Ғиждувонда юз берган воқеа:  Тракторчига йўлиққан жодугар

1

Қўшни қишлоқда қарғиш теккан бир дала бор. У анчадан буён экин экилмаганидан ниҳоятда хароб аҳволда. Ҳар доим ўша ердан ўтсам, негадир оғирлашиб кетаётгандай бўлавераман. Нафасим бўғилиб бораётгандай туйилади, лекин қандайдир сирли куч мени ўша жойга қарашга мажбур қилади. Ғалати товушлар орасида ўз исмимни эшитиб қоламан. Олисдан бу кимсасиз даланинг ўртасида ташландиқ тракторга ва эски қабр тошига ўхшаш бир тошга кўзингиз тушади. Бир куни холамдан бу далани нега одамлар хосиятсиз деб аташлари ҳақида сўрадим. Холам бошида бу ҳақда умуман оғиз очишни истамади. Мен ҳоли-жонига қўймадим. Ниҳоят, у сирли ҳикоясини бошлади.

— Бу воқеага ўттиз йил бўлган, болам. Мен у пайтда ақлини энди таниган қизалоқ эдим. Назира кампирни биласан, қишлоғимиз этагидаги кулбада ёлғиз яшайди. Болалари улғайиб, шаҳарга ўқишга кетишди-ю, лекин қишлоққа қайтишмади. Тўғри, фарзандлари онасини бир неча бор шаҳарга кўчириб кетмоқчи бўлишди, бироқ у унамади. Назира момо умр йўлдоши ўз қўллари билан бунёд этган кулбани асло тарк этгиси келмайди. Бечорагина, эри сирли равишда қандай бадар кетган бўлса, бир кун шундай сирли равишда қайтишига умид қилади. У ёш эди. Гўзал эди. Қадди-қомати келишган эди. Бироқ қариди. Чиройи қайтди. Қадди букилди. Шу йиллар ичида унинг фақат сабри ўзгармади. У ҳамон эрини кутади, бир кун пайдо бўлишига ишонади. Бу аёлнинг умр йўлдоши Алимардон ака ўша хосиятсиз даланинг ўртасидаги эски тракторни ҳайдарди. Кўнгли очиқ, меҳнаткаш, ниҳоятда хушчақчақ одам эди. Бир қарич боланинг ҳам кўнглини топиб, гурунглашиб кетарди. Ҳаво исиши билан даладан бери келмайдиган Алимардон акага барча далалар қатори шу хосиятсиз ерни ҳам ҳайдаш топширилганди. Назира кампир ўша куни ҳар доимгидай умр йўлдошини далага жилмайиб кузатиб қолди. Бироқ Алимардон аканинг чеҳраси сира очилмади. Негадир далага оёғи тортмаган жойга бораётгандай истар-истамас йўл олди. Ҳамма далаларни шудгор қилиб бўлгач, охирида ўша далага ўтибди. Ишни бошлаш олдидан бир пиёла чой ичиш мақсадида трактордан тушиб, сўрига яқинлашганида бир кампирга кўзи тушибди. Илгари уни бу ерда учратмаганлиги учун нотаниш инсоннинг чеҳрасига синчиклаб разм солибди-ю, бироқ «танимадим» деб айтишга юзи чидамабди. Қари аёл тракторчига бир пиёла чой узатаркан:

— Кўнглингга ҳеч нарсани келтирмай ишлайвер, болам, фақат эҳтиёт бўл. Дала ўртасидаги тошга зиён етказма. Бу бир вақтлар шу ерларнинг эгаси бўлган давлатманднинг яккаю ягона қизи, жодугарнинг қабридир. Агар у озод бўлса, руҳингни олиб кетади, — дебди.

Алимардон ака унга энди миннатдорчилик билдираман деганда, кампир қаёққадир ғойиб бўлибди. У содир бўлган воқеа олдида ҳайратланиб, бир муддат нима қилишини билмай серрайиб турибди-да, сўнг трактори томонга йўл олибди. Даланинг ярмини шудгор қилиб, қисқа муддат ичра кўзларини ғафлат босганини сезмай қолибди ва трактори тошга келиб урилибди. Даҳшатли овоздан чўчиб тушган Алимардон ака югуриб, тракторидан тушибди-ю, жойидан қўзғалган тошга анграйиб тикилиб қолибди. У кампирнинг гапларини эслаб, ўзича тошни тўғрилаб қўймоқчи бўлиб эгилибди. Шу пайт ортидан қандайдир шарпа яқинлашганини сезибди. Алимардон ака секин орқасига қайрилиб,  совуқ нигоҳ билан қараб турган чиройли қизни кўрибди.

— Тинчимни буздинг, энди сени гўрга тиқаман, — дебди қиз ва даҳшатли тарзда кулиб юборибди.

Жодугар қиз бир дақиқанинг ўзида афти буришган, серажин қари кампирга айланибди. Алимардон ака умрида бундай хунук кампирни кўрмагани учун ниҳоятда қўрқиб кетибди. Шу сабаб у ортига қарамай қочибди.

— Тўхта, қочиб қаёққа ҳам борардинг, ўзинг ёнимга қайтиб келасан-ку, — дебди кампир даҳшатли тарзда бақириб.

Алимардон ака ўша кун бир аҳволда уйининг остонасида пайдо бўлибди. Ичкарига кириши билан сув сўраб, хотинига кўрган-кечирганларини сўзлаб берибди. Рафиқаси унга қандай таскин беришни билмай:

— Бироз дамингизни олинг, мен эса Даврон муллани айтиб келаман, сизни ўқиб қўйсин. Кўрмагандай бўлиб кетасиз, — дебди.

— Йўқ, хотин, илтимос сендан, ҳеч қаерга кетма, мени ёлғиз қолдирма, — деб ялиниб-ёлворибди Алимардон ака.

Хотини уни тинчлантириб, барибир, муллани олиб келгани жўнабди. Уйга қайтиб келганида эса эри ётган кўрпача устида бир сиқим тупроқдан бошқа ҳеч нарса тополмабди. Алимардон ака ерга кирдими ё осмонга чиқдими, хуллас, ғойиб бўлибди. Хотини бўлса ўша кун уйдан чиқиб кетгани учун ҳалигача ўзини кечиролмайди, бироқ бир кун эри қайтиб келишига ишониб, эшик тиқ этса, остонага мўлтирайди. Умр йўлдошининг қайтишига ишонади-да, шўрлик…

ШАҲНОЗ

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

loading...

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here