Темир тулпор командири — Хайрутдин Асамутдинов 

0

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан «Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари» рукни остида навбатдаги ўзбек қаҳрамони ҳақида ҳикоя қиламиз. Ушбу қаҳрамонимиз Иккинчи жаҳон урушида тилларда достон бўлган ҳарбий техникалардан бири Т-34 танки ва жанговар машиналарни таъмирлаш ротаси командири Хайрутдин Асамутдиновдир.

Хайрутдин Асамутдинов 1924 йил Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилган. Отаси Асамутдин бобо ва онаси Марҳамат ая миллий дўппидўзлик билан шуғулланишган. Хайрутдин оилада 10 нафар фарзанднинг иккинчиси эди. Унинг айни ўспиринлик йиллари Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларига тўғри келди. Чунки қаҳрамонимизнинг 114-мактабни тамомлаган пайтда фашистлар Европанинг бир қатор давлатларига босқинчи сифатида уруш эълон қилганди. Орадан бир йил вақт ўтгандан кейин мактабни аъло баҳолар билан тугатган Хайрутдин Асамутдинов Тошкент авиация заводида чилангар бўлиб ишлади. Кейинчалик эса ўз ихтиёри билан Чирчиқ шаҳрига кўчириб келтирилган 1-Харьков танкчилар билим юртига ўқишга кирди. 1942 йилнинг октябрь ойидан 1943 йилнинг август ойига қадар жанговар машина бошқариш бўйича тезлаштирилган муддатда етарли билимларга эга бўлиб, фронтга юборилди. Ўша пайтларда ўзбек танкчи офицери кам учрайдиган ҳолат эди ва у бу борада биринчилардан бўлди.

Кичик лейтенант Хайрутдин Асамутдинов ўқишни тугатгандан кейин Урал ҳарбий округидаги 2-чи заҳира танкчи полкида Т-34 танки командири этиб тайинланган. 1943-1944 йиллар Дашт фронти (Степной фронт кейинчалик 2-Укриана фронти деб ном берилган) 110-бригадаси, 1-батальонида танк командири сифатида жангларда қатнашди. 1943 йил 2-Украина фронтининг 5-гвардиячи танк армияси, 18-танк корпуси, 110-танк бригадаси заҳира ротаси офицерлари таркибига қўшилди. Билим юртида олган тажрибаси туфайли Т-34 танки командири сифатида жангларда киришди. 1944 йилнинг январь-февраль ойларида Знаменск ҳамда Кировгоград шаҳарлари учун бўлган жанглардаги жасорати учун «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланди.

Ўзбек жангчисининг ўша жанглардаги қаҳрамонлигини рота командири қуйидагича тасвирлаган ва мукофотга тавсия этган: «Знаменск ҳамда Кировгоград шаҳарларини немис босқинчиларидан озод қилиш жангларида кичик лейтенант Асамутдинов жасорат ва мардлик наъмуналарини кўрсатди. У ўзининг Т – 34 танки таъмирланаётган пайтда жангда шикастланган бошқа 15 та танк ва 32 та ғилдиракли артиллерия қуролларини тиргакли техника ёрдамида душман ҳужумидан бехатар ҳудудга олиб ўтишда мисли кўрилмаган жасорат намойиш қилди. Шунингдек, у ҳар сафар жанг майдонига қайтишда қуролдош дўстларига зарур қурол-аслаҳаларни етказиб, бригаданинг жанговар топшириқларни аъло даражада бажаришида муносиб ҳиссасини қўшди. Хайрутддин Асамутдинов кўрсатган жасорат ва мардлик наъмуналари «Қизил юлдуз» ордени билан мукофотланишга лойиқ. Техник таъминлаш ротаси командири катта лейтенант Грига. 12 февраль, 1944 йил».

Душманга қарши мисли кўрилмаган оғир жангларда тобланган Хайрутдин Асамутдиновга 1944 йилнинг 6 сентябрида лейтенант унвони берилди. Командирларининг ишончидан руҳланган жасур ўзбек ўғлони орадан бир ҳафта ўтиб, навбатдаги қаҳрамонлиги билан 110-танк бригадасига наъмуна бўлди. Асамутдиновнинг тамирлаш взводи 19 августдан 12 сентябрга 34-батальон танкларининг 2250-2950 километр масофани муваффақиятли босиб ўтишини таъминлади ва бунинг натижасида Руминиянинг Алба-Юлия шаҳри озод этилди. Бригаданинг мазкур юришида лейтенант Хайрутдин Асамутдинов взводи томонидан 44 танкнинг жанговар шайлиги таъминланди. У томонидан кўрсатилган мардлик ва жасорат бу сафар «II-чи даражали Ватан уруши» орденига лойиқ топилди.

Украина, Руминия, Венгрия, Югославия, Австрия, Германия ва Чехословакияни фашист босқинчиларидан озод этишда муносиб ҳиссасини қўшди. Ушбу шаҳарларни озод қилишдаги қаҳрамонликлари эвазига «Германия устидан қозонилган ғалаба учун», «Будапештни озод қилганлиги учун», «Венани озод қилганлиги учун», «Жанговар хизматлари учун» медаллари билан тақдирланди. Шунингдек, Пятихатки, Знаменка, Кировоград, Корсунь, Умань, Ясси, Хуши, Плоэшти, Бухарест, Бичке, Секешфехервар, Будапешт, Мор, Зирез, Веспрем, Залагерсег, Кестель, Варшар, Керменд, Сентготтард, Вена, Трайзен, Санкт-Пельтен каби шаҳарлар учун бўлган жангларда Олий қўмондонликнинг йигирмага яқин ташаккурномаси билан тақдирланди.

2-Украина фронти таркибида ҳаракат қилган 5-гвардиячи танк армияси, 18-танк корпуси, 110-танк бригадаси маршал Иван Конев қўмондонлигида Курск остонасидаги машҳур Прохоровка танклар тўқнашуви, Корсунь-Шевченко операцияси ҳамда Днепрь дарёсини кечиб ўтишда жуда муҳим ғалабаларга эришди. Фашистларнинг бир неча армиялардан ташкил топган «Жануб» гуруҳи айнан мана шу икки шаҳар учун бўлган жангларда бутунлай тор-мор этилди. Ўзбек офицери Хайрутдин Асамутдинов ўз таъмирлаш бўлинмаси билан танкларни тезкорлик билан жангавор шай ҳолатига келтириш ҳамда қўшиннинг муваффақиятини таъминлашда енгилмас жасорат ва матонат наъмуналари кўрсатди.

Душманга қарши аёвсиз жангларда лейтенант Асамутдинов ғалабага бўлган ишончи ва мардлиги билан ўзбек жангчисига хос бўлган иродани намойиш қилди. У фронтдан яқинларига юборган хат ва фотосуратлар ортига битилган дил сўзлар орқали фашист босқинчилари устидан албатта ғалаба қозонамиз дея қайта-қайта таъкидларди. Айниқса, укаси Зайниддинга жангавор топшириқлардан кейин тушган расмларини жўнатиб туришни канда қилмади. Аёвсиз жанглар билан ғалабани Берлинда кутиб олган ўзбек танкчиси урушдан кейин ҳам ҳирбий хизматни давом эттириб, 1947 йил йил жонажон Ўзбекистонга қайтиб келди.

Бир неча муддат Фрунзе (ҳозирги Яккасарой) тумани ёшлар ташкилотида иккинчи котиб бўлиб ишлаган қаҳрамонимз кейинчалик хавфсизлик хизмати мактаби ва Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)да таҳсил олди. Фронтда орттирган тажрибаси, тезкор ва ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиши туфайли давлат хавфсизлик қўмитасида турли раҳбарлик лавозимларида ишлади. Ўзбекистон фуқаро авиацияси контразведкавий таъминлаш бўлими тезкор ходими, ДХҚ Фарғона, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари бошқармаларида турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Хавфсизлик хизмати соҳасида ўттиз йилдан ортиқ самарали меҳнат қилган полковник Хайрутдин Асамутдинов «I-чи ва II-чи даражали бенуқсон хизматлари учун» ва бошқа бир қатор медаллар билан мукофотланди.

Уруш йилларида НКВД ходими сифатида фронт ортида самарали меҳнат қилган сержант Мавжуда Тожирова билан турмуш қурган Хайрутдин Асамутдинов икки ўғлини ҳам худди ўзи каби олий маълумотли ҳуқуқ-тарғибот ходими қилиб тарбиялади. Катта фарзанди Алишер Асамутдинов турли давлат ташкилотларида юртимизга муносиб хизмат қилган бўлса, кичик ўғли Муҳитдин Асамутдинов отаси изидан бориб, давлат хавфсизлик қўмитаси ходими сифатида фаолият кўрсатди. Неварси Азиз Асамутдинов ҳам оилавий анъанани давом эттирган ҳолда ҳарбий соҳада эл-юрт осойишталигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Мамлакатимиз хавфсизлик хизматида Асамутдиновлар сулоласида ўзига хос мактабни яратган Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонининг ҳаёт йўли бугунги авлод вакилларини Ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муносиб ўрин тутади.

Асрор РЎЗИБОЕВ,

“Ватанпарвар” газетаси мухбири

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here