РАҚҚОСА… (10-қисм)

0

 

 

* * *

 

Хайриятки, Манзура айтарли жароҳат олмабди. Юзига, билакларига аланга сал тегиб ўтибди.

Ботир шошилинч ариқдаги сувдан кафтларини тўлдириб олди-да, Манзурага ичира бошлади.

— Сувни ичишинг керак, — дерди у титраб. — Ичақол! Юрагинг сал тинчланади!..

Ҳовлида эса ёввойи олов сония сайин кучлироқ гуриллар, молхонадан тортиб, уйларгача қора тутун ва қип-қизил ўт исканжасида қолганди. Аксига олгандек, шарқдан қибла тарафга қараб шабада эса бошлади. Олов шабада етагида қўшни ҳовлига ҳам ўрлади…

Билмайди, қанча ўтирди, нималар деди-ю, кимларга сўз қотди…

Қишлоқ оёққа турганини англаб турар, тили сўзга айлана қолмасди. Уёқдан-буёққа жазавага тушиб чопаётган қишлоқдошларга ҳиссиз тикилганча ўтирарди.

Бу орада ўт ўчирувчилар бригадаси ҳам етиб келиб оловни ўчириш ҳаракатига тушди.

Манзура бўлаётган ишларга жонсиз нигоҳлар кўмагида боқарди…

Бир маҳал қаршисида ўтирган Ботирга кўзи тушди. Шундагина нималар бўлганини эслади. Беихтиёр кўзлари жиққа ёшга тўлиб, алам ичидан отилиб чиқиб бўғзига тиқилди. Ўкириб-ўкириб йиғлашга тутинди. Аммо йиғлай олмади. Кучи етмади. Қайтадан Ботирга боққанча лаблари титраган кўйи шивирлади:

— Менга нима бўлди?

— Уйингни кимдир ёқворибди, — деди Ботир совуққонлик билан. — Яхшиям мен кўриб қолдим. Йўқса, куйиб кул бўлардинг. Ухлаётиб ҳам сезмадингми иссиқни?

— Билмайман, — деди Манзура ер чизиб. — Тушимга… Отам, онам киришибди… Ҳа, улар мени оловга ташлашибди… «Дўзахда куй!», деб бақиришибди.

— Ҳа-а, — деди Ботир. — Демак, ота-онанг сени огоҳлантиришибди-да! Ҳа, улар қайғуришибди. Безовта бўлишибди. Сендан хавотир олишибди. Марҳумлар ҳамма нарсани олдиндан кўра олишади!

— Сиз қаердан кеп қолдингиз ярим кечаси?

— Менми? Пахта пунктда ишлайман-ку, билмасмидинг?!. Сменадан келаётгандим. Қарасам, ҳовлинг ичкарисидан қора тутун чиқяпти. Жоним чиқиб кетаёзди…

— Яхшиям сиз боракансиз. Раҳмат! Оллоҳ рози бўлсин сиздан!..

Шу кўйи улар анча ўтириб қолишди. Ўт ўчирувчилар оловни ўчиришди. Қишлоқ аҳли уй-уйига тарқала бошлади. Манзура ҳам анча ўзига келиб қолганди.

Аста ўрнидан туриб кетишга чоғланди.

— Кел, сени уйингга… Йўқ, уйингга кирма ҳозир. Тутун иси сасиб ётибди, касал бўп қоласан. Юр бизникига, синглимнинг хонасида дам олаверасан!

Манзура учун шу тобда бошқа йўл ҳам йўқ эди.

Ботирга итоат қилишга мажбур бўлди.

 

* * *

 

Ботирнинг синглиси Зулхумор ўзидан уч ёш кичик. Жуда меҳрибон ва хушмуомала қиз.

Манзура кириб келганданоқ, бошига не ишлар тушганини эшитгани учунми, ўтидан кириб кулидан чиқа бошлади. Олдига дастурхон ёзди, янги қаймоқ олиб келиб дастурхонга қўйди. Манзура бу мулозаматлар сабабчиси Ботир эканини жуда яхши илғаб турарди. Қишлоқ қизлари шунақа бўлишади. Акаси кимгадир кўнгил қўйганидан хабар топса, тамом, шу қизни бўлғуси кеннойиси сифатида қабул қила бошлашади. Бу қизга алоҳида меҳр кўрсатишади, қош-қабоғига термулишади. Хушомадга тўн кийдириб ташлашади.

— Опажон, қаймоқдан татиб кўринг, — деди Зулхумор Манзурага меҳр билан боқиб. — Кечқурун сепаратордан чиқаргандим. Ташвиш чекманг, опа, жонингиз омон қолибди-ку!..

Улар ярим соатча гаплашиб ўтиришди. Ботирнинг онаси хижолатга қўймаслик учун атайин кирмади шекилли, ҳовлида товуши қулоққа чалинмади.

Манзуранинг шу маҳалда овқат ейдиган сиёҳи йўқ эди. Юзи, бўйнидаги енгил жароҳатлар жизиллаб оғриқ бера бошлагач, Зулхумордан малҳам сўраб олди ва ўша жароҳатларга суриб чиқди. Ҳийла енгил тортгандек бўлди.

У кўзларини юмди дегунча аланга олиб ёнаётган уйи тасаввурида гавдаланар, тушида кўрганлари хаёл-у вужудини кемириб борарди. Шундай аҳволда ҳам ўз хаёлларига ўрин топа олди. Ботирнинг тепасида гиргиттон бўлгани, сал қурса Манзурага қўшилиб йиғлагудек чамаси борлигини ёдга олди. Уни ёдга олди-ю, ўзидан нафратланиб кетди. Тўйдаги ширакайф эркакларга қочиримли кулгилар, ҳаракатлар ҳадя этгандаги ҳолатини кўз олдига келтирди.

«Ботир, нега ўзингни бахтсизликка қараб бошлаяпсан? — ўйларди у каравотда ётганча дераза орқали тунги осмонга боқиб. — Менинг кимлигимни билиб турибсан-ку ахир! Нима учун ўзингни қийнайверасан? Қишлоқда оламан десанг жон деб турган қанча қиз бор. Улар мен каби кўча кўриб қўйган эмас. Бегона эркакка сузилишмайди. Пул учун танасини гаровга қўйишмайди. Ақлингни йиғ, мен сенга сираям муносиб эмасман…»

Шундай дерди-ю, Ботирнинг қиёфаси хаёлида гавдаланди дегунча юрак-юраги эзила бошларди. Қалбининг аллақаерида милтиллаган учқун кўзга ташланиб, аланга олиш илинжида пориллаб-пориллаб қўярди. Ҳар пориллаганда, Манзуранинг кўкси энтикиб-энтикиб кетарди. Лекин Манзура бу ҳолатни муҳаббатга йўйишни хоҳламасди. Қўрқарди. Гўё муҳаббатга йўйса-да, Ботирга изн берса, бир бегуноҳ йигитни абадул абад бахтсиз қилиб қўядиганга ўхшарди.

«Йўқ, Ботир, мен сенинг муҳаббатингни қабул қила олмайман, — ўйлашда давом этди Манзура. — Сен жудаям беғубор йигитсан. Кўркамсан, бўйи-бастинг ҳам ҳеч қайси Алпомишдан кам эмас. Шундай йигитни мен каби яллачи ўзига маҳрам этиб сайлай олмайди. Худонинг ғазаби келади. Чунки мендайлар шайтон малайларига ўхшашади. Шайтонгина уларни йўлга бошлайди, пул деган маҳлуқни юз карра ёрқинроқ жилолантириб кўзларимизни куйдиради. Биз бўлсак, унинг қўлидаги ўша жирканч пуллар сари талпинаверамиз. Аммо иблис ҳадеганда бу пулларни қўлимизга тутқаза қолмайди. Шарт қўяди. Бу шартлар эса номусга, ҳаёга, уят-у одамийлик, муслималикка буткул ёт ҳаракатлардан иборат. Биз яллачилар азбаройи нафсимиз қўзғалганидан барчасига рози бўламиз. Нимаики шарт бўлса, бажонидил адо этамиз…

Кўрдингми, Ботир? Мен ўшандайлар тоифасидан бўламан. Мени десанг балога қоласан. Умрингнинг охиригача азобда, қийноқда ўтасан. Ҳеч бир юпанч, илтижо сенга ёрдам бера олмайди, хотиржам торттирмайди. Эл-юрт олдида юзинг шувут бўлади. Ўртоқларинг қаршисида қаддинг эгилади. Шунинг учун воз кеч мендан. Бугунги яхшилигингни ҳеч қачон унутмайман. Қандай унутай? Ўзим ҳам сени кўрдим дегунча худди дўзах ўтида куя бошлайман. Юракларим эзилиб кетади. Дод деб йиғлагим, дунёни бошимга кўтариб ҳайқиргим келади. Менга сендек йигитга муносиб бўлиб туғилмаганим жуда-жуда алам қилади. Нима қилай? Орзуларимдан, ниятларимдан воз кеча олмайман. Онамнинг, отамнинг руҳига сўз берганман. Уларнинг руҳини ўртага қўйиб қасам ичганман. Албатта машҳур раққоса бўлишни кўнглимга тукканман… Кечир… Кечир…»

 

* * *

 

Мана, ниҳоят тонг ҳам отди. Зулхумор жуда эрта турган экан. Ботирнинг онаси Холниса опа Манзура билан кўришаркан, бир муддат уни қўйиб юбормади. Унсиз, елкалари билинар-билинмас силкиниб йиғлади. Хаёлидан нелар ўтди, худонинг ўзи билди. Сўнгра дарров ўзини қўлга олиб Манзурани сўрига бошлади. Зулхумор ток остидаги сўрига чиройли қилиб дастурхон тузабди.

— Йўқ, хола, — деди Манзура қовоқ уйиб. — Уйимга бормасам бўлмайди. Ишонинг, ҳозир томоғимдан овқат ўтмайди. Ота-онам раҳматлилардан қолган уй қай аҳволда эканини ўз кўзим билан кўрмасам бўлмайди.

— Биласанми, — деди Холниса опа Манзурани қўйиб юборгиси келмай. — Ботир азонда кўчага чиқиб аниқлабди ким уйингга ўт қўйганини.

— Нима? К-кимдир ўт қўйибдими?

— Ие, қизиқчимисан? Ўзидан ўзи ёниб кетмайди-ку ҳайҳотдай ҳовли. Буни амманг Бозоргул қипти. Ҳамма эшитиб бўлганмиш. Маҳалла Бозоргулни мелисага топширвориш керак деяпти… Йўқ, қизим, ёлғиз ўзингни қўйворолмайман. Ана, Ботир бирга боради. Ўша ерда кўз-қулоқ бўлиб туради. Бозоргул жудаям иймонсиз хотин экан. Тағин ўзингниям бир бало қилиб қўймасин!..

Манзура қаршилик билдирмади. Чунки Холниса опа ҳақ эди. Кеч тушгунча ёлғиз ўзи… Ҳали худо билади. Уйи ўтириб бўладиган тахлитми ё вайрон бўлиб улгурганми… Борса кўради буни ҳам…

Ботир у билан бирга йўлга тушди. То дарвозага етгунча миқ этмади. Фақат қур-қур ер остидан Манзуранинг юзларига қараб олди. Шундай сукут қўйнида улар Манзуранинг уйига етиб келишди.

Ҳа, ҳовлининг тенг ярми ёниб кетибди. Олов теккан жой борки, ҳамон ўзидан парми, тутунми тарқатарди. Таралаётган ис ёқимсиз, бадбўй эди.

— Бу ерда ўтириб бўлмайди, — орадаги жимликни бузиб сўз қотди Ботир. — Одам заҳарланиб ўлиши ҳеч гапмас. Юр, яхшиси бизникига! Кўчада ўтирмайсан-ку ҳарқалай!

— Мелисалар кеп қолиши мумкин, — деди Манзура уйининг аҳволини кўргандан бери йиғлашдан аранг тийилиб. — Келса, мен йўқ бўлсам, унда нима бўлади? Кўчада ўтиравераман! Сиз бораверинг уйингизга! Раҳмат! Мени ўлимдан қутқариб қолдингиз. Сиз бўлмасангиз, уйқумда ўлиб кетардим. Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман! Худойим рози бўлсин сиздан!

Ботир индамади. Манзурага бир қараб олди-да, ўйчан қиёфада кўкка боқди.

Шу аснода бармоқларини асабий қисирлата бошлади. Бошини қашиб олди. Илкис силтанди-да, ҳов нарига асабий бориб келди…

У ниманидир айтмоқчи бўларди, афтидан тилига кўчира олмасди.

— Манзура, — ниҳоят яқин келиб бош эгган ҳолда сўз қотди. — Нима десанг дегин-у, лекин жуда тошбағир экансан.

— Мен-а? — Манзура кутилмаган гапни эшитган заҳоти кўзлари чақчайиб Ботирга боқди. — Н-нега? Нима ёмонлик қилдим сизга?

— Мактабда ўқиб юрган пайтларимиз эсингдами? Неча марта сенга севишимни айтганман. Сен сира рўйхушлик билдирмагансан. Нуқул мени камситавергансан. Манзура, ўша севгим ҳалиям бағримни ўртайди. Сен кўз олдимга келдингми, тамом, ҳаловатим йўқолади. Ишон, сени ҳеч кимга тенглаштира олмайман. Ҳеч кимга ўхшата олмайман. Нега ҳалиям тушунмайсан? Наҳотки, юрагингда менга нисбатан заррача илиқлик бўлмаса? Шунчалик ёмонманми мен?

Манзура ортиқ тоқат қилиб тура олмасди. Тунда ўйлаганларини, тонгда миясига келган гапларни энди ошкор этиш фурсати етганини тушунди. Шундай қилса, Ботир тинчланадигандек, тушунадигандек, ҳафсаласи пир бўлиб ундан совийдигандек туйилди.

— Ботир, мени бошингизга урасизми? — деди Манзура йиғламсираб. — Мен худо қарғаган яллачиман. Тўйларда не қилиқлар қилиб ташлашимни билмайсиз-да! Пулни деб не қадамларни босмайди яллачилар. Уларнинг қалбида ўша маҳал севгидан асар ҳам бўлмайди. Яллачилар фақат нафс бандаларидек йўл тутишади. Нафсларидан бўлак ҳеч нарсани ўйламайдилар. Пул турганда муҳаббатни, туйғуни оёқости қип ташлайдилар. Ўшаларнинг бириман менам. Наҳотки, менга уйланиб бахтли бўламан деб ўйласангиз? Йўқ, бахтсиз бўласиз. Бир умр пушмон қилиб ўтасиз. Қўйинг, бу гапларни йиғиштирайлик. Дўст бўлиб қолайлик. Сиз азобда қолсангиз, ўзимни ҳеч қачон кечира олмайман. Кетинг, илтимос, кета қолинг! Мени қийнаманг! Дардимга дард қўшаверманг, ёлвораман!..

Манзура шундай деди-ю, йиғлаб юборди. Йиғи тўла кўзларини Ботир кўриб қийналмаслиги учун терс ўгирилиб олди…

Ботир эса бирпас турган ерида айлана-айлана нимадир дейишга тараддудланди. Аммо ҳеч нарса демади.

Оғир хўрсиниб олди-да, туйқусдан кўчага чопди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...