РАҚҚОСА… (17-қисм)

0

 

 

* * *

 

Рўзихон опасининг туғилган кунига бориб вужудидаги жами ғуборлар тарқагандек, жуда енгил тортди.

Опаси шунчалар кучли меҳр кўрсатдики, Манзура хижолатдан ерга киргудек бўлиб борар, Мурод эса бу хижолатпазликни ҳазил-ҳузул билан тарқатиб юборарди…

Аммо шаҳарга қайтгандан кейин ҳам юрагининг бир четидаги туман тарқамади. Ботирни эсламасликка, қўл силташга уринарди. Бахтга қарши, салдан кейин кўз олдида Ботирнинг қиёфаси намоён бўлаверарди.

Унинг Саломат билан чақчақлашиб тургани, у томонга ҳиссизгина қараб қўйиб бурилганча кетиб қолгани кўнглини оғритаверарди. Энди-энди муҳаббатга ошно бўла бошлаган қалби тўкилиб-тўкилиб кетарди…

Дарсда ҳам қандай ўтирганини идрок эта олмади. Билгани, Саломат дарсда кўринмагани бўлди.

Акаси гаплашиб гуруҳдан ҳайдаттирибди шекилли.

Аммо бу ҳам Манзурага таскин бермади. Алам кўксини кемираверди.

Шундай хаёллар билан подъезга кирган ҳам эдики, Ботир деворга суянганча турганини кўрди.

Уни кўриб кўнгли бирдан ёришди. Қалбининг тубидаги ўша туман тарқай бошлаганини ҳис этди.

Лекин кўнгил тубидаги оғриқ қайсарликни қўймади. Бу оғриқ шу қадар ёқимсиз кеча бошладики, Манзура дод солишдан аранг ўзини тийиб турарди.

Атайин саломлашмади. Уйга киритмоқчи эмасди. Бироқ Ботирни тўхтатиб қолишга кучи ҳам етмасди. Қолаверса, бошқа кўнгли Ботирнинг уй ичкарисига кириши учун жон деб турарди.

Икковлари ҳам сўзсиз ичкарига киришди. Манзура гўё ёнида ҳеч ким йўқдек, севимли ашулаларидан бирини хиргойи қилганча ошхонага ўтиб газга чой қўйди. Ҳар кунги одати. Дарсдан келади-ю, қайноқ чой билан бир дона шоколад ейди…

— Индамай тил тишлаб ўтираверамизми? — ниҳоят ўртадаги жимликни бузиб сўради Ботир. — Арпангни хом ўрмагандим шекилли? Нега ҳеч бўлмаса, салом берай демайсан? Ё…

— Салом? — Манзура қўлидаги шоколад бўлагини стол устига қўйди-да, Ботирга юзланди. — Сизгами? Кимсиз ўзи? Нега сўроқсиз бу уйга кирдингиз? Биров чақирганмиди сизни?

— Қўй-да энди, вой-бў-ў, — дея Ботир гавдасини орқага ташлади. — Мурод акажонинг жа яхши устозлик қиляптими дейман-да-а? Жа мағрур бўп қоптилар?

— Акамга тил теккизманг, — деди Манзура даст ўрнидан туриб. — У менинг акам, билдингизми?!. Сиз-чи? Ҳеч киммассиз? Ҳа, Саломатхонингиз бугун чақирмадими? Ё ўшанинг олдидан келдингизми? Мақтангингиз келдими? Билиб қўйинг, менга фарқи йўқ. Ким билан гаплашяпсиз, чақчақлашяпсиз, менга бир пуллик қизиғи йўқ. Энди илтимос, уйни бўшатиб қўйинг! Ҳализамон акам кеп қолади.

— Ў, шунақами? Акажонингиз рашк ҳам қиладиларми? Жа апоқ-чапоқ бўп кетибсизлар-да унда-а?

— Сизга нима?

— Менам ердан чиққаним йўғиди. Шунчалик оёқости қилмасанг бўларди.

— Ким кимни оёқости қилди? Сиз эмасми оёқости қилган? Уялмай гапиришингизни қаранг яна! Боринг, кетинг! Асабимга тегяпсиз!

— Шунақами? Тугадими муҳаббат? Қорлар ёғиб излар босилдими? Энди раққоса хонимга ҳеч ким керак бўлмай қолдими? Ишлари битиб, эшаклари лойдан ўтдими?

— Менинг эшагим йўқ. Оғзингизга қараб гапиринг!

— Унда эшитвол, менам жа сен ўйлаганчалик анойи, овсармасман. Ҳали кўрасан, ўша акажонинг ишини битириб, сендан фойдаланиб, жонига теккан кунинг бир тепиб ҳайдайди. Унақалар фақат пулингга ошна. Кўзингни каттароқ оч!

— Сиздақаларнинг насиҳатига зормасман. Кета қолинг тезроқ! Одам шунчалик ҳам безбет, сур бўладими? Кет дегандан кейин кетмайдими?

— Кетаман. Шу ижара уйингда ўтираман деб ўлиб турганим йўқ. Бир гапни айтиш учун келгандим аслида.

— Айтинг-у, даф бўлинг!

— Акажонинг келса, айт, сенинг уйингни таъмирлатганда иккита молимни сотиб берганман. Ўша молларнинг пулини жойига қўйсин. Мен дуч келганга пул бераверадиган бойвачча эмасман.

Ботирнинг шунча таъналари бир бўлди-ю, сўнгги гапи бир бўлди. Манзура миясига биров гурзи билан туширган каби қалқиб кетди. Аъзойи бадани увишгандек сўз учун оғиз оча олмай анграйганча Ботирга қараб қолди.

— Ҳа, нега менга тикилиб қолдинг? — зардали оҳангда сўради Ботир кетишга чоғланиб. — Ҳаммаям пулни яхши кўради. Кейин-чи, менинг кўчада тушиб қолган пулим йўқ. Хуллас, бугун кечқурун қўнғироқ қилсин-да, учрашиб пулларни қўлимга топширсин.

— Топширмаса-чи? — атайин гапни айлантириб сўради Манзура. — Урасизми акамни?

— Уриш ҳам гап эканми? — деди Ботир оғзидан тупук сачратиб. — Жигини эзиб қўяман.

— Унда тезроқ айта қоламан. Тағин акажоним арзимаган беш-олти сўм пулни деб жигидан айрилиб ўтирмасин!

Ботир ортиқ бир сўз демади.

Манзурага бир муддат алам ва нафрат аралаш термилиб турди-да, илкис бурилиб ташқарига йўл олди.

 

* * *

 

Миннат ўти ёмон куйдираркан. Ботирнинг қилиқлари, бугун айтган гаплари ҳозиргидек алам қилмаганди. Биргина миннатли гапи кўксини тешиб ўтай деди.

Манзуранинг вужудини яна етимлик, йўқсиллик, хўрлик алангаси чирмаб олди.

Боягина Ботирни кўрганда, билинар-билинмас меҳри товланганидан, кечиришга, кўнглига озор етказганига ҳам кўз юмиш пайида ҳам бўлаёзганди. Афсуски, миннатли гапи қалбини парча-парча қилди. Ёруғ дунёга йўқсил бўлиб келганларига пушаймонлар еди.

Каравотига оҳиста чўкаркан, ўпкаси тўлиб кетди. Лекин йиғламади. Лабларини қаттиқ тишлаб бўғзидан отилиб чиқишга шай турган фарёдни нари ҳайдай олди.

Ўзини қўлга олди. Муроднинг сўнгги сўзларини ёдга олди.

Ботир кабилар бир томчи кўз ёшига ҳақиқатан арзимаслигини чуқурроқ англаб етди.

Эртаси куни кўнгли анча равшан тортибди. Тунда тиниқиб ухлагани боисми, Ботир билан бўлиб ўтган ёқимсиз суҳбатни унутгандек бўлди.

Бугун ҳам Саломатнинг дарсда кўринмагани янада далда берди. Бир балодан қутулганига шукр қилди. Бу Муроднинг иши эканига амин бўлиб, янада яйради. Энди ҳеч ким таъқиб этмаслигига ишона бошлади.

Кундузи консерваторияда яна кичик концерт уюштиришган экан. Концертда унга ҳам навбат беришди. Ўзи суйган қўшиқлардан бирини айтиб берганди, залдагилар тик турганча олқишлашди. Азларович домла ташқарига чиққандан кейин ҳам астойдил дуо қилиб елкасига қоқди.

Буларнинг барчаси Манзурага гўё қанот бағишлаганди. Қўйиб беришса, қишлоғига учиб бориб, дугоналарига бахтини, омадини кўз-кўз қилгиси келиб кетди. Аммо бу ҳозирча орзулигича қолади. Муроднинг режасига амал қилишдан бўлак чораси йўқ. Акаси унга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайди. У бир нарсани мўлжаллагандирки, қишлоққа боришини ортга сургандир…

Манзура ана шундай ёқимли ўйлар, ҳислар оғушида катта кўчага чиқди-да, бекат томон кета бошлади.

Ҳа, ҳозироқ уйга боради-да, Мурод акасига қўнғироқ қилади. Ютуқларини айтиб мақтанади. Акасини хурсанд қилади…

Йўқ, олдин Рўзихон опасига сим қоқади. Мириқиб гаплашади. Ундан кейин акасига қўнғироқ қилади.

Шу тобда қора «Жип» катта тезликда келди-да, Манзуранинг йўлига кўндаланг бўлди. Хаёлга берилиб кетганиданми, сал бўлмаса, машинага ўзини уриб олаёзди.

Машинанинг ойналари қорайтирилганди. Шу сабабли ичидагиларни кўра олмади.

Ҳали четроққа ўтиб улгурмай, машинанинг олд эшиги очилди. Кетидан орқа эшик очилиб, икки барзанги уни ўраб олди.

— Оҳ, ҳофиза шумиди ҳали? — Манзурага қарама-қарши тургани масхарали тиржайиш қилиб, Манзурага еб қўйгудек қараб шеригига кўз қисди. — Жа кетворган экан-ку-а? Ҳофизаларни бунчалик зўр бўлади деб ўйламовдим, Жамшид.

— Ҳа энди, бу зўридан экан-да, — деди шеригига жавобан бошқаси. — Қани, хонанда синглим, машинага ўзингиз чиқасизми, ё кўтариб ўтқазиб қўяйликми?

— Йўлдан қочларинг, — деди ҳозир хунук бир ҳодиса юз беришини кўнгли сезиб Манзура. — Машинанг ўзингга буюрсин. Қочларинг! Ҳозир акамга қўнғироқ қилсам, дабдалангни чиқаради.

— Ие, Жамшид, хонандамизнинг акасиям боракан, — Манзурани бармоғи билан кўрсатиб кулиб юборди қаршисидаги барзанги. — Сенам қўрқиб кетдингми?

— Ҳа-а, — деди орқада тургани. — Акасиям жа анақалардан бўлса керак-а? Бизни ўлдириб қўярмикан-а?..

Манзура бошқа сўз айтишга улгурмади. Барзангилар турта-турта уни машинанинг орқа ўриндиғига ўтқазишди…

Манзуранинг қаршилик кўрсатишлари уларга кор қилмасди. Қанча ташқарига қараб жавдирамасин, на бир таниш, на милиционер кўрина қоларди. Бақиришга уринарди. Лекин қўрқув йўл бермасди. Бақирса, ёнидаги девдек йигитлар ёнидан пичоқ чиқариб сўйиб ташлайдигандек туйиларди…

Манзура индамасликка, охирини кутишга аҳд қилди. Хаёлан бўлса-да, худога ёлворишдан тўхтамади. Яратган албатта мушкулини осон қилишига ишонди. Шу аснода шаҳарга келганларига, санъат йўлига кирганларига умрида илк бор пушаймон бўлди.

Машина ўқдек учиб шаҳар кўчаларини бирма-бир ортда қолдирганча Манзура умрида кўрмаган бир жойга етганда тўхтади.

Атрофдаги уйларнинг деярли ҳаммаси ҳашаматли эди. Уларга қараб туриб бу ерда оддий одамлар яшамаслигига амин бўлди.

Барзангилар ҳойнаҳой бақир-чақир қилмагани учун куч ишлатишга уринишмади чоғи, пастга тушгандан кейин ҳам қўполлик қилишмади. Бояги масхарали гап-сўзлар ҳам тўхтади. Уни иккаласи ўртага олган кўйи уч қават қилиб қурилган ҳовли ичкарисига олиб кирди.

Ичкарида узун йўлак зоҳир эди. Йўлак охиригача боришди-да, барзангилардан бири ўнгдаги эшикни оҳиста чертди. Сўнгра эшикни очиб Манзурага «кир» ишорасини қилди.

Манзура сира қўрқмасдан, ваҳимага тушмасдан остона ҳатлаб ичкарига кирди.

Каттакон, айланасига диван-у, сервантлар тизилган хона тўрида эса…

Саломат ўтирарди.

Манзура унга кўзи тушгани ҳамоно ҳаммасини тушунди. Беихтиёр «Алпомиш» фильмидаги кампирнинг бир гапи хаёлига келди.

«Қасос қиёматга қолмайди»…

Ҳа, энди кеч эди. Манзура қанча чиранмасин, аюҳаннос солмасин, барибир буларнинг қўлидан қутула олмайди. Худо ёр бўлсагина, мушкулини осон қилсагина, озод бўла олади, ихтиёри ўзига ўтади. Ҳозир эса чидашга, бардош қилишдан бўлак илож топа олмасди. Яна бир нарсага ишонардики, бу мақтанчоқ қиз барибир унга зиён етказа олмайди.

— Хуш кептилар, ҳофизахон, — деди барзангилар чиқиб кетгач, Саломат унга яқин келиб. — Ҳа, қўрқиб кетдиларми? Жа ботирийдилар-ку ўқишда! Бурнилари осмон эди-ку-а?

— Нега мени бу ерга опкелтирдинг? — сўради Манзура сир бой бермай. — Ишинг бўлса, ўқишга бориб айтсангам бўларди-ку! Ё мени шу йўлминан синдирмоқчимисан? Адашасан. Мени худодан бошқаси синдира олмайди. Шу ишни қилиб хатога йўл қўйдинг, дугона. Эртага…

— Дугона дема мани! — кутилмаганда бақириб юборди Саломат. — Сендақа қишлақилар манга дугона бўломийди! Бурнингни артларинг манга дугона бўлгунча!..

Манзурага худди шу гаплар жуда алам қилди. Жавоб қайтариш, Саломатни тузлаб ташлаш ниятида оғиз очди-ю, улгурмади.

Нариги бурчакда яна бир эшик борлигини кўрмаган экан.

Ўша эшик оҳиста очилиб, қаршисида Ботир пайдо бўлди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here