РАҚҚОСА… (14-қисм)

0

 

 

* * *

 

Бу манзарага кўзи тушгани ҳамоно Манзуранинг кўнгли ағдарилди. Боши чир айлана-айлана ҳушини йўқотди.

Ҳушини йўқотишга йўқотди-ю, атрофида бўлаётган воқеаларни англаб турди, аллакимларнинг гап-сўзларини эшита олди.

— Ҳозир… Ҳозир ўзига келади, — дея ҳайқирди кимдир. — Тез капельницани тайёрланг, алмаштириш керак. Тинчлантирувчи укол ҳам ҳозирланг. Капельница пича томгандан кейин ўша уколни қилиб юборасиз. Айтганча, оғриқ қолдирадиган дориям қўшинг!

— Хўп бўлади!

— Манзура қизим, уйғонақол энди, чироғим! Сен соппа-соғсан! Уйғонсанг, хурсанд бўламиз. Қадрдонларингни кўрасан!..

Манзура ҳақиқатан ҳушига келиб кўзларини очганди. Лекин негадир қорни билан ўринга юзтубан ётишининг маънисини тушуна олмасди.

Шу кўйи қимирлашга уринди. Шу заҳоти белидами, ё тепароқдами игна санчганга ўхшаш оғриқ туйиб қимирлашни бас қилди.

— Баракалла, — деди тепасида турган оқ халатли врач. — Зўрсан, гап йўқ сенга! Юзимизни ёруғ қилдинг, қизим!

— Б-Ботир нега ногирон бўп қолди? — қимирлаб юбормаслик учун эҳтиёткорона шивирлади Манзура. — Менинг… Оёқларим қани?.. Ботирнинг оёқлари қани?.. Т-топиб беринглар оёқларимни!..

— Қизим, бу нима деганинг? — сочлари оппоқ, эллик бешларга борган врач Манзуранинг тепасига энгашди-да, эркалаш оҳангида сўз қотди. — Оёқларинг жойида турибди. Ишонмасанг, аста ушлаб кўр! Фақат қимирлаб юборма! Қани, жойидамикан?

— Б-Ботирники…

— Ботиринг кимлигини билмадим-у, — деди врач ҳамширага кўз қисиб. — Лекин бизнинг бўлимда унақа йигит йўқ. Ҳеч кимнинг оёғини ҳам кесмадик. Тушингга киргандир-да ёмон нарсалар! Асабийлашма, жуда эҳтиёт бўл қизим! Ҳозир ҳамшира опанг укол қип қўяди, пича ухласанг, яхши бўп қоласан!

Ортиқ сўзлашга Манзуранинг кучи етмади. Ҳамшира томирига укол қилгач, ҳеч қанча ўтмай, ухлаб қолди.

 

* * *

 

Орадан икки ҳафта мўлроқ вақт ўтгач, Манзурани ўтқазиб қўйишди. Умуртқасида оғриқ туярди-ю, аммо биринчи кундагидек эмасди. Худди ари чаққан каби чимиллаб қўярди-да, қўйиб юборарди.

Манзура ўтириш бахтига муяссар бўлгандан сўнг юзтубан ётиш қанчалар азоб эканини чуқурроқ ҳис этди. Ўтиришга имкон бергани учун худога шукр қилди. Нафас олиши ҳам енгиллашди. Биринчи куни иситмаси тушмай азоб берганди. Энди бу балодан ҳам қутулибди. Аммо хаёлида ҳамон ўша манзара гавдаланаверарди. Шунча кун ўринда юзтубан ётди, лекин Ботирнинг товушини эшитмади. Балки ухлаб қолган маҳал келиб тез кетиб қолгандир. Чунки Манзура уйғониб ҳам сира узоқ вақт ёта олмади. Чарчаб қолаверди ва ҳамшира дарров укол қилиб ухлатиб қўяверди…

«Хизрни йўқласанг ҳозир», деганлари рост эканми, бугун ўтира олганидан кўнгли равшан тортиб уни эслай бошлаганда, ўзи кириб келди.

Бироқ оёқлари бус-бутун, аравачада ҳам эмас. Манзуранинг ўтириб олганини кўриб Ботирнинг чеҳраси ёришди ва оғзининг таноби қочганча каравотга яқин келиб қўлидагиларни тумбочка устига қўйди-да, Манзуранинг ёнига чўкди.

— Оёқ… Оёқларингизни кесишмаганмиди? — сўради Манзура ҳадеганда Ботирнинг оёқларидан кўз узмай. — Ахир… Сиз аравачада ўтиргандингиз-ку! Менга муҳаббатингизни исботламоқчи бўлиб чиқиб кетгандингиз. Кейин эса аравачада қайтгандингиз. Ё мен…

— Ҳа, сен ёмон туш кўрибсан, — деди Ботир Манзуранинг қўлини кафтлари орасига олиб. — Бунақа тушларни дарров хаёлдан чиқариб ташлаш керак. Ирими шунақа. Хўш, кесилган еринг оғримаяптими? Қийналмаяпсанми?

— Менинг оёқларимниям кесишганди, — деди Манзура жавоб бериш ўрнига. — Кейин… Ушлаб кўрсам, жойида турибди… Ростданам ёмон туш кўрибман шекилли… Айтганча… Менга нима бўлди ўзи? Нега бу ерда ётибман? Нимага орқа тарафимни кесишибди?

— Сен ўзингни машина тагига отганинг эсингдадир? — деди Ботир жиддий тортиб. — Ё эслай олмайсанми?

— Эсимда… Аммо кейин нималар бўлгани эсимда йўқ.

— Умуртқа суягингми-ей, қаттиқ лат еган экан. Операция қилишди. Хайрият, ҳозир келаётиб дўхтирингга учрашгандим, кўнглимни кўтарди.

— Нима деди? Уйга жавоб берармикан? — ҳовлиқиб Ботирга қаттиқроқ тикилди Манзура. — Гапиринг, нима экан?

— Асосийси, сен ногирон бўп қолмас экансан. Хавф ортда қопти. Вақтида опкелганимиз фойда берибди. Шундай экан, ниятни яхши қилавер, Манзура, насиб бўлса, икки-уч ойда оёққа туриб кетасан.

— Ҳалиги… Уйим нима бўлди? Ахир…

— Уйинг жойида турибди, — деди Манзурага ўтли боқиб Ботир. — Мен шунча кундан бери келмаганимга ранжима. Мурод ака «мужик»лик қилди. Шунча кун уйингни таъмирдан чиқардик. Аммангнинг иши терговга оширилибди. Ҳадемай, терговчилар ҳам кеп қолишса ажабмас. Сен-чи, уларга ҳақиқатни айтгин! Аммангни ёқлаб қўймагин! Ифлосга ифлосларча муомала қилиш керак.

— Мурод ака ёрдам қилди денг? — жилмайиб бошини эгди Манзура. — Яхши одам экан, худо рози бўлсин ундан! Вой, сиз сўрамадингизми? Мен яна рақс туша олармиканман? Ёки…

Ботир жавоб беришга шошилмади. Ҳойнаҳой, яқин ўтмишдаги воқеалар ёдига тушиб безовталана бошлади. Бир неча марта бош қашиб қўйди. Манзура эса ундан жавоб кутарди.

— Очиғини айтайми? — ялт этиб Манзурага тик боқди Ботир. — Хафа бўлмайсанми?

— Йўқ, айтинг! Фақат ҳақиқатни айтинг!

— Сен бундан кейин рақс тушмас экансан. Мурод ака шундай деди.

— Нимага? Ногирон бўп қоларканманми?

— Э, қанақа ногирон? Айтдим-ку, бунақа ёмон нарсаларни ўйлама деб! Мурод ака айтдики, бундан буён сен ҳофизалик қиларкансан.

— Ҳофизалик? Ие, нега-а? Мен… Қўшиқ айтишни билармиканман?

— Биласан-ку! Ўзим неча марта эшитганман. Овозинг зўр-ку!

— Э-э-э, кулаверманг устимдан! Қачон эшита қолдингиз?

— Уйингда айтардинг. Ҳовли супураётганингда, ашула айтардинг. Мен бўлсам, деворингнинг нарига ёғида туриб маза қилардим. Юракларим сел бўлиб кетарди…

Манзура индамади. Чунки Ботир ҳақ эди. Ашулани ҳам ёмон айтмайди. Буни ўзи ҳам билади. Бироқ… Яна тўйга юрса, ҳофизалик қилса, маҳалладагилар нима дейди? Ботирнинг ўзи-чи?.. Бундай мард йигитни умри бино бўлиб кўрмаганди. Ҳамма инжиқликларига чидаяпти, койиб ташласа ҳам барибир сузилиб келаверяпти. Йигит бўлса, шунчалик бўлар-да! Манзура суриштириб келганда, бир етимча бўлса, номард, мунофиқ амманинг турткиларини еб катта бўлган. Нимасига ноз қилади? Майли, раққосалигида Ботирнинг ор-номусини поймол қилмаслик учун рад этишга мажбур бўлганди. Унга аччиқ ҳам қилиб кўрди. Нима топди? Топгани касалхона бўлди. Сал қурса ногирон бўлиб қолаёзди…

— Сиз рухсат бераверасизми? — сўради Манзура хаёлларини нари ҳайдаб. — Тўйга юришимга индамай қараб тураверасизми?

— Нега қараб турарканман? — деди Ботир жонланиб. — Ўзим сенга қўриқчи бўлиб ёлланаман. Майлими?

— Йўқ, энди бир камим сизнинг тўйма-тўй орқамдан эргашиб юришингиз қолибмиди?!. Мени ит емайди.

— Биламан. Шунинг учун рухсат бераман. Ўзимга ишонмасам ҳам, сенга ишонаман! Тўхта, нега буни сўрадинг? Р-розимисан? Муҳаббатимни рад қилмайсанми энди?..

Манзура аста ер остидан Ботирга кулиб боқди-да, боши билан «йўқ» ишорасини қилди…

 

* * *

 

… Кўз очиб юмгунча уч ой ҳам ўтиб кетди. Манзура бемалол қаддини кўтариб юра оладиган бўлди. Уни Ботир ва Мурод биргаликда қайта таъмирдан чиққан ҳовлисига олиб келишди. Қўшниларнинг елиб-югуришини кўриб, Манзура кўзларига ишонмасди. Ҳатто, яқинда уни қишлоқдан ҳайдаш билан қўрқитган оқсоқол ҳам бирровга келиб дуо қилиб кетди.

Буёғига Ботирнинг синглиси Зулхумор Манзура билан ётиб юрадиган бўлди.

Қиз бўлғуси кеннойиси акаси билан илиқ муносабатдалигига, бир кун келиб барибир турмуш қуришлари муқаррарлигига амин бўлгандан бери Манзурага илгаригидан-да кўпроқ мулозамат қилар, хушомадга энди оддий тўн эмас, зарбоф тўн кийдира бошлаганди.

— Мурод ака, Ботирдан эшитиб қолдим, — деди бир куни Манзура. — Тўйларга ҳофиза бўлиб бораманми энди?

— Бекор гап, — кулиб жавоб қилди Мурод. — Қайси жинни сени ҳофиза қилиб тўйга обораркан? Ботиринг бекорнинг бештасини айтибди.

— Нима?.. Унда нима қиламан? Сиз… Ёрдам бермайсизми?.. Ҳа-я, нима деяпман ўзим? Шундоғам икки дунёнинг яхшилигини қип қўйгансиз. Аҳмоққа ўхшаб бемаъни саволлар беришимни қаранг. Барибир мен сиздан умримнинг охиригача миннатдор бўлиб яшайман, ака! Илойим кеннойим билан қўша-қариб юринглар!..

— Ие, яхши қиз, ҳалитдан мени қатордан чиқариб қўйдиларми? — ҳазил аралаш сўради Мурод яна кулиб. — Яхшима-ас! Инсофдан эма-ас!..

— Вой, ким сизни қатордан чиқарибди? — деди куйиниб Манзура. — Ўзингиз…

Мурод индамай ўрнидан турди. Яхшилаб керишиб олгач, эринмасдан уйнинг қайта таъмирдан чиқарилган жойларини кўздан кечирди. Аҳён-аҳёнда Манзура тарафга билдирмасдан ўғринча кўз ташлаб олди. Манзура жавобини интиқиб кутаётганини кўриб турган бўлса-да, атайин шошилмади. Бу орада Ботир ҳам икки қўлида майда-чуйдалар тўлдирилган халтачаларни кўтарганча кириб келди. Қўлидагиларни шоша-пиша бир четда Манзурага тикилганча кулимсираб ўтирган синглисига тутқазди-да, кела солиб Мурод билан қуюқ сўрашди. Кейин Манзурага жавоб берди.

— Ботир, бу қизингга айтиб қўйгин, — дея ҳазиллашишда давом этди Мурод кўз қисиб. — Мени қатордан чиқариб қўйибди ҳозирдан. Энди… Келмасам керак бу уйга. Узр, ука, мабодо ранжитган бўлсам…

— Вай, нега ундай деяпси-из?

Манзура ҳазилни тушунмадими, йиғлагудек бўлиб Муродга юзланди.

— Ахир… Мен сўрадим холос-ку! Ўзингиз жавоб бермаяпсиз?

— Ҳазил, ҳазил, сингилжоним, — Мурод Ботирнинг елкасига қоқиб қўйди-да, сўрига яқинлашиб Манзуранинг ёнига чўкди. — Мазанг бўлмай, ҳазил-ҳузулниям тушунмайдиган бўп қолибсанми?

— Йў-ўқ, — деди болаларча эркаланиб Манзура. — Ҳазилни тушунсам керак сал бўлсаям?!. Ўзингиз очиғини айтмаяпсиз. Шунга хавотир оляпман-да!..

— Очиғини айтайми?

— Албатта айтинг, ака! Юрагим қўрқувдан ёрилиб кетай деяпти, ахир!

— Унда эшит. Бугундан эътиборан ҳеч қанақанги тўй-пўй ҳақида гап бўлмайди.

— Н-нимага? Тузалиб қолдим-ку!

— Шунинг учун ҳам тўйга чиқмайсан.

— Унда нима қиламан?.. Ҳа-я, эсим қурсин… Унда илгаригидай одамларнинг идиш-товоқларини ювиб…

— Бекорларни айтибсан! — гапни кесди Мурод. — Гапни охиригача эшитгин-да! Идиш-товоқ ювишга ҳали улгурасан. Жонинггаям тегиб кетади. Мана, Ботир «братишка»минан турмуш қурсаларинг, росаям уйида идиши кўп. Хумордан чиққунча юваверасан!..

— Ажаб бўпти! — янада эркаланганнамо сузилиб жавоб қилди Манзура. — Сизларга ҳазил бўлса…

— Тошканга жўнайсан, — давом этди Мурод. — Ўша ерда консерваторияда ўқийсан. Фақат раққосаликкамас. Ҳофиза бўласан каттакон. Ана шу ўқишни битирсанг, ишон, ўзим сенга продюсерлик қилиб, биринчи навбатда шу қишлоқдан тўй оламан. Худо насиб қилса, юзингга лой чаплаганларнинг олдида шундай куйлагинки, шундай нолалар билан куйлагинки, ўша аҳмоқлар уялганидан, шарманда бўлганидан қочгани жой тополмай қолсин. Ана ўшанда сен билан биз росманасига ғалаба қозонамиз!..

Манзура Муроднинг сўнгги гапларини эшитганданоқ юраги орзиқиб, қувончдан, шукроналикдан ёрилай деб ўтирганди. Ортиқ бу тахлит ўтира олмади. Беихтиёр ўпкаси тўлиб, кўнгли бўшаб йиғлаб юборди ва икки кафти билан юзларини яшириб олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...