БИЛАСИЗМИ?..

0

 

 

СУМОЧИЛАР ҚАНЧА ОВҚАТ ЕЙДИ?..

 

Бу савол жуда кўпчиликни қизиқтириши тайин. Япониянинг миллий спорт тури ҳисобланган сумо билан шуғулланадиганларнинг вазни камида 200-250 ва ундан юқори бўлади. Шу вазн билан сумочи майдонга чиқиб рақибини енгиши керак. Курашларда тўрт оёқда эмас, икки оёқда қаттиқ тура олиши зарур. Бу ишда унга албатта овқат ёрдам беради. Ҳарқалай, вазни 250 кило келадиган одам бир коса овқатга тўймаса керак. Тўғри эмасми?

Айтишларича, сумочи болаликдан бу қадар семиз бўлмас экан. Уларни кейинчалик мураббийлар шундай ҳолатга келтиришаркан.

Хуллас, сумочи тартибга кўра эрталаб 05: 00 да уйқудан туради. Нонушта тақиқланади. Олдин 5 соатлик машғулотларни ўташи лозим. Шундан кейингина овқатланишга рухсат берилади. Асосий овқати эса японча тянконабэ шўрваси. Бу таом гўштдан тортиб, денгиз маҳсулотлари, макарон, қўзиқорингача ўзида мужассам этган. Калорияси жуда кучли. Бундан ташқари, сумочилар кўп миқдорда гуруч еб, пиво ичади. Пиво уларнинг жони дили. Кун давомида ўнлаб литр пиволарни кўрдим дейишмайди. Конисики деган сумо бўйича спорт устаси ҳақида шундай гап юради. У бир кунда 120 бутилка пиво ичаркан.

Сумочиларда бир анъана бор. Мусобақалар арафасида ҳайвон гўштини эмас, аксинча товуқ гўштини ейишади. Айтишларига қараганда, улар рақиб билан кураш тушганда тўрт оёқда эмас, икки оёқда тетик ва маҳкам туришни хоҳлашаркан. Шу нарса ирими экан.

Яхшилаб овқатлангандан кейин сумочи ухлашга ётади. Кечқурун уйғонгач, яна битта машғулотни ўтайди. Кейин яна тянконабэ шўрвасини ичади. Бир сўз билан айтганда, сумочи бир кунда 8 минг калорияга тенг овқатни паққос туширади. Бу нарса то спортдан кетмагунга қадар давом этаверади.

Албатта, катта спортдан кетиш палласида сумочилар каттакон букетга жойланган хасталикларни орттириб олган бўлишади. Улар қандли диабет, гипертония, жигар ва бўғимлар хасталиги. Шу сабабли кўп сумочилар спортдан кетади-ю, фавқулодда парҳезга ўтиради. Бир неча йил ичида семизликдан асар ҳам қолмайди.

Дарвоқе, бу қадар семизлигига қараб сумочини жуда қўпол деб бўлмайди. Негаки, сумочига мусобақаларда нафақат оғир вазн, балки эгилувчанлик ва уддабуронлик ҳам керак. Шундай экан, сумочилар «шпагат», «мостик»ларни қийиб қўйишади. Ишонаверинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...