Фаластин АҚШ ва Исроил билан тузилган барча келишувлардан чиқади

0

Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Исроил ҳукумати Фаластин ерларини ўзига қўшиб олиш ниятида эканлиги боис Исроил ва АҚШ билан тузилган барча келишувлардан чиқишга қарор қилди.

«Фаластинни озод қилиш ташкилоти ва Фаластин давлати бугундан бошлаб АҚШ ва Исроил ҳукуматлари билан тузилган барча келишувлар бўйича, жумладан хавфсизлик билан боғлиқ барча мажбуриятларини ўзидан соқит қилади», — деди Аббос.

Фаластин раҳбари, шунингдек, Исроилни «Фаластин ҳудудларини босиб олган босқинчи куч» сифатида халқаро ҳамжамият олдидаги барча мажбуриятларини зиммасига олишга чақирди.

Аббос Фаластин халқаро ташкилотлар ва институтлар таркибига қўшилиш вақти келганини таъкидлади.

«Биз яна бир бор ўзимизнинг халқаро ҳуқуқ, араб, ислом ва минтақавий келишларга содиқ қолишимизни эълон қиламиз. Биз, шунингдек, яна бир бор халқаро терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш тарафдори эканимизни эълон қиламиз», — дея қўшимча қилди у.

Аббоснинг баёнотига кўра, Фаластин учинчи томон воситачилиги билан Фаластин-Исроил можароси бўйича музокараларга қайтишга тайёр.

Gazeta.uz

loading...