Иблис билан учрашув

0

Момом оламдан ўтгач, юрагим негадир бўшаб қолгандай туйилди. Айни дамда, гўё бутун борлиғимни йўқотгандай ҳис қиляпман ўзимни. Унинг мен учун қанчалар қадрлилигини эндигина англагандай бўляпман. Тириклигида момомни яхши кўрмасам керак, деб ўйлардим. У ҳамиша нимадандир норози юрар, бу инжиқ табиати эса мени ҳолдан тойдирарди. Яратганнинг ўзи кечирсин-у, баъзан момомдан жуда-жуда безиб қолардим. Ҳозир эса бундай ўйлаганимдан ниҳоятда афсусдаман. Соғинч ҳисси куйдираётган юрагим мени момомнинг хонаси томон бошлади. Райҳон ифори уфуриб турган хонада у қайта жонлангандай бўлди. Ичкари саранжом-саришта, тоза-озода. Сукунат ҳукмрон бўлган бу тўрт девор гўё мени сиқаётгандай, момом йўқлигини такрор ва такрор айтаётгандай эди. Кўзларимга тирқираб ёш келди. Момомнинг нарсаларини бирма-бир кўздан кечирдим. Деворларда унинг ғамгин нигоҳи кўрингандай бўлди. Курсига чўкдим. Бошимни чангаллаб тургандим, ногаҳон доим қулф турадиган жавоннинг очиқлигига кўзим тушди. Жавон томонга бир қадам қўйишим билан деразадан ёпирилиб кирган шамол унинг эшигини ланг очиб юборди. Токчада турган суратдаги йигитнинг ўткир нигоҳи билан нигоҳим тўқнашди. У гўё тирикдай қараб турарди. Келишган йигитнинг нигоҳидан такаббурлиги яққол сезилади. Ким бўлди бу? Нега унинг суратини илгари кўрмаганман? Нега момом бу жавонни доим қулфлаб юрган? Суратни қўлимга олдим. Нотаниш йигитнинг юзида ёвуз табассум жилвалангандай, лаблар орасидан бўри тишлар кўрингандай бўлди. Қўрққанимдан суратни момомнинг тўшаги устига отиб юбордим. Хонадан чиқиб кетишга шайландим, бироқ жавоннинг юқори токчасидаги фотоальбом эътиборимни тортди. Суратга тушишни ёмон кўрадиган аёл шунча суратни нега йиққан экан-а? Альбомнинг юзини чанг босганига қараганда, у анчадан буён очилмаганлиги сезиларди. Альбомни қўлимга олдим-у, секин биринчи варағини очдим. Сочлари қалин гўзал қизнинг сурати эътиборимни тортди. Пайваста қошлар, нақш олмадай лўппи юз, ғунчамисол лаблар, нозик бармоқлар, адл қадду қоматга узоқ тикилиб, фақат жиддий кўзларнигина танидим. Бу момом эди. У ёшлигида нақадар чиройли қиз бўлган экан, деб ўйладим ва шундагина вақт қанчалар шафқатсизлигини фаҳмладим. Букилган қомат, териси буришган дағал бармоқлар, ажин босган юз, тўкилган қошлару қордай оқарган сочлар — муштипаргина кампир қиёфаси кўз ўнгимга келиб кетди ва унинг нега суратга тушишни ёмон кўришини фаҳмладим. Кейинги суратларда момом мен қарашларидан қўрққан ўша йигит билан бирга расмга тушган экан. Баъзи расмларда у ҳомиладор. Баъзисида отамни кўтариб турибди. Йилдан йилга момом ҳамроҳининг олдида ташқи кўриниш жиҳатидан улғайиб бораверган. Аввалги суратларда улар гўё узукка кўз қўйгандай мос бўлсалар, кейингиларида момом анча ўзини олдирганлиги сезилади. Жиддий нигоҳларда энди маъюслик акс этганини сезиш қийин эмас, илгари момомнинг кўзларидаги мунг мени ҳозиргичалик ўйлантирмаганди. Нега у бунчалар ғамгин? Унинг юрагини қандай дард кемирган экан? Дарё бўйида суратга тушган олти ёшли болакайнинг ортида бир аёл ва эркак ёнма-ён туришибди. Бола билан ўхшашлик томонларимизни ҳисобга олганда бу — менинг дадам, ундан кўз узмай турган аёл момом, демак, ўткир қарашли такаббур йигит бобом бўлса керак, деб ўйладим. Мана шу одам бобом бўлса, у ҳолда нега менга момом у ҳақда сўзлаб бермаган экан? Ўйлаб қарасам, момомдан ота-онам ҳақида сўрарканман-у, лекин бобом ҳақида суриштирмабман ҳам. Бу ерда қандайдир сир яширингани аниқ. Мен бу тилсимнинг тагига, албатта, етаман. Ота-онамнинг автофалокатга учраб, вафот этишганига етти йилдан ошди. Ёруғ оламда момомдан бўлак яқиним йўқ эди. Бобом ҳақида кимдан сўраб билдим энди? Ўйлаб-ўйлаб момом билан суҳбатлашгани тез-тез кириб турадиган Турдихол момо менга ёрдам беришига кўзим етди. Мен фурсатни ғанимат билиб, унинг уйига қараб югурдим.

— Кел, болам, ўзимнинг шўрпешонагинам-а, — у шундай дея кўзига ёш олди-ю, мени бағрига босди.

Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, Турдихол момога суратни кўрсатдим. Унинг қиёфаси ўзгарди, ҳатто қўрқиб кетгандай туйилди.

— Момо, моможон, сизга нима бўлди? Айтинг, ким бу? Нега жимиб қолдингиз? — сўрадим илтижоли оҳангда.

У ортиқ жим туролмади.

— Кимлигини сўраб нима қиласан? Юзини тескари қилсин унинг? Билмаганинг маъқул.

— Моможон, бу бобом, шундайми? Нега бунча қўрқасиз? У ким бўлган?

— Ким бўларди, шайтонга юрагини сотган одам-да, расмини йўқот, кўзим кўрмасин. Момонгнинг қонини сўриб келган бу иблис. Шу шайтоннинг малайини деб момонг бечора бу ёруғ дунёдан кун кўрмай ўтди. Мана шу йиртқичнинг касофатига ота-онанг ёш ўлиб кетди. У жонини олган қиз-йигитларнинг хуни урди, болам.

Узоқ йиллар дугонаси билан ёнма-ён яшаган кампир момомнинг азобларини ўз кўзи билан кўрган, унинг уқубатларини ўзиникидай қабул қилган. Шу сабаб у сўзлаётганида кўз ёшларини тиёлмади. Ҳикоядан момом бобомга отасининг қаршилигига қарамай, турмушга чиққанини билиб олдим. Бироқ кўп ўтмай унинг ҳамма каби оддий одам эмаслигини фаҳмлаган. Бахтим деб ишониб, оила қургани момомни қийнар, калтаклар, таҳқирлар, руҳан эзаркан. Шунинг учун бечора овозини чиқармай, аччиқ қисматига кўнишга мажбур бўлган. Нима бўлган тақдирда ҳам, ўзи пиширган ош, айланиб-ўргилиб ўзи ичишга мажбур. Ота уйига қайтиб борганида, уни қабул қилишмасди, барибир. Йиллар ўтавергани сайин момом сочларига оқ оралаётгани-ю, юзига ажин тушиб, қариётганини фаҳмлаган. Бироқ бобомнинг бир туки ҳам ўзгармаган. Ўшандай ёш, келишган, хушрўй, хушбичим, бўйдору барваста йигитлигича қолаверган. Момом бунинг сирини англагани ожиз экан.

Бобом ой тўлган куни тун ярмида ғойиб бўлар ва тонг отгандагина пайдо бўларкан. Момом унинг уйимиз ортидаги қабристон атрофида айланиб юрганини кўрган. Бир куни ортидан яширинча пойлаб борса, у ярим тунда ойга қараб уч марта увиллабди-да, бирдан ҳайвонга ўхшаб тўрт оёқлаб туриб олибди, сўнг бир-икки ғингшиб, баҳайбат бўрига айланибди. Бу ҳолни кўрган момомнинг юраги орқага тортиб кетибди. Йиртқичнинг кўчада кетаётган ёш йигитга ҳужум қилганини кўрганда эсдан оғиб қолай, дебди. Қўрқиб кетган момом йўловчига ёрдам беришга ожиз эди. Шундагина шаҳарда йиртқич бўри ҳақида тарқалган миш-мишларни эслабди. Демак, ёш-йигит қизларни ғажиб, уларнинг танасини қабристонга ташлаб кетаётган ўша номаълум ҳайвон шу чоққача у билан бир уйда яшар экан-да. Момом уйга қайтиб, қочиб кетишга қарор қилади. Бироқ қаерга? Руҳига иблис ўрнашган бу йиртқич уларни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб олади, ким билади, балки, бурда-бурда қилиб ташлар. Лекин у билан ортиқ яшолмаслиги ҳам аниқ эди. Ўйлай-ўйлай охири йиртқични ўлдиришга қарор қилибди. Акс ҳолда бўрилар одатига кўра, йиртқич унинг ўзини қариётгани учун ўлдириши аниқ эди. «Бир бошга бир ўлим! Мен олишаман!» Бу момомнинг азму қарори эди. Ой тўлган кеча навбатдаги ўлжасига ҳужум қилган пайтда унинг ортидан пойлаб борган момом катта ўткир пичоқни йиртқичнинг орқасига санчади.

Бўрини ўлдирган момомни тонгда чалажон аҳволда топишади. Унинг юзини таниб бўлмас экан. Бироқ у эрининг танасини иблисдан халос қилибди. Ўлаётганда бобом ундан барча азоблари учун кечирим сўраган экан.

Ўтмишга тегишли аччиқ ҳикояни тинглаб бўлгач, бобомнинг қабрига йўл олдим. Мени қайтаришга уринган Турдихол момонинг барча уринишлари бесамар кетди. Қабр қаровсиз аҳволда эди. Унинг атрофини тиканаклардан тозалаб, энди юзимга фотиҳа тортиб, ўрнимдан турмоқчи бўлгандим, бирдан оёғим ерга кириб кетаётганини фаҳмладим. Оёғимни ҳар қанча бўшатишга уринмай, ер мени ўз қаърига тортиб бораётгандай туйиларди. Бақираман, десам овозим чиқмайди. Ортимдан совуқ қўл текканини ҳис қилдим. Ўгирилиб қарашга ўзимда куч топсам, қаршимда тишлари узун, баҳайбат, даҳшатли бир мавжудот турарди.

— Келишингни билардим. Шу чоққача ортингдан бормаганимга сабаб сенинг ҳимоячинг, момонг тирик эди. Бир марта бизнинг қонимизга бўялган қўл ҳар ишга қодир. Ожиз кўрингани билан, аслида, кучли бўлади улар. Энди ҳеч қандай хавф йўқ. Қўрқма, сенга зиён етказмайман. Чунки менга кераксан. Ҳали мавриди ҳам келгани йўқ. Вақт-соати етганда сени йўқлаб бораман, шуни унутма! Ҳа! Ҳа! Ҳа! — унинг бўғиқ товушидан ер ларзага келаётгандай эди.

Хунук овоздан этим жимирлаб, юрагим ёрилишига оз қолди. У ортига ўгирилиб, кетар чоғ шундай деди:

— Дарвоқе, бир гапни айтишни унутибман. Мен — иблисман!

У ғойиб бўлди. Мен эса жойимда қотиб қолдим. Ҳар сафар ой тўлган кечада иблиснинг пайдо бўлишидан қўрқаман. Мавриди келса, мен кимга айланишим мумкинлигини тасаввур қиляпман…

Обиднинг ҳикоясини

БОНУ оққа кўчирди.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here