РАҚҚОСА… (16-қисм)

0

 

 

* * *

 

… Орадан олти ой ўтди. Манзура консерваторияда шахсан Воҳид Азларовичнинг гуруҳида, унинг қўл остида ўқишни бошлади. Олти ой деганда, Мурод айтганидек, нафас машқларини ҳам ўзлаштирди. Лекин илгари ўзи севган қўшиқларни хиргойи қилиб юрганда, бу санъат тури шу қадар қийинлиги, мураккаблигини билмас экан. Қўшиқни ҳар қандай одам ҳам айта олади деб ўйларкан. Вокал бўйича дарс ола бошлагач, қўшиқчилик санъатининг ҳеч кимга маълум бўлмаган сирли жиҳатларини ўргана бошлагачгина англаб етди. Кечалари машқ қилди, муаллимлар берган ҳар бир топшириқни кўнгилдагидек бажаришга уринди. Баъзан жонидан тўйиб шартта уйга кетиб юборгиси келган пайтлар ҳам бўлди. Лекин шайтонга ҳай берди. Мақсадига худо албатта етказишига ишонди…

Умуртқа суяги ҳам анча битиб қолгандек эди. Сўнгги бир ой ичида икки ё уч марта хуруж қилди холос. Шунда ҳам кечаси уйқусида билмасдан устидаги кўрпани бир четга итқитиб ташлаган экан. Очиқ деразадан кирган муздек шабада кесилган ерига келиб урилди ва чимиллаб оғрий бошлади…

Умуман, саломатлиги тобора яхши тарафга ўзгараётганини сезмоқда. Насиб бўлса, бир йилда кўрмагандек бўлиб кетишига ишонмоқда…

Фақат бир муаммо юрагини ўртарди. Шу муаммо хаёлини чулғади дегунча ўзи сезмаган ҳолда ҳаётдан тўя бошлаганини ҳис этади. Ботирнинг баъзи гап-сўзларидан куяди, Муродга нисбатан совуққон бўлиб қолганидан қийналади…

Мана, бир ой бўлди қишлоққа кетганига. Кетаётиб ҳам юрагига бир парча муз солиб қўйди.

— Мурод пихини ёрган фирибгар, — деганди Ботир кетаётиб. — Сени «қиёматли синглим» деганига ишониб юрибсанми? Овсармисан? У пул учун ҳамма нарсага тайёр одам-ку! Ҳали кўрасан, сенга уйланиб ҳам олади. Ҳа, буни сезиб турибман. Мен олдингда бир тийинга арзимай қоламан. Ҳозир ҳам жа арзиётганим йўқ.

— Илгари рашк қиладиган одатингиз йўғиди-ку, — деганди ўшанда Манзура. — Қанча марта тўйларда кўрдингиз, рақс баҳона қандай номақбул ишлар қиганимга гувоҳ ҳам бўлдингиз. Миқ этмагандингиз. Энди бўлса, жим юрибман, бегона эркакларга сузилмаяпман, рақс тушмаяпман. Сизни кутиб вақт ўтказяпман. Нега рашк қиляпсиз? Мурод акаям, Рўзихон опаям кўнгли тоза одамлар. Билиб-билмай туҳмат қилманг бировга! Кўнгли тоза бўлмаса, мени мана шунақанги катта ўқишларга киритиб қўймасди. Судраклаб тўйма-тўй олиб юрмасди, ҳимоясига олмасди. Уйимгача таъмирлатиб, атрофимда парвона бўлмасди. Сиз туҳмат қилманг у одамга!..

Манзура шуларни ўйлаганча консерватория ҳовлисига яқинлашиб келаркан, Ботирнинг муҳаббатига юрагида бир тутам шубҳа уйғонганини ҳис этгандек бўларди. Унинг гап-сўзларини ўзича таҳлил қилиб кўрар, Ботирни бошқаларга таққосларди. Барибир ўша шубҳа устун келаверарди…

Охири ўйланаверишдан чарчади. Бир қўл силтади-ю, ичкарига кирди.

Не кўз билан кўрсинки, ҳов нарида Ботир гуруҳдоши Саломат билан чақчақлашиб турарди.

«Ие, — кўнглидан ўтказди Манзура таққа тўхтаб. — Мен бу одамни бир ойдан бери кутиб ўтирибман. Эшик тиқ этса югуриб бориб Ботир келдимикан деган умидда эшикни очардим. У-чи? Кетмаганмидикан қишлоққа? Нега? Нима учун Саломат билан қийшанглашяпти? Бу қиз ўқиш бошиданоқ менга душман бўлиб қолганини биларди-ку! Қайта-қайта ўзига арз қилиб гапириб бергандим-ку!.. Нега бундай қилди?..»

Шубҳасиз улар ҳам Манзурани кўришди. Ботир бироз ўнғайсизланган кўйи бош қаший-қаший, Саломат билан қўл бериб хайрлашди-ю, негадир ташқарига чиқиб кетди.

Манзура унинг сўнгги ҳаракатларини кўргандан бери гўё ҳайкал каби турган ерида тош қотганди. Лекин дарров ўзини ўнглаб олди. Алам аралаш бир қўл силтади-ю, аудитория томонга қараб юрди. Саломат ўттиз-қирқ қадамча нарида унга масхараомуз тикилиб турар, Манзурани бошдан-оёқ кузатиб совуқ жилмайиб қўярди.

— Ҳа, ҳофизахон, негадир кайфиятлари йўқ? — пичинг аралаш сўз қотиб Манзуранинг йўлини тўсди у. — Қаёққа шошиляптилар? Йигитингизни олиб қўйибманми? Шунга сиқиляпсизми? Кайфиятингиз тушиб кетдими? Уф-ф, нима қилай? Мен шунақа дилозор қизман!

— Йўлимни тўсма, — деди иложи борича ўзини босишга уриниб Манзура. — Ниятинг нима ўзи? Нега нуқул менга пичинг отаверасан? Арпангни хом ўрдимми?..

— Ваҳ, ўлиб қолама-ан, — икки ёндан ҳайрон қараганча ўтиб кетаётган талабаларга кўз қисиб кулди Саломат. — Қишлақилигингга борасан-да барибир! Ўв, ҳофиза! Буюк ҳофиза, мен шаҳарликман! Шаҳарда арпа экилмайди, билдингми? Арпани-чи, ҳов қишлағингга бориб ўравер хоҳлаганингча! Бу ерни шаҳар деб қўйибди, шаҳар!

— Хўп, мен қишлақиман, — деди Манзура асабий лаб тишлаб. — Сен нега асабимга ўйнайверасан? Айт муддаоингни!

Саломат дафъатан жиддий тортди-да, атрофга аланглади. Яқин орада ҳеч ким уларга эътибор бермаётганига амин бўлгач, Манзуранинг билагидан тортқилади.

— Юр, ҳожатхонага кирайлик, ўша ерда гаплашамиз!

— Шу ерда гапиравер!

— Қўрқяпсанми? Қуён юракмисан? Қўрқма, еб қўймайман! Тирик қоласан! Гапларимни айтаман-у, сурасан сразу!

Манзура ҳам унинг қаршисида паст кетгиси келмасди. Билагига ёпишган қўлини бир силтаб олиб ташлади-да, олдинга тушди.

— Бўпти, юр, кўрамиз!..

Ҳожатхонага кирганлари ҳамоно Саломат эшикни ичкаридан қулфлади-да, кутилмаганда Манзуранинг томоғига чанг солди. Илгариги аҳволи бўлса, бу қизга сўзини бериб қўймасди. Лекин барибир умуртқаси нобоплиги панд берди.

Саломатга кучи етмаслигини тушуниб етди. Аммо сирини ҳам бой бермади. Унинг томоғига чанг солган қўлини маҳкам ушлаганча аламли шивирлади.

— Ҳа, нима? Шуми боринг? Айт, нима қип берай? Пул берайми?

— Пулингни-чи, бир ерингга тиқвол, — деди баланд овозда Саломат. — Бугундан кейин Азларовичнинг концертларига мен бораман, билдингми? Агар яна олдига тушиб йўрғалаганингни кўрсам, бўғиб ўлдираман! Тушундингми ё ҳозир бўғиб қўя қолайми?..

— Сенам ўша концертни бир жойингга тиқвол, — бўш келмади Манзура ҳам. — Кўзим учиб тургани йўқ жа концертма-концерт юраман деб. Азларовичнинг ўзи опкетгандан кейин…

— Бормайсан! — томоғини қаттиқроқ қисди Саломат. Манзура нафас етишмаганидан хириллай бошлади. Яна сал қаттиқроқ қисса ҳушини йўқотгудек даражада кўзлари тиниб кетаётганини ҳис этди. Саломат ҳам ранги ўзгарганини сезди чоғи, дарҳол қўлини тортиб олди. Ва ими-жимида ташқарига йўналиш асносида кўрсаткич бармоғини Манзуранинг пешонасига тиради-да, қулоғига шивирлади:

— Бу гал концертга мен бораман. Йўрғалаганингни кўрсам, ўлдираман!..

 

* * *

 

Манзура азбаройи асабийлашганидан кун қандай ўтганини ҳам гўёки пайқамади. Ҳар Саломатга кўзи тушганда, юраги аламга тўлар, кучли нафрат устун кела бошларди. Шайтон даст ўрнидан туриб бориб Саломатни юлиб ташлашга ундарди. Бу орада домла уни дам олиш куни болалар уйида концерт борлигидан яна огоҳ этди. Манзура айтай-айтай деди-ю, негадир тили бора қолмади. Худога солди-ю, уйига қайтди.

Бир тарафдан эса Ботирнинг қилиғи эсига тушиб баттар жиғибийрон бўларди. Унга алдовлари, Саломат билан тургандаги ҳолати жуда алам қиларди.

«Нега бундай қиляпти? — ўйларди у. — Мен нима ёмонлик қилдим унга? Бошида айтдим, рад этдим, бу йўлдан қайтаришга уриндим. Шуни деб балоларга йўлиқдим. У-чи? Юзингда кўзинг демай, душманим билан чақчақлашиб турибди. Мен билан саломлашмадиям! Одам шунчалик ҳам юзсиз, безбет бўладими?..»

Шу пайт ташқари эшик безовта тақиллай бошлади. Манзура илкис ҳушёр тортди-ю, аста, эҳтиёткорлик билан йўлакка чиқиб ташқарига қулоқ тутди. Подъездда сукунат ҳукм сурарди.

«Ботир келди шекилли, — ўйлади у ҳамон қулоғини динг қилиб. — Киритмайман песни! Ўлиблар кетсин ўша мегажин билан! Менга унинг кераги йўқ!..»

Шундай ўйлар билан руҳи тушиб ортга қайтишга тутинганди, ташқарида таниш овоз жаранглади.

— Манзура! Сингилжоним, уйдамисан?

«Вой, акам келибди-ку!..»

Манзура ҳовлиққанча бориб эшикни очди.

Ҳақиқатан қаршисида қўлида бир халта майда-чуйдалар кўтарганча Мурод кулиб турарди.

— Ухлаб қолганмидинг дейман, синглим? — ичкарига кириб тўғри ошхонага ўтди-да, қўлидагини стол устига қўйиб яна орқага қайтди Мурод. — Нега кўзларинг қизариб кетибди. Қовоқларинг шишибди. Тинчликми? Ие, нега йиғлаяпсан?..

Манзура тўлиб турганди.

Ортиқ ўзини идора эта олмади.

Муроднинг елкасига бошини қўйди-ю, йиғлаб юборди.

— Э, бу ишинг сира ёпишмади, жон синглим, — Мурод уни эркалаб, тинчлантириб залга олиб ўтди ва диванга ўтқазиб, ўзи ҳам ёнига чўкди. — Кимсан консерватория талабасисан. Шундай бахтли инсон ҳам йиғлайдими? Нима бўлди, сингилжон? Айт, фақат йиғламай айт! Биласан-ку, сен йиғласанг, мен қийналиб кетаман!

— Хўп, йиғламайман, — Манзура шоша-пиша кўз ёшларини қўлидаги дастрўмолчага артди-да, бош эгди.

— Гапирмайсанми? Ким хафа қилди?

— Тўйиб кетдим ҳаммасидан, акажон, — барибир йиғламсираб гап бошлади Манзура. — Нега мен шунақа туғилган эканман? Нуқул турткилашади, масхаралашади, таҳқирлашади.

— Ие, кимнинг ҳадди сиғди сени таҳқирлашга? — Мурод беихтиёр ўрнидан туриб кетди ва Манзуранинг икки елкасидан тутди. — Айт, ким у мараз?..

— Бугун… Ботирни кўрувдим. Аҳмоқ бўлиб келишини кутиб юраверибман. У бўлса… Менинг гуруҳимдаги Саломат деган қиз билан ҳиринглашиб турибди бугун қарасам. Менга масхараомуз қараб қўйди холос. Бир туки қилт этмадиям. Ҳеч бўлмаса саломлашмадиям! Ахир, ўша Саломат менинг душманим. Домла нуқул мени хайрия концертларга опкетавергани учун кўришга кўзи йўқ. Ўша ярамас ҳам бугун четга олиб ўтиб бўғиб қолди. Сал бўлмаса ўлдириб қўяёзди. Жиддий огоҳлантирди. Домлага концертга бормайман деб айтармишман. Айтмасам, ўлдирармиш. Кейин… Ботирни тортиб олганини кўз-кўз қилиб устимданам кулди ифлос.

— Ҳали шунақами? — Мурод қўлларини Манзуранинг елкасидан тортиб олди-да, асабий лаб тишлади. — Очиғи, илгаритдан ўша билан учрашиб гаплашишингга қаршийдим. Сенга айтмасдим холос. Лекин сени деб елиб-югуришини кўриб фикримдан қайтгандим. Ростданам синглимни яхши кўраркан, куёв бўлса шунчалик бўлар-да, деб хурсанд бўловдим. Мана бу гапингдан кейин ҳамма гапларимни қайтволдим, Манзура. Эндиям ўша ит билан гаплашишингга қаршиман. Майли, сен индама, уни ўйламаям, фақат ўқишингни ўйла. Ботирниям, ўша сенга душманлик қилиб юрган қизниям ўзимга қўйиб бер. Азларовичнинг гуруҳидан ҳайдаттирвораман керак бўлса… Вой, ифлослар-ей!..

— Менам Ботирнинг аввал айтган гапларини сиздан яширардим, — деди Манзура Муроднинг гапидан кўнгли тоғдек кўтарилиб. — Нуқул сизга рашк қилаверарди. Кўз очишга қўймасди. Нимаймиш, сиз фақат пул туфайли менга яхшилик қилиб юрганмишсиз. Сизнинг ниятингиз бузуқмиш.

— Сен билан бизни Оллоҳ кўриб турибди, — деди қаттиқ ранжиганини сир тута олмай Мурод. — Гапираётган гапларимиз, ўйлаган ўйларимизгаям Яратганнинг ўзи назар солиб кузатиб турибди. Мен сени чин кўнгилдан яхши кўрдим, синглим йўғиди, шу қиз менга сингил бўлар деб умидландим. Худойимга шукр, адашмабман. Ҳозир… Ишонсанг, қоп-қоп семириб юраман юрган йўлимдаям. Сен мени ака деб қабул қилганинг учун шундай хурсандманки, Худойим гувоҳ!..

Манзура шунча пайт мулоқот қилиб, бирга юриб Муроднинг кўзи ёшланганини кўрмаганди.

Ҳозирги ҳолатини кўриб қўрқиб кетди. Жонҳолатда Муродни қучоқлаб олди.

— Акажон, мени юпатиб энди ўзингиз йиғлайсизми? — деди титраб-қақшаб. — Бўҳтон тарқатганлар, туҳмат қилганларни ер ютади, акажон! Менам сиз билан фахрланавераман, сизминан опажонимни ўйлайвераман. Баъзида бахтимга кўз тегиб қолса-я, деб қўрқиб ҳам кетаман!.. Сиз энди ҳам акам, ҳам отамсиз, акажон!..

— Раҳмат, синглим, — Мурод тез ўзини қўлга олиб аста ортга тисланди. — Бўлди, йиғламаймиз. У ифлослар кўз ёшларимизга арзимайди… Ие, асосийси эсдан чиқибди-ку!

— Нима? — Манзура ҳайрон бўлиб Муродга тикилди. — Нима эсингиздан чиқибди?

— Ҳозир иккаламиз дўкон айланишимиз керак эди-ку!

— Дўкон? Нега, ака?

— Ие, ўзлариниям эсларида йўқми дейман, хоним афандим? Яхшима-ас, яхшима-а-ас!

Манзура қўрқиб кетди. Нимани унутганини сира топа қолмади.

Яна Муроднинг ўзи вазиятни юмшатди.

— Эртага опажонингнинг туғилган куни-ку! Эсладингми?

— Вой, мен ўлиб қўя қолай-й! — Манзура азбаройи хижолат тортганидан икки кафти билан бошини чангаллаб олди. — Шундай санани унутибманми?

— Майли, — деди кулиб Мурод. — Ҳозир дўкон айланиб арзирли совға сотволамиз. Кейин қишлоққа жўнаймиз. Қўрқма, меникига борасан, қишлоғингга жўнатмайман ўлсам ҳам. Домлаларниям огоҳлантириб қўяман. Туғилган кунни ўтказамиз-у, яна иккимиз шаҳарга қайтамиз. Хўш, маъқулми таклифим?

Манзура росманасига тўлиб бораётганди. Муроднинг ҳар бир чакана ҳазили вужуд-вужудида сингиллик меҳрини уйғотгани сайин кўзлари жиққа ёшга кўмила бошлаганди.

Аммо бу қувонч, шукроналик ёшлари эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

 

loading...