РАҚҚОСА… (19-қисм. Охири)

0

 

 

* * *

 

Эртаси кунигача негадир Аброрнинг сўнгги қараши кўнглини безовта қилиб ўтаверди. Манзурага унинг хушомадгўйларча қараши сира ёқинқирамаганди.

«Ўзи эркакларнинг ҳаммасиям бир гўр экан, — ўйларди у Мурод ваъда қилган тўйга астойдил ҳозирлик кўраркан. — Фақат акамдан бошқаси. Ботириям, Аброриям ғирт хушомадгўй ва номард. Унақалардан ҳеч қачон қиз бола яхшилик кўрмайди. «Ишим битгунча, эшагим лойдан ўтгунча» қабилида иш тутишади. Ҳа, майли, менга нима? Ўзларига қийин. Ҳали худойим хоҳласа, ўша номард Ботир ҳам жазосини олади. Мени қақшатяптими, худо жазосиз қўймайди…»

Манзура ўзини мажбурлаб миясидаги Аброр ва Ботирга тегишли хаёлларни бир четга ҳайдади-да, Рўзихон опасини кўз олдига келтирди.

Ҳа, у ҳақиқий ўзбек аёлининг тимсоли экан. Шунақа одоб билан кийинаркан, маданият билан гаплашарканки, санъаткор халқи Рўзихон опадан ўзбекча маданиятни ўрганса арзийди. Манзуранинг эса елкасига бахт қуши қўнди. Бошидан қанча мушкулотларни, оғир кунларни, аламларни ўтказмасин, акаси ва опасини кўз олдига келтиргани ҳамоно барча ғуборлари тарқайди-кетади.

Илойим акасиям, опасиям жуда-жуда узоқ яшашсин! Шунда Манзуранинг қалбида армони бўлмайди. Бирини отам ҳам акам, бирини эса онам ҳам опам дейди. Уларга суянади. Улар билан фахрланиб, ғурурланиб яшайди. Қишлоққа насибаси қўшиб, акаси айтганидек катта ҳофиза бўлиб борганда ҳам, ашула бошлашдан олдин акаси ва опасини Работқишлоқликларга таништиради. Янгитдан, атайлабдан таништиради. Токи, Бозоргул аммасига ўхшаган ваҳшийларнинг тили калимага келмай қолсин. Куйсин-у, кул бўлсин! Эҳ, қанийди ўша кунлар кела қолса тезроқ!..

Вақт ҳам аста-секин асрга яқинлаша бошлаганди. Манзура деярли тайёр бўлди. Акаси «кетдик деса бас, сумкачасини қўлига олади-ю, ташқарига чопади…

Шу тобда ташқари эшик оҳиста тақиллади. Мурод бўлса, бу тахлит секин тақиллатмасди. Демак, бошқа биров келган.

«Ҳа-а, — кўнглидан кечирди Манзура. — Анави Аброр бўлса керак. Акам учинчи қаватга чиқишга эриниб уни зипиллатган шекилли…»

Манзура истамайгина бориб эшикни очди.

Ҳақиқатан, Аброр экан.

Лекин йигитнинг ранги пахтадек оқариб кетган, қўлларидан тортиб, тиззаларигача дағ-дағ титрарди.

Манзуранинг кўнгли дарров ғаш тортди.

У бирор кор-ҳол бўлганини олдиндан сезиб, бир муддат сўзлашга ўзида куч топа олмай турди.

Аброр эса шу аҳволда Манзуранинг таклифини ҳам кутиб ўтирмай, ичкарига кирди.

Ҳозир қўрқишга ўрин йўқ эди.

Манзуранинг икки хаёли нималар бўлганини тахминлаш билан банд эди.

— Нима бўлди? Тинчликми? — ниҳоят сўрашга журъат этди Манзура. — Акам қани?..

Аброр нимадир демоққа шайланди, тараддудланди. Бироқ у ҳам дарров гапириб юборадиган аҳволда эмасди.

— Гапирсангиз-чи, акам қани? — энди баландроқ овозда сўради Манзура. — Пастдами? Нима бўлди ўзи? Худойим-эй, намунча чайналасиз? Гапирсангиз-чи мундоқ!..

— Акангиз йўқ, — деди Аброр ер чизиб. — Мурод ака… Аварияга учрабди!..

— Нима? Авария? Қ-қанақасига аварияга учрайди? Қачон?

— Сизни олиш учун келаётганда, чапдаги кўчадан «Камаз» катта тезликда чиқиб, Мурод аканинг машинасини янчиб ўтиб кетибди…

Бу гаплар гўё Манзуранинг қулоғига кирмасди. Бир муддат каловланиб, гарангсиб турди-да, Аброрни ташқарига тортқилай бошлади.

— Юринг, мени акамнинг олдига оборинг! Юринг!

— Албатта, — деди Аброр эҳтиёткорлик билан Манзуранинг елкасидан тутиб. — Фақат шовқин кўтарманг, илтимос! Бу ҳам энди…

— Бас! — дея Аброрга нафрат аралаш боқди Манзура. — Мени акамнинг олдига оборинг! У ўлмаган! Ўлмаган менинг акам, ўлмаган!!!

Аброр касалхона ичкарисига машинани олиб кирди-да, рулни орқа тарафга бурди.

Касалхона орқасида ўликхона бор эди.

Манзура ҳеч нарсага, ҳеч кимга қарамасдан, тўғри ўликхонага яқин бориб, эшикни куч билан тақиллата бошлади. Зум ўтмай, эшик очилиб, қаршисида оқ халат кийган баланд бўйли, қориндор, ранги захил ва совуққон эркак ҳозир бўлди.

— Нега шовқин кўтарасан, қизим? — сўради у бир Аброрга, бир Манзурага назар ташлаб. — Бу ер катта холангни уйими?

— Қочинг йўлимдан, — бақирди Манзура. — Акамни кўришим керак, акамни!..

Аброр ўзини анча идора этиб тургани боис секин врачга яқин борди-да, ётиғи билан тушунтирди.

— Ока, бугун соат кечки учларда Мурод Холиқов деган одамни опкелишувди. Аварияга учраган…

— Шунақа демайсанларми? Ҳай, қиз, ичкарига киргандан кейин бақир-чақир қиладиган бўлсанг, ташқарига ирғитвораман, билдингми? Жим кириб, жим чиқасан!

— Менга ақл ўргатманг, — деди Манзура кўз ёшларини тия олмай. — Одаммисиз ё маҳлуқдан тарқаганмисиз? Одамлар яқинини йўқотиб адо бўляпти-ю, гапирган гапингизни қаранг!..

Врач индамади. Уларга йўл бўшатди ва ортларидан ўзи ҳам ичкарига йўл олди…

 

* * *

 

Ўликхонадаги кенг, темир стол устига мурда ётқизиб қўйилганди. Фақат рақам илинган оёқларининг бир четигина кўриниб турарди. Агар бошқа вақт бўлса, Манзура ҳаётда бу жойларга кирмаган бўларди. Лекин ҳозирги аҳволида бу ўликхона эканини ҳам идрок эта олмасди.

Врач аста мурданинг юзини очди.

Манзура унга яқин бориб, кутилмаганда бақириб юбормаслик учун бўлса керак, лабларини қаттиқ тишлади-ю, бир қадам ортга тисланди. Сўнгра бир врачга, бир Аброрга жавдираб, беихтиёр мурданинг бош қисмини қучоқлаб олди.

— Ака-а-а-а!!!

Шу тобда ҳеч қандай куч уни тўхтата олмасди. Манзура гўё телба қиёфасига кирганди.

Худди акасини ҳозир анави врач музлаткичга солиб қўядигандек, бўйнидан маҳкам қучоқлаганча, йиғларди. Врач Аброрнинг кўмагида Манзурани нари тортмоқчи бўларди-ю, сира илож топа олмасди.

— Ака, нега мени ташлаб кетдингиз? — Манзура ҳарқалай бақиришдан тийилди. Шивирлаб мурданинг юзларини телбаларча силай бошлади. — Ахир… Сизни энди топгандим-ку, ака! Энди нима қиламан? Энди бу дунёда сизсиз қандай яшайман? Кимга суянаман? Ким мени сингилжоним деб эркалайди, ака? Шунчалик шафқатсизмидингиз? Мениям олиб кетсангиз бўларди-ку!..

Ҳа, Манзура учун бугунги кун дўзах азобидан-да, баттарроқ кечаётганди. Кўзлари гўё ёруғ дунёни кўрмасди, қулоқлари кар, қалби илгаригидек қайнаб турмаётганди. Муроднинг мурдаси ётқизилган алоҳида машинада кетиб борарди-ю, йиғлашдан тийила олмасди.

Қаршисидаги қовоқларини уйганча ҳадеганда уф тортиб қўяётган Аброрга ҳар алам аралаш қараганда, қаттиқроқ йиғлай бошларди.

«Қандай қилиб менинг акам аварияга учраши мумкин? — ўзига ўзи савол беришдан тўхтамасди Манзура. — Энди-энди бир-биримизга меҳр қўйганда, етимликда ўтган болалигимни унута бошлаганимда, нега акамни тортиб олдинг, худойим? Менда, акамда нима қасдинг бор эди? Акам яшаса бўлмасмиди? Ахир, у жўжабирдай жон эди-ку! Болалари етим бўлиб қолади-ку! Менинг жонимни олсанг бўлмасмиди? Энди нима қиламан? Қай деворга бош ураман? Кимга ишонаман?.. Йўқ, акамни қасддан ўлдиришган? Ҳа, атайлаб уюштиришган?..»

— Аброр, — дафъатан йиғлашдан тўхтаб сўз қотди Манзура. — Боя уйда «Камаз» чиқворди деганмидингиз?

— Ҳа, шундай бўлди? Биласизми, ҳатто кайфи тарақ одам ҳам бунақасига катта тезликда йўлга чиқмайди. Шундан кейин биз шубҳаланиб қолдик. Хавотир олманг, маросимлар ўтсин, адвокат олиб, бу ишни бошқатдан текширтирамиз. Ишонинг, айбдор албатта жазосини олади.

— Яхши, — деди Манзура бироз тинчланган бўлиб. — Айтганча, опамга хабар бердиларингизми?

— Рўзихон опагами?

— Ҳа, менинг ўнта опам йўқ-ку!

— Афсуски, ҳа, хабар бердик. Тасаввур қиламан, ҳозир кеннойи қай аҳволга тушиб ўтирган экан. Эссиз, Мурод акам ёш кетди. Болалари ёш қолиб кетди. Худо раҳмат қилсин акамизни!

Муроднинг уйи нақ қиёматни эслатарди. Аллақачон тахтадан ясалган узун ўриндиқларни қўйиб, устига кўрпачалар тўшашибди. Нарида — дарвозага яқинроқ ерда эса маҳалладагилар, қавм-қариндошлар эгнига баронас тўн кийиб, белларига шойи қийиқларни бойлаганча қўл қовуштириб туришарди.

Муроднинг жасадини олиб келган машинага кўзлари тушди-ю, дарвозага яқин турганларнинг ярми машинага, ярми ичкарига чопди.

Аброр, Муроднинг таниш-билиш, ошна-оғайнилари кўплашиб, мурда ётқизилган замбилни ҳовлига олиб кириб кета бошлашди. Қишлоқ кўчаси тоға-жиянлар, узоқ-яқин қондошларнинг дод-войига тўлди.

Манзура ҳам замбилнинг ён томонида бир қўлини Муроднинг жасади устига қўйганча қон йиғлаб борарди.

Ниҳоят замбилни ҳовлининг нариги четидаги уйга олиб кирадиган бўлишди.

Кимдир Манзурани тўхтатиб қолди. Зум ўтмай эса, қаршисида Рўзихон пайдо бўлди.

У тош қотган кўйи Манзурага алам билан тикилиб турарди.

Манзура аввалига нима қилишни билмай турди-да, беихтиёр Рўзихонни қучишга тутинди.

Бироқ кутилмаган ҳодиса юз берди.

Рўзихон илкис ўзини орқага олди.

— Йўқол кўзимдан шумқадам, саёқ! — ҳовлини бошига кўтариб бақира бошлади Рўзихон. — Сени деб ўлди эрим! Сен ўлдирдинг эримни, сен! Ҳозир сени…

У айлана-айлана, сал нарида човгум турганини кўриб қолди ва шаҳд билан уни қўлига олиб Манзурага яқинлаша бошлади.

— Ҳозир сениям ўлдираман! Ўласан! Миянгни ёриб ўлдираман! Йўқо-о-ол!!!

Ҳарқалай, атрофдагиларнинг бири Рўзихонни нари олиб кетди, бошқаси Манзурани кўча тарафга етаклади.

— Синглим, хафа бўлманг, опангиз куйикда турибди, — деди қўшни эркак. — Юринг, бугунча бизникида ётиб тура қолинг! Эрталабгача сал ўзига кеп қолар опангиз. Юра қолинг?

Манзура ҳам ҳовлини тарк этишдан бўлак чора йўқлигини англаб етганди.

Қаршиликларсиз қўшни эркакнинг ортидан эргашди.

 

* * *

 

Эртаси кунга қадар нима бўлса бўлди. Манзура тун бўйи йиғлаб чиқди. Рўзихон опани тушунишга ҳаракат қиларди, аммо гуноҳи йўқлигини била туриб ҳақорат қилиши аламига алам қўшарди.

Эрталаб бир кўнгли аста Муроднинг уйига киргиси ҳам келди. Бироқ оёғи тортмади. Тағин Рўзихон талаб қоладигандек туйилиб, ўзини тийди.

Соат кундузги ўн бирларга яқин хона эшиги аввал оҳиста тақиллади ва очилиб ичкарига Рўзихон кирди.

Манзура азбаройи қўрқиб кетганидан даст ўрнидан турди-да, бурчакка қисилишга тутинди.

— Қўрқма, сингилжоним, қўрқма, — кўзлари йиғидан қизариб кетган Рўзихон эҳтиёткорлик билан Манзурага яқинлашди. — Кечир мен аҳмоқни! Кеча дилингни оғритиб қўйдим, кечир! Агар кечирмасанг, ўзимни бир нима қип қўяман, синглим, кечи-ир!

— Мен сиздан хафа эмасман, опа, — йиғлаб Рўзихоннинг елкасига бош қўйди Манзура. — Одам ёлғизгина опасиданам хафа бўларканми? Ҳечам-да!..

— Оҳ, ўзимнинг соҳибжамол сингли-им, — дея Манзуранинг икки юзини кафтлари орасига олди Рўзихон. — Эринг уйдан ўйнаб-кулиб чиқиб кетса-ю, эртасига ўлигини опкелишса, алам қиларкан-да!..

— Қўйинг, йиғламанг, опа, — деди Манзура. — Қийналиб кетяпман менам! Акажоним менинг касримга қолди, ҳа! Бунинг учун ўзимни бир умр қарғаб ўтаман. Худо ўзимнинг жонимни олса нима қиларди? Жиянларимни сағир қип қўймаса нима қиларди?..

— Майли, кел, ўтирайлик, — деди Рўзихон ва Манзурани кўрпачага ўтқазиб, қайтадан бағрига олди. — Сен ундай деб ўзингни хароб қилмагин! Худойимнинг хоҳиши-да! Бандаларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаскан. Буёғига ўқишингни ўқигин, сира дарс қолдирмагин! Менам сенинг ёнингга кўчиб бораман. Ўзим сени ўқитаман, катта ҳофиза қиламан.

— Менга энди ўқишнинг умуман қизиғи қолмади, — деди Манзура хўрсиниб. — Акамсиз ўша ўқишлари татирмиди?

— Э, йў-ўқ, сен ўқишни давом эттирасан. Аканг уёқдан туриб бизни кузатади. Сен ўқишни ташласанг, руҳи безовта бўлади-ку!

— Тўғри айтасиз, опа, — деди Манзура. — Бунисини ўйламабман.

— Энди юр, ҳадемай, маҳалланинг хотинлари келади. Сен ёнимда турасан!

 

* * *

 

… Орадан беш йил вақт ўтди. Рўзихон ўзи ваъда берганидек, Манзурани ташлаб қўймади. Тошкентга кўчиб бориб ўзи Манзурага кўз-қулоқ бўлди. Мурод эсларига тушганда, биргалашиб йиғлашди, бир-бирларини юпатишди. Жуда бўлмаса, биргаликда қишлоққа жўнаб Муроднинг қабрини зиёрат қилишди. Ишқилиб, Манзура Рўзихоннинг бағрида камлик кўрмади, ҳар Рўзихон «синглим-синглим» қилиб эркалаганда, бир қопдан семирди.

Аброр ҳам бир сўзли йигит экан. Муроднинг кушандасини топди. У тахмин қилишганидек, Ботир бўлиб чиқди…

Афсуски, Муродга бўлган меҳрми, эътиборми ё чексиз ҳурматми, Аброр Ботирга давлат жазо беришигача чидаб тура олмади. Уч оғайниси билан бирга Ботирни Жиззах чўлига олиб кетди-ю, ростакамига ўч олди.

Ўлдиришмади. Ботирнинг умуртқасини пачоқлаб ташлашган экан. У ногирон бўлиб қолди. Аравачадагина ҳаракатлана оладиган аҳволга тушиб қолди…

Бировга кераксиз бўлди…

 

* * *

 

Фақат… Аброрнинг қамалиб кетгани Манзурага ҳам, Рўзихон опагаям алам қилди. Аммо на илож. Суд, милиция, прокуратура фақат қонунга суянади. Қонун эса ошна-оғайни, таниш-билишни тан олмайди…

Манзура ҳам акасининг орзусини ҳақиқатга айлантирди.

Машҳур ҳофиза бўлди.

Рўзихон эса эри раҳматлининг касбини давом эттириб, ёлғиз синглисининг продюсерига айланди.

Ажойиб кунларнинг бирида Рўзихоннинг қистови билан Работқишлоққа борди.

Озодбой пахтачи кенжа ўғлини уйлантираётган экан.

Рўзихон ўша тўйни олганди.

Работқишлоқ тўйидаги саҳнага чиққани ҳамоно, меҳмон-у, мезбонлар тик турган ҳолда Манзурани олқишлашди. Олқишлашлар чамаси беш дақиқача давом этди-ёв!..

Кейин эса Озодбой пахтачи микрофонни қўлига олиб ашула бошлашдан олдин бир марта «Тановар»га рақс тушиб беришини сўради.

Меҳмонлар, мезбонлар янада қаттиқроқ қарсак чалиб Манзурани олқишлашди.

У эса бир неча дақиқага ичкари уйлардан бирига кириб кийимини раққосалар кийимига алмаштирди-да, худди ўша илк тўйга чиққандаги каби рақс бошлашдан олдин ҳаммага бир-бир салом қилди…

Бўй йигитлар бу саломни кўриб азбаройи жўшиб кетишганидан ҳуштак чалишдан тийила олишмади. Қиз-жувонлар астойдил қарсак чалиб Манзурани рақсга ундай бошлашди.

Қариялар эса Озодбой пахтачи ҳамроҳлигида Манзурани дуо қилишди.

Шундан кейингина Манзура рақсни бошлади.

Илк кунлардагидек эшилиб-эшилиб, куйиб-куйиб ҳақиқий рақс санъатини қишлоқдошларга ҳавола этди.

Ўртадан чиқиб кетаётганда, эркаклар ўтирган столларнинг бир бурчагида Ботирни кўриб қолди. У ногиронлар аравачасида ўтирганча, Манзурадан кўз узмас, кўзларидан дув-дув ёш оқарди.

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here