Экрандан ҳаётга кўчган севги учбурчаги: «Зита ва Гита» фильми қаҳрамонларининг тақдири қандай кечди?

0

«Зита ва Гита» фильми 1976 йилда экран юзини кўрди ва бутун дунёдаги ҳинд фильмлари ишқибозларининг меҳрини қозонди. Картинада болалигида ажратилган эгизак опа-сингиллар Гита ва Зита ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Дастлаб Зита ва Гита образини яратиш Болливуднинг ўша вақтдаги энг машҳур актрисаси Мумтозга таклиф қилинган. Бироқ актриса кам гонорар туфайли фильмда роль ижро этишни рад қилган. Шундан сўнг бу роль Хема Малинига насиб қилган.

Daryo.uz мухбири машҳур фильм бошқа қаҳрамонларини гавдалантирган актриса ва актёрларнинг ҳаёти қандай кечгани ҳақида сўз юритилган мақола тайёрлади. Қуйида ушбу мақола билан танишишингиз мумкин.

Хема Малини (Зита ва Гита)

Хеманинг актрисалик карьераси 1965 йилда бошланган. У ўша пайтда 17 ёшда эди. У бадавлат тамил оиласида дунёга келган. Хеманинг онаси кинопродюсер эди. Актриса кичкиналигидан рақс билан профессионал даражада шуғулланган.

Хема «Зита ва Гита» фильмида суратга тушаётган пайтда унаштирилган эди. Бироқ ўзидан 13 ёш катта, оилали Дҳармендра билан танишув унинг ҳаётини остин-устун қилиб юборди. Экрандаги муҳаббат ҳаётга кўчиб, улар бир-бирини севиб қолади. Шундан сўнг Дҳармендра хотини билан ажрашиб, Хемага уйланган. Уларнинг икки қизи бор.

Ҳозир Хема Малини 71 ёшда. У продюсерлик ва режиссёрлик билан шуғулланади. Актриса, шунингдек, маълум муддат сиёсий фаолият юритган. Унинг «Hema Malini creations» компанияси ҳам бор.

Дҳармендра (Рака)

Дҳармендра қаттиққўл, эскича қарашларга эга сикҳлар оиласида дунёга келган. У отасининг тақиқи сабаб еттинчи синфгача умуман кино ҳам кўрмаган. У актёрлик фаолиятини «кинога бўлган чексиз муҳаббат» деб атайди.

«Зита ва Гита» фильмида актёр кўча боласи — Ракани гавдалантирган.

У биринчи марта 19 ёшида Пракаш Каур исмли қизга уйланган. Улар тўрт нафар фарзанд кўрган. Бироқ бу унга Хема Малинига кўнгил қўйишига тўсиқ бўла олмади.

Уларни ёшлар орасидаги катта фарқ ва турли диний йўналишларга мансублиги ҳам тўхтата олмади.

Хеманинг ота-онаси бу никоҳга қарши эди, улар актрисанинг отаси вафотидан сўнг турмуш қурган.

Ҳозир актёр 84 ёшда. У 2000 йил бошида Ҳиндистон парламенти қуйи палатасининг миллий партиясини бошқарган. Дҳармендра Падма Бхушан давлат мукофоти совриндори, муваффақиятли актёр, продюсер ва сиёсатчи ҳисобланади.

Санжив Кумар (Рави)

Фильмда Рави ролини ижро этган актёр Санжив Кумар болалигидан актёр бўлишни орзу қилган. У дастлаб Мумбайдаги хаваскорлар театри, сўнгра актёрлик мактабини битирган. Уни «Ўйинчоқ» фильми томошабинларга танитган. «Зита ва Гита» эса уни жаҳонга машҳур қилди.

Санжив Кумар Хема Малинига ошиқ бўлган ва фильм суратга олиниши бошланишидан аввал унга совчи қўйган эди. Хеманинг ота-онасига йигит манзур бўлган, улар ёшларнинг тўйларига розилик берган эди. Бироқ «Зита ва Гита» суратга олиш жараёнлари вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди. Хема ўзига умр йўлдош сифатида Санживни эмас, Дҳармендрани танлади.

Санжив умрининг охиригача Хемани унута олмади. У маълум муддат актриса Сулакшана Пандит билан яқин муносабатда бўлган. Бир куни актриса ундан ўзига уйланишни сўраган. Актёр эса йиғлаб юборган ва ўрталарида ҳар доим бошқа аёл бўлишини айтган.

Санжив Кумар 1985 йилда 47 ёшида инфарктга чалиниб, оламдан ўтган.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here