СУЮНЧИ… (ёхуд бугун коронавирусга чалинган яна бир ҳомиладор аёл фарзандли бўлди)

0

 

Юртимизда короновирус инфекциясига чалинган беморлар, жумладан,  ҳомиладор, туғруқдаги ва туққан аёлларни даволашга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Жумладан, пойтахтимиздаги 3-сонли туғруқ мажмуасининг тиббиёт ходимлари ҳам коронавирусга чалинган ҳомиладор аёлларни даволашда бор тажриба ва билимини ишга солишмоқда. Бу ерда ҳомиладор, туғруқдаги ва туққан аёлларга коронавирус инфекцияси ташхисини қўйиш ва даволашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида ягона тизим ҳамда услубий ёндашув жорий этилган.

Ушбу тиббиёт муассасасида бугун яна бир қувончли воқеа юз берди. Коронавирус инфекцияси аниқланиб, мазкур туғруқ мажмуасига олиб келинган ҳомиладор аёл Б. фарзандли бўлди. Тошкент вилоятидан бўлган, 31 ёшли аёл жорий йил 10 май куни Россия Федерациясидан  чартер рейс орқали олиб келинган эди.

Унда коронавирус аниқланиб, туғруқ мажмуасига олиб келингач, биринчи навбатда, таҳлиллар олинди, ҳомиладор белгиланган стандартлар бўйича чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ташхис натижаларига кўра, тажрибали мутахассислар  тавсиясига кўра туғруқни шошилинч тартибда, операция йўли билан амалга ошириш тавсия этилиб, тайёргарлик кўрилди. Бугун ушбу амалиёт олий тоифали шифокор Комил Жумаев бошчилигидаги шифокорлар томонидан муваффақиятли,  асоратсиз якунига етказилди. Тажрибали шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасида бемор Б. соғлом ўғил  фарзандни дунёга келтирди.

Айни пайтда чақалоқнинг ҳолати қониқарли бўлиб, онаси билан бирга неонатолог, акушер-гинекологлар назорати остига олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

loading...