Навоийда ҳамкасбининг эҳтиётсизлиги туфайли электрик юк машиналари орасида қисилиб қолди. У яқинда туғилган боласини кўролмай вафот этди

0

Навоий вилоятида электрик бахтсиз ҳодиса туфайли юк машиналари орасида қисилиб қолди. Бу ҳақда ЙҲХББга асосланиб daryo.uz хабар берди.

Ҳодиса 1 май куни соат 14:45 ларда Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Марказий гидрология қидирув партиясининг назорат йўлида рўй берди. Электр токи учун ўтказгич ўрнатаётган ишчилардан бири ўз бошқарувида бўлган «Урал» русумли юк машинасини узатмалар қутиси қўшилган ҳолатда ўт олдириши натижасида автомашина ҳаракатланиб кетган. Оқибатда автомашинанинг олд қисмидан ўтаётган 28 ёшли электрик «Зил» русумли махсус автокўтаргич орасида қисилиб қолган ва воқеа жойида вафот этган.

Маълум бўлишича, 28 ёшли йигит яқинда фарзандли бўлган ва у боласини кўра олмай ҳаётдан кўз юмган.

«Урал» юк машинаси ҳайдовчиси ҳамкасбининг ўлимидан афсусдалигини билдирди.

«Машина ‘скорост’да эди, силтаниб-силтаниб бориб урилди. Билиб қилганимиз йўқ, қасддан қилмадик. Эътиборлироқ бўлиш керак эди. Машина катта, овози баланд, ҳеч бўлмаса, қочишга улгуриши керак эди», — дейди ҳайдовчи.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИО ФМБ ТБ томонидан ЖК 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here