момо раҳматли шундай тарбиялаган. Шу кунгача сиз учун, сиздай жонкуяр фермернинг ҳурмати учун кўплаб бир-биридан зотдор, чиройли бузоқчаларни дунёга келтирдим. Яна такрор айтаман, бу ишни фақат сизнинг ҳурматингиз, фермер хўжалигингиз ривожи учун қилганман. Аслида мен жа буқаларнинг кетидан чопадиган, уларга кўз сузадиган сигирмасман. Ҳар қадамимни ўйлаб босаман. Аммо… Кўнгил экан. Кейинги кунларда тинчим йўқолди, юрагим куя бошлади. Турган еримда асабий депсинадиган, нуқул атрофга аланглайдиган бўлиб қолдим. Сабабини айтайми? Билмайсиз-а?.. Албатта, билмайсиз. Чунки сизнинг ишингиз кўп. Биздақа сигирларнинг кўнглидан хабардор бўлишга вақтингиз йўқ. Шундай бўлсаям айтаман. Айтсам тилим, айтмасам дилим куйсаям, айтаман!..

 

Учрашув

 

Яқинда ишчиларингиз фермамизга янги буқа олиб келишди. Узоқдан кўриб қолдим. Кўрдим-у, кўзларим яшнаб кетгандай бўлди. Буқамисан буқа, келишган экан. Думлари узун, ола-булалиги ўзига жуда ярашиб тушибди. Кўрганданоқ бу буқа хорижлик эканини англадим. Боя айтдим-ку, кўнгил экан. Мен азалдан хорижлик буқага турмушга чиқишни орзулардим. Орзум ушалиш арафасида эканига шубҳам қолмади. Сиздай фермер оғамиз борлигидан фахрланиб кетдим. Фермер оғам мениям бахтли қилишга бел бойлабди-да дедим. Хурсандлигимдан қулоқларим қимирлаб кетаверди.

 

Қайси эркак қулоғига сирға тақади?

 

Афсуски… Яқинроқ бориб, қўлимни қўлтиғимга уришга мажбур бўлдим. Ишчиларингиз олиб келган буқа қулоқсиз чиқиб қолди, фермер оға, ишонаверинг!

Ҳа, фақатгина ўнг қулоғи бор экан-у, унгаям сирға тақиб қўйишибди. Сирғани кўргач, бошимни эгганча юзимни терс бурган ҳолда ўйга толдим. «Тавба, нега бундай бўлди? Орзумдаги буқанинг қулоғига нега сирға тақишди?» деган ўйлар бағримни кемираверди. Фермер оға, фақат мени аҳмоққа йўйманг, илтимос! Мен эркакларни беш қўлингиздай биламан. Ҳақиқий эркакман деган буқа ҳеч қачон ўнг қулоғига сирға тақмайди. Сирғани ҳалиги… Э, айтишгаям уяламан. Ишқилиб, ўшанақа сигирчалишлар ўнг қулоғига тақишади. Қисматим қуриб кетсин! Фермани уззукун айланиб, орзулаб, ширин хаёллар туфайли кўпинча иштаҳа очадиган емлардан қуруқ қолганим бекор кетдими? Наҳотки, яна бахтим очилмаса? Қачонгача хашаки, бир-биридан лақма, латтадай бўш буқалар билан суҳбатдош бўламан? Менинг орзум ушалмайдими?..

 

Сигирда ҳам қалб бор!

 

«Агар Сулаймон тоғнинг олдига бормаса, тоғ унинг ёнига боради» деганди бир пайтлар раҳматли энам.

Ишчиларингизнинг қийналиб кетганини, қайсар ва қулоқсиз буқани йўлга соламан деб қора терга ботишганини шунчаки томоша қилиб туришга сабрим етмади, фермер оға! Ўзим унинг қаршисига бордим-у, андиша ва шарм-ҳаёни унутиб қўймаган ҳолда аста бош эгдим. Шу лаҳзаларда қалбимни қандай ҳислар чулғаб олганини билсангиз эди! Қулоқсиз бўлса-да, хорижлик буқаларни маданият, одобиётдан яхши хабардор эканини кўп эшитгандим. Мана шу нарса мени ҳаяжонланишга, ҳатто буқанинг қулоғидаги сирғага ҳам кўз юмишга мажбур қилаверди. Мен шу онларда ўзимни умримда илк бор ҳақиқий сигир каби ҳис этдим. Ҳатто ора сирада ҳов нарида кавшанаётган дугоналаримга зимдан қараб олиб, бахтимни кўз-кўз қилгим келди.

Надоматлар бўлсинки, бу амалларим ҳам зое кетди. Қулоқсиз буқа менга нисбатан ҳеч қандай арзирли ҳаракат содир этмади. Агар уч-тўрт бор сирғали қулоғини қимирлатиб, узундан-узун думини силкитиб олганини айтмаса, тошдай қотиб тураверди. Аёлман, ахир, аламим келиб, сал қурса бу ҳайкалдан баттар буқани тепкилаб, сузиб ташлагим келиб кетди. Нима қилай? Энам мени бундай тарбия қилмаган. Кўзларимдан дув-дув ёш тўкканча оғилхона томон йўл олдим. Кетиб борардим-у, кўнглим бўшаб-бўшаб кетар, дунёни бошимга кўтариб мўърашдан зўрға ўзимни тиярдим…

 

Шоир қилиб қўйди мени муҳаббат…

 

Шу кўнгилсиз учрашувдан сўнг бир ҳафтагача ўзимга кела олмадим. Муштдай юрагимни ҳижрон ва алам ўти бетиним куйдираверди. Телба муҳаббат ҳатто сигирниям шоирсифат қилиб қўяркан. Хаёлимда шоирнинг бир шеъри айланаверди. Баъзан шу шеърни ташқарига чиқиб худди ўша, мени ҳижрон-у аламлар домига ташлаб қўйган қулоқсиз буқага қарата барала айтгим келди. Бироқ андиша йўл бермади. Шунинг учун ўша шеърдан бир парчасини очиқ хатимга қўшишга қарор қилдим. Мана, ўқиб кўринг, ҳурматли фермеримиз Фалончи Фалончиевич!

Хўрлайверманг, менинг ҳам уволим бор,

Бир куни изимни излаб қоласиз.

Қадрим ўтганида эй ҳоли абгор,

Ортимдан мунғайиб йиғлаб қоласиз,

Мен кетгандан сўнг мени излаб қоласиз.

Бир-бир хотирлайсиз қизғончиқ қизни,

Ва бурчакда йиғлаб ўтирган ҳисни,

Сизни қийнамасму соғинчнинг ҳусни?

Қушхона қошида бўзлаб қоласиз,

Мен кетгандан сўнг мени излаб қоласиз…

Хуллас калом, фермер оға, мен ҳамон муҳаббатнинг заҳру заққумларини тотганча қийналмоқдаман. Қулоқсиз буқани кўрганимда, бағрим тиғланади, кўзларимга фермангиз тор кўриниб кетади. Оёқости қилинган муҳаббатимни кўксимга босганча алам ва нафрат исканжасида яшаб келмоқдаман. Билмадим, бу тахлит яна қанча яшаб, қанча бардош айлай оларканман. Менга қоронғу! Аммо қалбимни келажакка бўлган ишонч ҳисси тарк этганича йўқ. Бир кунмас бир кун бахтим кулишига, хорижлик шу қулоқсиз буқанинг ҳақиқий эркакка айланишига негадир ишонгим келаверади.

Сиз эса, фермер оға, бир гапни қулоғингизга қуйиб олинг! Сиз менинг туйғуларим билан ўйнашиб қўйдингиз. Энди масалани менинг фойдамга ҳал этмас экансиз, устингиздан юқори ташкилотларга арз қиламан.

Сизга алам ва нафрат билан соғин сигирингиз — Халча Хон.

Олимжон ҲАЙИТ

loading...