Гулнора Каримова билан ишлаган яна бир тадбиркор кичик Каримовнинг мулк даъвосига муносабат билдирди

0

Гулнора Каримова номи кўп йиллар давомида бойлик ва ҳашамат атамалари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тушунилиб келди. У аралашмаган бирор йирик соҳа, йўналиш йўқ эди. Ўша йиллари гарчи бу расман тан олинмаган бўлса-да, кейинчалик бошланган тергов, суд жараёнида кўп маълумотлар ошкор бўлди. Терговда ва судда Гулнора Каримованинг ўзи кўп айбловларни рад этган, тан олмаган. Аммо унинг ўғли, айни пайтда Лондонда истиқомат қилувчи кичик Ислом Каримовнинг президентга йўллаган мактуби кутилмаган маълумотларни очиб юборди. ВВС сайтининг ўзбекча талқинида эълон қилинган очиқ хатда Ислом Каримов онасининг Ўзбекистон ҳудудида жуда катта миқдорда бойлик, мол-мулкка эга бўлганини билдирган.

Мазкур очиқ хат туфайли олиб борилган суриштирувнинг аввалги қисмларида Гулнора Каримованинг «Кока кола», «Қувасой цемент» каби йирик корхоналардаги фаолияти, «Корзинка» савдо марказлари тармоғига қай даражада алоқадорлигига тўхталинганди.

Учинчи қисмда мактубда тилга олинган, Ўзбекистонда расмий дистрибуцияга эга бўлган Levi’s, Benetton, Quicksilver, Mango ва бошқа брендлар дўконлари тармоғи ва соғломлаштириш марказлари бўйича саволларга ойдинлик киритилади, деб ёзмоқда kun.uz.

Жаҳонгир Аҳмедов: «Барча савдо тармоқларини бу можаролар бошлангунга қадар расман сотиб олгандим»

Навбатдаги суҳбатдош Levi’s, Benetton, Quicksilver, Mango ва бошқа брендлар дўконлари тармоғи ва соғломлаштириш маркази соҳиби, тадбиркор Жаҳонгир Аҳмедов бўлди.

– Жаҳонгир ака, Гулнора Каримова билан биргаликда бирор иш қилганмисиз, шахсан таниш бўлганмисиз?

– Мен кўп йиллардан бери бизнес билан шуғулланаман ва кўпчилик билан ҳамкорлик қилганман. Тахминан 2008 йилдан бошлаб Гулнора Каримовага тегишли савдо майдонларининг ижарачиси бўлганман ва ўша майдонларда ҳам савдо юритганман. Лекин Гулнора Каримованинг ўзи билан шахсан таниш бўлмаганман.

– Хабарингиз бор, кичик Ислом Каримов Ўзбекистонда расмий дистрибуцияга эга бўлган Levi’s, Benetton, Quicksilver, Mango ва бошқа брендлар дўконлари тармоғи онаси Гулнора Каримовага тегишли бўлганини билдирган. Бу маълумотлар қанчалик асосли?

– Бу борада бироз аниқлик киритмоқчиман. 2014 йилгача «Takitina LTD» компанияси Levi’s, Mango, United Colors of Benetton савдо маркалари франшизалари эгаси бўлган. Ўз навбатида 2013 йилгача «Takitina LTD» Гулнора Каримовага алоқадор шахсларга тегишли бўлган.

2013 йилнинг августида мен «Takitina LTD» компаниясини сотиб олганман. Ушбу битим Гулнора Каримовага тегишли компанияларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгунига қадар амалга оширилган.

Шунингдек, «Fitness and spa» соғломлаштириш маркази 2005 йилда ташкил этилган. 2013 йилда «Konstant investments» компанияси «Fitness and spa» МЧЖнинг ягона таъсисчиси бўлган.

2013 йилда «Fitness and spa» МЧЖ устав фондининг 100 фоизлик улушини «Konstant investments» компаниясидан сотиб олганман.

Ўз-ўзидан аён бўладики, Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда фаолият юритувчи юқоридаги брендлар расмий тармоғи ёки тилга олинган соғломлаштириш маркази билан алоқаси расман узилган бўлган ва у ёки ўғлининг бундай даъволар қилишга бирор ҳуқуқий асоси қолмаган.

– Ўша йиллари бу йирик дўконлар маълум муддат ёпилишига нима сабаб бўлганди?

– Юқорида айтиб ўтилганидек, 2013 йилга қадар «Takitina LTD» компанияси Гулнора Каримовага алоқадор шахсларга тегишли бўлган. 2014 йилда Гулнора Каримова ва унинг яқинларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани туфайли бизнинг дўконлар ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари текшируви доирасига тушди. Текширув ўтказиш жараёнида биз Levi’s, Mango, United Colors of Benetton дўконларини вақтинчалик ёпишга мажбур бўлдик. Текширув якунлангач, барча дўконлар фаолияти қайта тикланди.

– Умуман, Levi’s, Benetton, Quicksilver, Mango каби брендларнинг Ўзбекистондаги иш тартиби қандай? Сизлар фақат бренддан фойдаланиб ўзларингиз маҳсулот олиб келиб сотасизларми ёки дилерлик усули қўлланадими?

– Биз кўплаб машҳур брендлар, жумладан, Levi’s, Mango, United Colors of Benetton каби брендларнинг мамлакатдаги расмий дистрибьюторимиз ва кўп йиллардан буён фаолият юритиб келмоқдамиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

(Kun.uz)

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here