МИБ: Алимент пуллари ундирилмоқда, акси бўлганда эса…

0

Маълумки, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш – Бюро органлари зиммасига юклатилган асосий вазифалардан биридир.
Бюронинг туман бўлимлари томонидан вояга етмаган фарзандлар таъминоти учун алимент пуллари ўз вақтида, ҳаттоки муддатидан олдин ҳам ундирилиши билан бираликда тўлашдан бош тортиб келаётган қарздор оталарга нисбатан жавобгарлик чоралари ҳам қўлланилиб келинмоқда.
Хусусан, Бюронинг Зафаробод туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 02.03.2015 йилдаги қарздор Р.Уришевдан ундирувчи Г.Умарова фойдасига икки нафар фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, давлат ижрочиси томонидан жорий йилнинг май ойи ҳолатига кўра, 5 млн. 350 минг сўм алимент қарздорлик аниқланган ва қарздордан ушбу пул маблағлари тўлиқ ундирилиши таъминланди.
Шунингдек, Бюронинг Шароф Рашидов туман бўлими томонидан ҳам ижро ҳужжатига асосан қарздор О.Абдусаломовдан ундирувчи Н.Бўрибоева фойдасига бир нафар фарзанди таъминоти учун вояга етгунга қадар тўланиши лозим бўлган жами 10 млн. сўмлик алимент пуллари тўлиқ ундирилиши таъминланиб, мазкур ижро ҳужжати ижросининг тамомланишига эришилди.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 05.01.2019 йилдаги ижро ҳужжатига кўра, қарздор Д.Муродовдан ундирувчи Н.Муродова фойдасига икки нафар фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Бюронинг Шароф Рашидов туман бўлими давлат ижрочиси томонидан берилган огоҳлантиришларга қарамасдан, қарздор Д.Муродов алимент тўлашдан бўйин товлаб келганлиги оқибатида жорий йилнинг май ойи ҳолатига 9 млн. 994 минг сўм алимент қарздорлик аниқланди ҳамда Шароф Рашидов туман маъмурий судининг 13.05.2020 йилдаги қарорига асосан унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Бош Қомусимиз бўлмиш Конституцияда белгиланганидек, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here